Жаҳон | 20:45 / 28.10.2024
2769
7 дақиқада ўқилади

Гуржистонда ҳукмрон партия яна ғалаба қозонди: АҚШ сайлов натижаларини текширишга чақирди

26 октябр куни Гуржистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Дастлабки натижаларга кўра, ҳукмрон «Гуржистон орзуси» етакчилик қилмоқда. Президент Зурабишвили ҳамда мухолифат натижаларни тан олмади. АҚШ Давлат департаменти эса халқаро кузатувчилар хулосаларини текширишга чақирди.

Гуржистондаги бу галги сайловлар аввалгиларидан фарқ қилади. Сабаби — давлат ривожланишда қайси йўлни танлаши шу сиёсий тадбирнинг натижаларига боғлиқ эди. Сайловолди кампанияси кескин ҳамда жамиятнинг икки қутбга бўлиниши фонида ўтди. Овоз бериш давлат тарихида илк бор тўлиқ пропорционал шаклда бўлди.

Сайлов якунларига кўра 5 та партия, жумладан, ҳукмрон «Гуржистон орзуси», «Гуржистонни қутқариш учун бирлик», «Ўзгаришлар учун коалиция», «Кучли Гуржистон» ҳамда «Гуржистон учун» партиялари парламентда ўринларга эга бўлди.

Таъкидлаш жоизки, ҳукмрон партия биринчи марта 2012 йилги сайловларда ғалаба қозонган. Партия 4 марта сайловда қатнашяпти ва аввалги ҳукмрон партиялардан фарқли равишда 4 марта ҳам ғалаба қозонди. Бундан аввалги ҳукмрон партиялар эса кўпи билан 2 марта кўпчилик овозга эга бўла олган.

«Гуржистонни қутқариш учун бирлик партияси» эса собиқ президент Михаил Саакашвили тузган номдор мухолиф партия «Миллий ҳаракат», «Агмашенебели стратегияси» ва «Европа Гуржистони» партиялари, мустақил сиёсатчилардан иборат бўлди.

Гуржистон парламентида 150 та ўрин бор. Шу ўринларнинг ярмидан кўпини қўлга киритган партия бош вазирлик учун номзод кўрсата олади. Ҳукмрон «Грузин орзуси» партиясининг сайловолди кампанияси ўта популистик, антилиберал ҳамда россияпараст ғояларга бой, дея баҳоланди. Бу партия вакиллари электоратни агарда либераллар ҳокимиятга келса, Гуржистон урушга тортилиши ҳақидаги гап-сўзлари билан ўзига оғдиришга ҳаракат қилди. Бу билан орзучилар «Украинанинг куни бизнинг бошимизга тушади», демоқчи бўлди. Сайловолди тарғиботда ҳам бундан жиддий фойдаланишди, Украинанинг ҳозирги қиёфаси ва Гуржистон тасвирлари туширилган баннерлар пайдо бўлди.

Ҳукмрон партияга кўра, мухолиф кучлар жиноий гуруҳлар билан алоқаларга эга. Мухолифат эса европача йўл тарафдори. Тбилисида ўтказилган тадбирларда улар Гуржистон Европа Иттифоқини танлашини билдирувчи марш ўтказилган. Айни шу тадбирларда Гуржистоннинг амалдаги президенти Саломе Зурабишвили қатнашиб, нутқ сўзлаган. Президент ҳам тараққиётнинг Европа йўли тарафдори, лекин ҳокимият унинг қўлида эмас.

Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, ҳукмрон «Гуржистон орзуси» 54 фоиздан зиёдроқ овоз билан ғалаба қозонгани айтилмоқда. Мухолифат блоки эса жами 37,3 фоиз овозга эга чиққан. Ўз ўрнида мухолифат сайлов натижаларини тан олмаслигини ва норозилик намойишларини бошлашини маълум қилди.

Марказий сайлов комиссиясига кўра, мухолифатдаги «Ўзгаришлар коалицияси» 10,8 фоиз, Саакашвили тузган мухолифатчи «Миллий ҳаракат» партияси қўшилган «Гуржистонни қутқариш учун бирлик» коалицияси 10,1 фоиз овоз тўплади. Тадбиркор ҳамда ТБС банки асосчисининг «Лело» партияси атрофида бирлашган «Кучли Гуржистон» эса 8,7 фоиз овоз йиға олган. Гуржистоннинг собиқ бош вазири Георгий Гахария бошчилигига «Гуржистон учун» партияси эса 7,7 фоиз натижага эга чиқди. Қолган партиялар парламентга кириш учун ўрнатилган 5 фоизлик тўсиқдан ўта олмади.

