Жаҳон | 21:36 / 19.10.2024
3051
2 дақиқада ўқилади

Британия бош вазирининг қароргоҳидан Шекспир портрети олиб ташланди

Лейбористлар ҳукумати ҳокимиятга келганидан бери Даунинг-стритдан Елизавета I, инглиз саёҳатчиси сэр Уолтер Рели, шунингдек, Буюк Британия собиқ бош вазири Маргарет Тетчернинг портретлари ҳам олиб ташланган.

Фото: Ҳукумат санъати тўплами

Британия янги бош вазири Кир Стамернинг топшириғига кўра, буюк инглиз шоири ва драматурги Уилям Шекcпир портрети Даунинг-стрит қароргоҳи залидан олиб ташланди, деб хабар беради The Telegraph.

Мазкур портрет Луис-Франсуа Рубилиак томонидан чизилган. Маълумотларга кўра, Лейбористлар ҳукумати ҳокимиятга келганидан бери Даунинг-стритдан Елизавета I, инглиз саёҳатчиси сэр Уолтер Рели, шунингдек, Буюк Британия собиқ бош вазири Маргарет Тетчернинг портретлари ҳам олиб ташланган.

«Кир Стармер ўз қароргоҳидан Уилям Шекспирнинг портретини олдириб ташлади — бу бош вазир даврида олиб қўйилган мамлакатнинг яна бир буюк арбобининг тасвиридир», — деб ёзади The Telegraph.

Консерватив партиянинг собиқ маданият вазири Оливер Дауден ҳолатга муносабат билдирди: «Бош вазир ўзининг ватанпарварлиги ҳақида бонг уриб, сайловларни ўтказди, аммо энди эса у сўлларнинг ўтмишимиздан уялиш каби таъсирига тушмоқда».

Унинг таъкидлашича, Даунинг-стрит ҳар йили минглаб ташриф буюрувчиларни қабул қилади. Бош вазир қароргоҳидан инглизларнинг энг буюк ёзувчисини дунёга танитишда фойдаланиш керак, тор фикрлашда эмас.

Даунинг-стрит интерер ўзгаришига изоҳ бермаслигини, аммо янги бош вазир ёки бошқа юқори мартабали давлат амалдорлари ўзларига тегишли хоналарни ўзгартириши кутилаётганини маълум қилди.

Шекспирнинг кўплаб песалари Елизавета I бошқаруви даврида ёзилган бўлиб, у Жон Хокинс каби қароқчилар орқали қуллар савдосига ҳомийлик қилган. Унинг портрети ҳам эндиликда Даунинг-стритда осиғлиқ эмас.

Мавзуга оид