Шаҳарнинг кўплаб ҳудудларида электр ва сув ўчирилган. Исёнчилар ҳукумат армияси аскарларига қуролларни топширишни буюриб, бунинг учун 48 соатлик муддат белгилаган. Отишмалар чоғида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар борлиги ҳақида хабарлар келмоқда.

БМТ ва мамлакат хавфсизлик органларидаги манбаларга кўра, Гома қамалида исёнчилар билан биргаликда 3-4 минг атрофидаги руандалик ҳарбийлар ҳам иштирок этган. AFP агентлиги БМТдаги манбасига асосланиб хабар беришича, якшанба куни М23 сафларини кучайтириш учун Гома ҳудудига қўшни Руанда давлати армиясининг 1000 га яқин аскари келиб қўшилган.

Душанба куни БМТдаги икки манба хабар беришича, Конго Демократик Республикаси ва Руанда ҳарбийлари Гома шаҳри яқинидан ўтган чегара чизиғида бир-бирига қарата ўт очган, Руанда томонидан қўллаб-қувватланадиган исёнчиларнинг юриши шу ердан бошланган.

БМТнинг қочқинлар бўйича агентлиги маълумотига кўра, 2025 йил бошидан буён Руанда билан чегара яқинидаги Шимолий ва Жанубий Киву провинцияларида жами 400 000 киши ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Бу 1996 йилдан 2003 йилга қадар вақт оралиғида икки вайронкор урушни бошдан кечирган минтақадаги гуманитар вазиятни янада оғирлаштирган.

M23 — қандай гуруҳ?

«23 март ҳаракати» деб ҳам танилган M23 гуруҳи — конголез қўшинига қарши қўлига қурол олган этник тутсиларнинг исёнчи гуруҳидир.

Гуруҳ ҳозирги исённи 2022 йилда бошлаганди. Улар ўз ҳаракатларига Конго Демократик Республикасининг шарқий қисмида тутсиларнинг олдинги исёнига барҳам берган, 2009 йил 23 мартида тузилган келишувни асос қилиб келтиришади.

Гуруҳ Конго ҳукуматини тинчлик келишуви шартларини бажармаганликда ва мамлакатдаги тутсиларни армия ҳамда раҳбарлик лавозимларига интеграция қилмаганликда айблайди. У шунингдек Конгодаги тутсиларни 1994 йилги геноциддаги иштирокидан кейин (ўшанда 1 миллионга яқин тутсилар ҳамда мўътадил хутулар ўлдирилган) Руандадан қочиб ўтган хутулар томонидан асос солинган Руанда озодлиги демократик кучлари гуруҳидан ҳимоя қилишни ҳам ўз олдига мақсад қилган.

2012 йил охирида M23 маълум муддатга Гомани эгаллаб олади, аммо келишув имзолаб, шаҳарни тарк этади. 2013 йилда КДР армияси ва БМТ кучлари гуруҳни ҳарбий мағлубиятга учратади, аммо бир неча йил ўтиб у яна ўз фаолиятини бошлайди.

2025 йил бошидан исёнчилар янги ҳудудларни эгаллашга киришиб, Шимолий Киву провинцияси маркази ҳисобланган Гомага етиб келадии, бу эса минглаб кишилар ўз уйларини ташлаб кетишига олиб келади.