Жаҳон | 22:57 / 25.09.2024
3322
2 дақиқада ўқилади

NASA Юпитерга энг катта космик кемани учиришга тайёрланмоқда

Europa Clipper аппаратининг 2030 йил апрел ойида Юпитер орбитасига чиқиши режалаштирилган.

Фото: NASA

NASA Юпитернинг йўлдоши Европани тадқиқ қилиш бўйича биринчи миссиясини бошлашга тайёрланмоқда. 10 октябр куни агентлик унга Europa Clipper аппаратини жўнатади. Уни орбитага SpaceX компаниясининг Falcon Heavy ракетаси ёрдамида олиб чиқиш режалаштирилган.

Ушбу йирик лойиҳа 2015 йилда бошланиб, 2034 йилда тугайдиган деярли йигирма йилни ўз ичига олади. Умумий қиймати 5,2 миллиард долларни ташкил қилади.

Европа Юпитернинг 95 та табиий йўлдоши ичида энг катталаридан биридир. Планетологлар фикрига кўра, унинг музли қобиғи остида шўр океан яширинган. Ушбу миссия доирасида унда ҳаётни таъминлаш учун зарур бўлган органик бирикмалар ва энергия манбалари мавжудлигини аниқлаш режалаштирилмоқда.

Clipper зонди NASA тарихидаги энг катта космик кемадир. Унинг узунлиги тахминан 30 метрга ва эни 18 метрга етади. Катта ўлчами туфайли баъзи экспертлар унинг қарийб 3 миллиард километр масофани босиб ўтиш қобилиятига шубҳа билдирмоқда.

Аммо NASA хотиржам: қурилма бутун сафар давомида уни энергия билан таъминлай оладиган катта қуёш панелларига эга.

Европа сари саёҳат тахминан 5,5 йил давом этади. Агар ҳаммаси режадагидек бўлса, зонд 2030 йил апрел ойида Юпитер орбитасига чиқиш учун двигателларини ишга туширади. Кейин у сайёрани максимал баландликда 50 марта айланиб ўтади.

Ушбу миссия давомида у газ гиганти атроф-муҳитини батафсил ўлчайди. Бундан ташқари, Юпитер Ерникидан 20 минг марта кучлироқ магнит майдон билан ўралганлиги маълум. У космик кемага зарар етказиши ёки ҳатто уни ўчиришга қодир. Clipper нозик электроника учун махсус радиация ҳимоясига эга, аммо бу реал шароитларда етарли бўладими ёки йўқми, номаълум. Хавфни камайтириш учун NASA зондни энг хавфли ҳудудлардан қочишга ўргатган.

Мавзуга оид