Жаҳон | 23:08 / 22.10.2024
6994
3 дақиқада ўқилади

Россия прокуратураси Telegramʼдан Путиннинг жиянига оид маълумотларни ўчириб ташлашни талаб қилди

РФ Бош прокуратураси «Ватан ҳимоячилари» жамғармасига ажратилган ўнлаб миллиард бюджет пулларининг «97 фоизи ходимлар маошига» сарфланаётгани айтилган постларни ўрганиб чиққан.

Фото: kremlin.ru

Россия Бош прокуратураси Telegram мессенжери маъмуриятидан президент Путиннинг жияни экани айтилаётган мудофаа вазири ўринбосари Анна Цивилёва ҳақидаги постларни ўчириб ташлашни талаб қилди.

Қайд этилишича, идора «Ватан ҳимоячилари» жамғармасига ажратилган ўнлаб миллиард бюджет пулларининг «97 фоизи ходимлар маошига» сарфланаётгани айтилган постларни ўрганиб чиққан. Бош прокуратура ушбу хабарларда «ижтимоий аҳамиятга эга ишончсиз маълумотлар» келтирилгани сабаб уларни ўчиришни талаб қилган.

Бундан ташқари, идора платформадан олтита Telegram-канални ўчиришни сўраган — уларнинг учтаси Украинага боғлиқ. Булар «УНИАН» ахборот агентлиги, журналист Юрит Бутусов ҳамда ИИВ раҳбари маслаҳатчиси Антон Герашенкога тегишли каналлардир. Шунингдек, рўйхатдан беларус мухолифат канали Nexta, Рамзан Қодировга қарши фикрлар ёзиладиган 1ADAT ва исроиллик ҳарбий таҳлилчи Игал Левиннинг каналлари ҳам ўрин олган. Мазкур ресурслардаги постлар Россия Бош прокуратурасида қандай эътирозларни келтириб чиқарганига аниқлик киритилмаган. Ўз навбатида Telegram идорага маъқул бўлмаган контентни ўчиришдан бош тортган ва бунинг эвазига 4 миллион рубль миқдорида жаримага тортилган.

Анна Цивилёва Россия президенти Владимир Путиннинг амакиваччасининг қизи. Амакиси ҳокимиятга келгунга қадар у Ивановадаги психиатрия шифохонасида шифокор бўлиб ишлаган, кейин эса Москвага кўчиб ўтиб, тиббиёт қурилмаларини етказиб бериш билан шуғулланишни бошлаган. 2007 йилда Россия президентининг қариндоши хусусий бизнес билан шуғулланишга уриниб, муваффақиятсизликка учраган собиқ денгиз офицери Сергей Цивилёвга турмушга чиққан. Шунга қарамай, 2012 йилда эр-хотин Ёқутистондаги «Колмар» кўмир компаниясини сотиб олган — ўша вақтда унинг қиймати 400 миллион долларни ташкил этган.

2018 йилда Цивилёв барча бизнесини рафиқаси номига ўтказиб, Кемерова области губернатори ўринбосари лавозимига тайинланган, 60 кишининг ўлимига сабабчи бўлган савдо марказидаги ёнғиндан кейин эса област раҳбарига айланган. Ўтган йиллар давомида «Колмар» компанияси турли усулларда давлатдан 11 миллиард рублдан ортиқ маблағ олган. Путиннинг бешинчи президентлик муддати бошланганидан кейин Цивилёв мамлакат энергетика вазирига, унинг рафиқаси эса мудофаа вазири ўринбосарига айланди.

Шунингдек, Цивилёва Путиннинг топшириғига кўра 2023 йил февралда ташкил этилган «Ватан ҳимоячилари» жамғармасини бошқаради. Украинага қарши уруш иштирокчилари ҳамда уларнинг оила аъзоларига кўмаклашиш ташкилот вазифалари қаторидан ўрин олган.

Мавзуга оид