Норозилик намойишлари бошлашни эса «Гуржистонни қутқариш учун бирлик ҳамда Ўзгариш учун коалиция» маълум қилган. Гуржистондаги қатор нодавлат ташкилотлар ҳам бу сайловларни тан олмаслигини эълон қилиб улгурди. Президент Зурабишвили ушбу сайловни келажак Европада бўладими ёки Гуржистон бундан буёғига Россия остида бўладими, шуни белгилайдиган бурилиш нуқтаси дея таърифлаганди. «Гуржистон орзуси» эса овоз бериш уруш ёки тинчлик ўртасидаги референдум деб билдирди. Ҳукмрон партияга кўра, мухолифат Гуржистонни урушга жалб қилмоқда.

Сўнгги бир йил ичида «Гуржистон орзуси» партияси ростдан ҳам кўпроқ россияпараст позицияни эгаллади ва Россия қонунларидан нусха олувчи ҳужжатлар қабул қилди. Масалан, шу йил баҳори охирларида «Чет эл агентлари тўғрисида»ги қонун Гуржистонни оммавий норозиликлар гирдобида қолдирди. Бу эса Тбилисининг ғарб билан алоқалари совуқлашишига олиб келди. Шунингдек, бунга жавобан ЕИ Гуржистоннинг блокка қўшилиш жараёнини тўхтатиб қўйди.

АҚШ ўнлаб фуқаролар, ҳаттоки депутатлар ва ички ишлар ходимларига виза чекловларини жорий этди. «Гуржистон орзуси» партияси асосчиси бу миллиардер Бидзина Иванишвили ҳисобланади У 2008 йилги ҳарбий можаро учун осетинлардан кечирим сўрашга тайёрлигини ҳам айтган.

Президент Зурабишвили ҳукмрон партия сайлов натижаларини сохталаштиришда айблади. Аҳолини эса намойишларга чиқишга чақирди. «Мен бу сайловларни тан олмайман, буни тан олиш мумкин эмас, — деган Саломе Зурабишивили ўз брифингида. — Бу Россиянинг бу ерга келиши Гуржистоннинг Россияга бўйсунишини тан олиш билан бир хил».

Норозилик намойишлари 28 октябр оқшомига режаланган. Мухолифат бундай фикрларга умуман қўшилмайди, экзит-поллга кўра, «Гуржистон орзуси» 40-42 фоиз натижани олган ва сайлов олдидан ҳам партиянинг қўли баланд келаётгани маълум эди, дейди улар. АҚШ давлат департаменти Гуржистондаги сайлов юзасидан ўз матбуот хабарини эълон қилди. Унда Гуржистон демократия йўлида экани, лекин амалдаги ҳукмрон партия давлат ресурсларидан нотўғри фойдаланиб, халқаро ишончни сусайтиргани ёзилган.

«Гуржистоннинг жонли демократияси 2004 йилдан бери куч манбаи бўлиб келмоқда ва кечаги сайловларда қатнашиш гуржи халқининг демократия тарафдори эканини кўрсатади. Бироқ 2024 йилда халқаро ва маҳаллий кузатувчилар ҳукмрон партиянинг давлат ресурсларидан нотўғри фойдаланиши, овозларни сотиб олиш ва сайловчиларни қўрқитиш билан ажралиб турадиган сайловолди муҳитини қайд этишди, буларнинг барчаси тенг бўлмаган ўйин майдонини яратди ҳамда жамоатчилик ва халқаро ишончни сусайтирди.

Халқаро ва маҳаллий кузатувчилар сайлов яхши ўтганини қайд этса-да, бироқ қонунбузарликлар ва вақти-вақти билан зўравонлик ҳолатлари тўғрисидаги хабарлар бор. Халқаро кузатувчилар натижаларни эркин ва адолатли, деб эълон қилмади. Биз халқаро меъёрларнинг бузилишини қоралаймиз ҳамда халқаро ва маҳаллий кузатувчиларнинг сайлов билан боғлиқ қонунбузарликлар ҳақидаги барча хабарларларини текширишга чақирамиз», — дейилади АҚШ Давлат департаменти матбуот хабарида.

Лекин бир қатор мустақил нашрлар овозлар сохта эмаслиги, одамларнинг кўпчилиги ростдан ҳам ҳукмрон партияни қўллаганини ёзмоқда. 

Мавзуга оид