Жаҳон | 12:39 / 21.10.2024
1117
2 дақиқада ўқилади

Руандада Марбург вирусига қарши дунёдаги илк дори синови бошланди

Синовлар доирасида олимлар иккита препаратнинг хавфсизлиги ва самарадорлигини баҳолайди. Улардан бири Марбург вирусига қарши махсус ишлаб чиқилмоқда.

Фото: Jean Bizimana/Reuters

Руанда Марбург вирусига қарши биринчи клиник синовларни бошлади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Африкадаги минтақавий бўлими хабар бермоқда.

ЖССТ маълумотларига кўра, тест синовлари халқаро ташкилот билан ҳамкорликда ўтказилади. Синовлар доирасида олимлар иккита препаратнинг хавфсизлиги ва самарадорлигини баҳолайди: булар илгари COVID-19 ни даволаш учун ишлатилган ремдесивир ва Марбург вирусига қарши ишлаб чиқилаётган MBP09 антитаначлари.

Клиник синовлар устида ишлашдан олдин икки йиллик тайёргарлик ўтказилган, унда 17 та мамлакатдан, шу жумладан, Африка ва дунёнинг бошқа минтақаларидан 200 га яқин мутахассислар иштирок этган.

ЖССТ сўнгги ҳисоботига кўра, Руандада 27 сентабрдан бери 62 кишида касаллик қайд этилган бўлиб, уларнинг 15 нафари вафот этган, қолганлар соғайиб кетган. Шу билан бирга, касалликка чалинганларнинг 80 фоиздан ортиғини мамлакат пойтахти Кигалидаги иккита шифохонанинг тиббиёт ходимлари ташкил этган.

ЖССТ вируснинг давомий тарқалиш хавфини мамлакат ичида ва минтақада “юқори”, аммо жаҳон миқёсида “паст” даражада деб баҳолаган.

Марбург вируси геморрагик иситмани келтириб чиқаради, бу касалликдан ўлим даражаси 88 фоизгача етиши мумкин. Вирус тўғридан тўғри алоқа натижасида юқади. Касаллик белгилари орасида юқори тана ҳарорати, кучли бош оғриғи ва ҳолсизлик, шунингдек ич кетиши, қорин оғриғи ва кўнгил айниши кузатилади.

Марбург вируси Эбола вируси билан бир оилага мансуб. Касаллик ўз номини 1967 йилда Германиянинг Марбург шаҳрида юз берган эпидемия туфайли олган. Ўшанда Германиянинг Франкфурт, Сербиянинг Белград шаҳрида ҳам касалланиш ҳолатлари қайд этилган.

Мавзуга оид