Жаҳон | 15:50 / 22.10.2024
7056
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея КХДР аскарларини Россиядан олиб чиқиб кетишни талаб қилди

Разведка маълумотларига кўра, Шимолий Корея Украинага жойлаштирилиши мумкин бўлган бир ярим минг аскарини Россияга юборган. Жанубий Корея Россиянинг Сеулдаги элчисини чақиртириб, Шимолий Корея аскарларини Россиядан зудлик билан олиб чиқиб кетишни талаб қилди.

Фото: STR/Scanpix

Шимолий Корея аскарларининг Украинага қарши урушда иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги 21 октябр, душанба куни Россия элчисини чақиртирди. Сеул Пхеняннинг Украинага қарши урушда Россия армиясига ёрдам бериш учун Россияга минглаб аскарларини юбориш қарорини танқид қилди, деб хабар берди Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги 21 октябр, душанба куни эълон қилган баёнотда.

Ҳужжатда қайд этилишича, Жанубий Корея дипломатик идораси раҳбари ўринбосари Ким Хон Кюн Россиянинг Сеулдаги элчиси Георгий Зиновевга "яқинда Шимолий Корея аскарларининг Россияга жўнатилганидан чуқур хавотирда эканлигини билдирган ва Россия Федерациясидан Шимолий Корея ҳарбийларини зудлик билан олиб чиқиб кетилиши ва бундай ҳамкорликни тўхтатишни талаб қилган".

Ким шунингдек, Шимолий Кореянинг Украинадаги уруш учун қурол ва аскар етказиб бериши нафақат Жанубий Корея, балки жаҳон ҳамжамиятига жиддий таҳдид эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бундай ҳаракатлар БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари ва жаҳон ташкилоти низомига зиддир. Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, Шимолий Корея Россияга тайёргарликдан ўтиш учун 1500 га яқин аскарини юборган ва бу аскарлар Украинага қарши урушда қатнашиши мумкин.

Сеул Украинага разведка ходимларини юбориши мумкин

Жанубий Корея ҳукумати ва ҳарбийлари Украинага шахсий таркибни, жумладан разведка ходимлари ва Шимолий Корея тактикаси бўйича мутахассисларни «жўнатиш режасини кўриб чиқмоқда». Бу ҳақда Newsweek журнали 21 октябр куни Жанубий Корея разведкасига таяниб хабар берди. Жанубий Кореянинг NewsPim медиа компанияси ҳам эҳтимолий режалар ҳақида хабар берди.

Newsweek нашрининг аниқлик киритишича, агар Шимолий Корея аскарлари Украина қўшинлари томонидан асирга олинса, Украинадаги Жанубий Корея ходимлари сўроқ ўтказади ёки таржима қилади. Шунингдек, ходимлар Киевга Шимолий Кореянинг ҳарбий тактикаси, доктринаси ва операциялари ҳақида маълумот беради, дея қўшимча қилди нашр.

Корея Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳам 21 октябр куни бўлиб ўтган брифингда Украинага қурол-яроғ етказиб бериш чораларини кўриб чиқиши ва бу борада «очиқ позиция» сақлаб туришини маълум қилди. Шу пайтгача Сеул Киевга Россия Федерацияси билан урушда фақат гуманитар ёрдам кўрсатган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид