Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ким Чен Иннинг синглиси Сеул ва Киевни «АҚШ томонидан ўстирилган тарбиясиз итлар» деб атади
Корея Марказий телеграф агентлиги сайтида эълон қилинган хабарларга кўра, Ким Ё Чжон ўз баёнотида Жанубий Кореяни мунтазам итларга қиёслаб келади.
КХДР етакчисининг синглиси Ким Ё Чжон Жанубий Корея ва Украина «икки томчи сувдек» бир-бирига ўхшаши ва улар «АҚШ томонидан ўстирилган тарбиясиз итлар»ни ёдга солаётганини маълум қилди. Унинг нутқи Корея Марказий телеграф агентлиги томонидан эълон қилинди.
«Сеул ва Киевнинг шошқалоқ ҳаракатлари, тиланчилик қилишлари ва ядровий қуролга эга давлатлар ҳақида қайтариб бўлмайдиган бемаъни гапларни айтишга журъат этиш борасидаги хатти-ҳаракатлари уларнинг икки томчи сувдек ўхшаш эканини кўрсатмоқда. Буни АҚШ томонидан ўстирилган тарбиясиз итларга хос бўлган умумий хусусиятлар деб аташ мумкин», — дейди Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси бўлим мудири ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Ким Ё Чжон.
Ким Чен Иннинг синглиси айтишича, мамлакат ҳукумати Жанубий Корея томонидан ташвиқот варақаларини тарқатиш учун КХДРга учирилган дронларга боғлиқ ҳолат бўйича терговни давом эттирмоқда (ўз навбатида, КХДР Жанубий Кореяга чиқиндилар солинган ҳаво шарларини учиришни давом этмоқда). КХДР ҳукумати 19 октябр куни Пхенян яқинида ушбу дрон қолдиқларига дуч келган.
Шунингдек, Ким Ё Чжоннинг сўзларига кўра, 21 октябр куни Шимолий Кореянинг қатор ҳудудларида Жанубий Корея томонидан тарқатилган «катта миқдордаги» ташвиқот варақалари топилган ва улар ёқиб юборилган.
Корея Марказий телеграф агентлиги сайтида эълон қилинган хабарларга кўра, Ким Ё Чжон ўз баёнотида Жанубий Кореяни мунтазам итларга қиёслаб келади.
Жанубий Корея Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинининг биринчи куниданоқ Киевни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, Жанубий Корея ҳукумати РФга қарши санкцияларга қўшилган. Ўз навбатида КХДР Россия томонида, жумладан, унга қурол етказиб бермоқда.
Охирги кунларда КХДР ўз ҳарбийларини Украина фронтига Россия томонида жанг қилиш учун юбораётгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Yonhap агентлигига кўра, КХДРнинг бу каби ҳаракатига жавобан Жанубий Корея Украинага ўзининг ҳарбий ва разведка хизматчиларини юбориш, шунингдек, тўғридан тўғри қурол етказиб бериш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Мавзуга оид
13:32 / 14.05.2026
Кореяга ишга юборишдаги йирик схема: Kun.uz бу ҳақда уч йил олдин бонг урган эди
20:18 / 11.05.2026
Ким Чен Ин ўзи ўлдирилган тақдирда, ядровий зарба билан қасос олишни буюрди
19:26 / 06.05.2026
Жанубий Кореянинг собиқ биринчи хонимига нисбатан ҳукмни оғирлаштирган судья ўлик ҳолда топилди
16:10 / 27.04.2026