Ўзбекистон | 12:10 / 11.06.2024
1737
2 дақиқада ўқилади

Тергов судясига санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилади

Тергов судясига қатор жиноят материалларини кўриб чиқиш ваколати берилади.

“Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Тергов судясига қуйидаги жиноят материалларини, шу жумладан санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилади:

қуйидагилар бўйича санкциялар:

- қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;
- қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома;
- паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;
- мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;
- почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
- тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;
- телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;
- мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

қуйидагилар бўйича мажбурлов чоралари:

- айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;
- шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;
- айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;
- ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;
- прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси.

Мавзуга оид