Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чўлпон-Отада Ўзбекистон-Қирғизистон “ақл марказлари” экспертлари кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ижобий динамикага алоҳида тўхталган. Унинг айтишича, Қорасувдаги ўтказиш пунктининг очилиши Ўшдан Жалолобод вилоятига Қирғизистон ҳудудидан ўтувчи 120 км йўналишни Ўзбекистон ҳудудидан транзит ўтиш ҳисобига 19 кмгача қисқартириши мумкин.
24 сентябрь куни Чўлпон-Ота шаҳрида Ўзбекистон-Қирғизистон экспертлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳамда Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий стратегик ташаббуслар институти вакиллари, Озарбойжон халқаро муносабатларни таҳлил қилиш маркази мутахассислари ҳам қатнашди.
Маълум қилинишича, экспертлар кенгашининг биринчи йиғилишининг асосий кун тартиби Президент Садир Жапаровнинг яқинда Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи якунларини муҳокама қилиш, шунингдек, яқин келажакда экспертлар ўзаро ҳамкорлигининг янги йўналишларини излаш каби масалалардан иборат бўлди.
СМТИ директори Элдор Арипов икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ижобий динамикага алоҳида тўхталган.

“Давлат раҳбарлари ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини икки баравар ошириш мақсадида 2024-2030 йилларга мўлжалланган, пойтахтларда савдо уйларини ташкил этиш, шунингдек, экспорт-импорт контрактлари портфелларини шакллантиришни назарда тутувчи чора-тадбирлар режасини қабул қилишди. Шу билан бирга, СМТИ вакили бугунги кунда икки мамлакат фуқаролари ўзаро ҳамкорликнинг интенсив ва прогрессив характерини ҳис қилиб, ундан реал фойда олмоқда”, — деган Арипов.
Жумладан, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида яна иккита – Наманган ва Жалолобод вилоятларини боғловчи “Учқўрғон-Кенсай” чегара божхона постлари (кунига ўртача 10 минг киши, 500 дан ортиқ юк ва 300 дан ортиқ енгил автомобиллар ҳаракатланиши мумкин), шунингдек, 2010 йилдан бери ёпилган Андижон ва Ўш вилоятларини боғлайдиган “Қорасув-Корасуу” (кунига ўртача 12 минг киши ҳаракатланиши мумкин) божхона пости очилди.
СМТИ директорининг сўзларига кўра, Қорасувдаги ўтказиш пунктининг очилиши қирғизистонликлар учун катта қулайлик яратмоқда. Мисол учун, агар илгари Ўшдан Жалолобод вилоятига Қирғизистон ҳудудидан ўтувчи йўналиш 120 км бўлган бўлса, эндиликда Ўзбекистон ҳудудидан транзит ўтиш ҳисобига атиги 19 кмгача қисқартирилиши мумкин.
Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Миллий стратегик ташаббуслар институти директори Санжар Муканбетов эса Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари ҳозирда мисли кўрилмаган чўққида эканини, ўрнатилган иттифоқ, давлат раҳбарларининг самимий ва ишончли муносабатлари туфайли эришилган ютуқларни асраб-авайлаш ва янада ошириш ниҳоятда муҳимлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон-Қирғизистон Экспертлар кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги Меморандум жорий йилнинг 30 июлида имзоланган. Кенгашнинг ташкил этилиши 18-19 июль кунлари бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Қирғизистон саммити якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш экспертлар томонидан амалий қўллаб-қувватланишининг муҳим механизмига айланди.
Мавзуга оид
17:22 / 20.07.2024
“Бундай масалалар билан шуғулланадиган ақл марказлари бўлиши керак” — Абдураҳмон Ташанов оиладаги зўравонликлар ҳақида
18:30 / 03.08.2023
Ўзбекистонга ақл марказлари керак. Улар нега кам?
08:08 / 26.04.2021
Ўзбекистондаги консерватизм, «суриш керак» тренди ва ақл марказларига эҳтиёж — Фируз Аллаев билан суҳбат
11:00 / 04.09.2018