Жаҳон | 15:42 / 09.10.2024
10489
3 дақиқада ўқилади

Франция Усома бин Лодиннинг ўғлини мамлакатдан депортация қилди

Ҳукумат Умар бин Лодинни терроризмни тарғиб қилишда айблади.

Фото: AP

Франция ички ишлар вазири Брюно Ретайо Нормандиядаги кичик қишлоқда истиқомат қилаётган Умар бин Лодин мамлакатдан чиқариб юборилгани ҳақида эълон қилди.

ИИВ раҳбари маълум қилишича, Усома бин Лодиннинг ўғли Умар 2023 йилда ижтимоий тармоқларда терроризмни тарғиб қилувчи изоҳлар жойлаган. Бунинг оқибатида префектура раҳбарияти “Францияни тарк этиш мажбурияти”ни чиқарди, ИИВ бу қарорни тасдиқлади.

Бундан ташқари Умар бин Лодиннинг “ҳеч бир сабаб билан” Францияга қайтиб кира олмаслигини кафолатловчи маъмурий тақиқ ҳам имзолангани айтилмоқда.

Вазир бу воқеани “миллий хавфсизликка тааллуқли қарор” деб атади, аммо Умар бин Лодин қачон ва қаерга депортация қилинганини аниқ айтмади.

Le Parisien газетасига кўра, Умар бин Лодин ҳозир Қатарда, у ердан туриб депортация тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилган, бироқ Франция суди уни рад этган.

Бин Лодин айбловларни рад этмоқда

Маҳаллий Le Publicateur Libre газетаси маълумотларига кўра, шов-шувли твит бин Лодин томонидан 2023 йил 2 май куни, отасининг туғилган кунида эълон қилинган.

Умар эса унинг аккаунтини бузиб киришганини таъкидламоқда.

“Бошқа мамлакатдан бўлган шахс менинг Twitter аккаунтимга кириш паролини қўлга киритиб, номимдан твит жойлаштирган. Бу сўзлар меники эмас. Воқеа ҳақида Twitter’га хабар бердим ва тахминан бир ҳафтадан сўнг, хайриятки, аккаунт блокланди. Одамларга шуни айтишни истардимки, мен терроризм ва зўравонликни бутун қалбим билан қоралайман”, — деган у журналистларга.

Террорчининг ўғли рассомга айланди

Умар — террористик ташкилот деб тан олинган “Ал-Қоида” асосчиси ва 2001 йил 11 сентябрдаги теракт ташкилотчиси бўлган Усома бин Лодиннинг ўғли.

Умар бин Лодин 14 ёшида “Ал-Қоида” лагерларида тайёргарликдан ўтган, 2000 йилда ташкилотни тарк этган. У отасининг хатти-ҳаракатларига қўшилмаслигини билдирган.

2016 йилда у Буюк Британия фуқароси бўлган рафиқаси билан Нормандияга кўчиб ўтди. COVID-19 пандемияси пайтида кичик бин Лодин рассомлик билан шуғулланиб, ўз асарларини 800 дан 2000 еврогача сотди ва ресторан очмоқчи бўлди.

Ўтган йилнинг июл ойида Умар бин Лодиннинг уйида тинтув ўтказилиб, унинг ўзи тергов остига олинди, аммо кейинчалик иш ёпилди.

Мавзуга оид