Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари 1970-1980 йилларда авжига чиқади. Ўзаро рақобатда шоҳона ҳаёт ва катта пуллар ваъда қилган Америка хавфсизлик хизмати кўпроқ ютиб чиқади.

Натижада, улар КГБ ҳамда ташқи разведка хизмати ва элчихона ходимларини, юқори унвонли ҳарбийларни, турли соҳаларда фаолият кўрсатган олимларни ўз томонларига оғдиришга муваффақ бўлади.

Ўша пайтларда жуда катта ваколатга эга бўлган, раиси Юрий Андропов мамлакат раҳбари Брежневга ҳам таъсир кўрсата олган КГБ ҳам қараб турмаган. Имконияти бўлиши биланоқ америкалик ёки европаликларни ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлган.

ФҚБ агенти Ричард Миллер ва 1970-йилларда СССРдан Америкага кўчиб кетган эр-хотин Огородниковлар КГБ ўз томонига оғдириб, ҳамкорлик қилган шахслардан бўлган.

Огородников ким бўлган?

Николай Огородников туғилганида фамилияси бошқа бўлган. Унинг отаси қизил армия зобити бўлиб, Сталин қатағонлари бошланганда илк жазоланганлардан эди.

Уруш бошланганда 11 ёшли Николай Волфсон Киевдаги уйидан фронтга қочиб кетади ва жанговар бўлинмага бориб қўшилади. Болага жангчиларнинг меҳри тушиб қолади. Шу сабабли уни фронт ортига жўнатишмайди ва ўзлари билан олиб қолиб, «Полк ўғли» деб ном беради.

Жангларнинг бирида немислар Николай хизмат қилаётган полкни қуршовга олади. Миллати яҳудий бўлган болани асирлик, немислар концлагери ва балки ўлим кутаётганди.

Бироқ бахтли тасодиф туфайли немислар Николайнинг яҳудийлигини сезишмайди. Бошқалар ҳам уни сотмайди ва бола омон қолади. Кейинчалик Николай ўзини хатна қилдирмаган отасидан миннатдор бўлганини айтади. Чунки уни шу нарса муқаррар ўлимдан асраб қолганди.

1945 йилда у уйга қайтади. Уруш пайтида Николайнинг энг яқин қариндошлари вафот этганди. Ҳарбий комиссариат асирга тушишдан олдин у медал билан тақдирланганини айтади ва болага Суворов мактабида ўқишни давом эттиришни таклиф қилади.

Аммо Николай отасининг изидан бориб ҳарбий бўла олмайди. У ҳатто мактабнинг юқори синфларида ҳам ўқимайди ва умрининг охиригача тўртинчи синф маълумоти билан қолади.

Кўп ўтмай Николай ўғрилар тўдасига қўшилади ва тез орада қўлга тушиб қамалиб кетади. Қамоқдан чиққач яна ўғирликни давом эттиради ва қўлга тушиб, иккинчи марта қамалади.

Умуман олганда, Николай Волфсон жами 14 йилни ўғирлик ва талончилик учун қамоқхона лагерида ўтказади. Охирги марта қамалганда у идеал ўғри бўлишдан воз кечади ва қамоқхона маъмурияти билан ҳамкорлик қила бошлади.