Ўзбекистон | 07:40 / 08.10.2024
4335
3 дақиқада ўқилади

Ярим йилда фарзандликка олиш бўйича қанча ариза қаноатлантирилгани айтилди

2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида судларда болани оилага фарзандликка олиш билан боғлиқ 2701 та иш кўрилган, ундан 2543 та даъво аризаси қаноатлантирилган.

Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов Ўзбекистонда болани фарзандликка олишни ҳал қилиш бўйича бажариладиган ишлар ҳақида маълумот берди.

Унинг тушунтиришича, Ўзбекистонда фарзандликка олишни ҳал қилиш ваколати судларга берилган. Бу боғлиқ ишларни кўришда Фуқаролик процессуал кодекси ва Олий суднинг Пленуми қарорларига таянилади. 

Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни фарзандликка олувчи, васийлик ва ҳомийлик органларининг вакиллари, шунингдек, прокурор иштирок этган ҳолда кўриб чиқади. Зарур ҳолларда, суд фарзандликка олинаётган боланинг ота-онасини, унинг қариндошлари ва бошқа манфаатдор шахсларни, шунингдек ўн ёшга тўлган боланинг ўзини ишда иштирок этишга жалб қилиши мумкин. Мазкур тоифадаги ишлар, шу жумладан, фарзандликка олишни бекор қилиш ва ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ишлар ҳам ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан болани оилага фарзандликка олиш билан боғлиқ 2701 та иш кўрилган. Ундан 2543 та даъво аризаси қаноатлантирилган. Мазкур даъво аризаларига мувофиқ асраб олинган болаларнинг умумий сони мавжуд эмас. 2023 йил мобайнида эса шу тоифадаги 5359 та иш кўрилиб, тамомланган. Шундан 5011 та даъво ариза қаноатлантирилган.

Қуйидаги шахслар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин эмас:

ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;
қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;
асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар;
фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ ўн беш ёшдан кам бўлса (ўгай ота ва ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳоллари бундан мустасно).

Шунингдек, ё чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган болани қандай қилиб фарзандликка олиш мумкинлиги ҳақида маълумот берилди.

Бундай ишни кўриб чиқишда суд нафақат аризачи фуқароси ҳисобланган давлатнинг қонунчилиги, балки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги талабларидан ҳам келиб чиқади.

Судга фарзандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш ва фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги даъво билан фарзандликка олинганнинг ота-онаси, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органлари, болалар масалалари бўйича комиссиялар, шунингдек ўн олти ёшга тўлган фарзандликка олинган бола мурожаат қилишлари мумкин.

Мавзуга оид