Жамият | 22:21 / 03.10.2024
6554
1 дақиқада ўқилади

Жиззахда Сурхондарё вилоятига тегишли машиналар иштирокидаги ЙТҲда ҳайдовчи ҳалок бўлди

Сурхондарё вилоятида яшовчи ҳайдовчи бошқарувидаги Cobalt бошқа бир сурхондарёлик ҳайдовчи бошқарувида бўлган юк машинасига урилган.

Фото: Видеодан кадр

Жиззах вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида ҳайдовчи ҳалок бўлган. Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2024 йил 2 октябр куни рўй берган.

М-39 автомобил йўлининг Ғаллаорол тумани ҳудудидан ўтган қисмида Cobalt машинаси ўзидан олдинда кетаётган юк машинасининг ортидан бориб урилган.

Оқибатда Cobalt ҳайдовчиси 23 ёшли йигит оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида ҳалок бўлган. Машинада бўлган уч нафар йўловчи оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲга Cobalt ҳайдовчисининг ухлаб қолгани сабаб бўлган. Юк машинаси ҳам Сурхондарё вилоятига тегишли бўлган ва унинг бошқарувида 30 ёшли йигит бўлган.

Қайд этилишича, Cobalt ҳайдовчиси яшайдиган Термиздаги маҳаллада вилоят ИИБ ЙҲХБ мутасаддилари иштирокида йиғилиш ўтказилган. Йиғилишда иштирок этганларга йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик аянчли оқибатларга олиб келиши уқтирилган.

Мавзуга оид