Uzbekistan Airways авиакомпанияси Airbus самолётлари паркини кенгайтиради
2026 йилда авиакомпания янги Airbus A321 NEO ҳаво кемаларини лизингга олади.

Фото: Роман Валиев
Uzbekistan Airways авиакомпанияси етакчи авиализинг компанияларидан бири бўлган SMBC Aviation Capital билан иккита Airbus A321 NEO ҳаво кемасини етказиб бериш бўйича лизинг шартномасини имзолади. Самолётлар 2026 йилда етказиб берилади.
Қайд қилинишича, Airbus A321 NEO авиалайнери Uzbekistan Airways учун янги турдаги ҳаво кемаси бўлиб, авиакомпанияга Европа ва Жануби-Шарқий Осиё йўналишларини кенгайтириш имконини беради.
«Uzbekistan Airways авиакомпанияси Марказий Осиё минтақасида авиаташувлар бўйича етакчи бўлишни ўз олдига катта мақсад қилиб қўйган. Йўналишлар тармоғини доимий равишда кенгайтириш, парвозлар сонини кўпайтириш ва уларни янги Airbus А320/А321 NEO оиласига мансуб ҳаво кемаларида самарали амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу турдаги ҳаво кемалар қулай парвоз ва ёқимли саёҳат учун зарур шароитларни таъминлайди. Биз, шубҳасиз, SMBC Aviation Capital'дан янги ҳаво кемани олиш орқали бу мақсадларнинг барчасига эришамиз», деди Uzbekistan Airways бошқаруви раиси Шуҳрат Худойқулов.
«Биз Uzbekistan Airways авиакомпаниясини SMBC Aviation Capital янги мижози сифатида қутлашдан мамнунмиз ва узоқ муддатли ҳамда муваффақиятли ҳамкорликка умид қиламиз. А321 NEO ҳаво кемаларнинг янги технологик ва тежамкор моделлари Uzbekistan Airways авиакомпаниясига Жануби-Шарқий Осиё ва Европадаги йўналишлар тармоғини кенгайтиришга ёрдам беради», деди SMBC Aviation Capital авиация маркетинги бўлими раҳбари Конор Стаффорд.
Қароргоҳи Ирландиянинг Дублин шаҳрида жойлашган SMBC Aviation Capital самолётларни лизингга берувчи энг йирик компаниялардан биридир.
Мавзуга оид

15:07 / 17.12.2024
Kun.uz огоҳлантирган “автолизингчилар” қамоққа олинди

18:20 / 16.12.2024
Damasʼдан Kia Sonetʼгача: “Halol Avtolizing”чилар юзлаб одамни алдагани маълум бўлди

13:28 / 10.12.2024
Uzbekistan Airways талабалар учун чипталарга чегирма эълон қилди

23:39 / 30.11.2024