Тошкент шаҳрида иситиш мавсуми 7 ноябрдан бошланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокимлиги хабар қилди.

Ҳокимлик «кўплаб мурожаатлари ва метеорология хизмати маълумотларига мувофиқ» Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан 5 ноябрь соат 00:00 дан бошлаб иссиқлик манбаларидан иссиқлик муҳитининг айланма ҳаракати йўлга қўйилишини маълум қилган.

Шунга мувофиқ, 7 ноябрдан бошлаб иссиқлик энергияси билан босқичма-босқич таъминлаш ишлари бошланади.

«Турар-жойингизда ёки раҳбарлик қилаётган муассасангизда иссиқлик таъминоти ёқилиши жараёнида бирор-бир муаммо ва носозликларни аниқласангиз ёки иссиқлик етказиб берувчи ташкилот, ХУЖМШ ва БСК раҳбарлари ёки мутасаддилари томонидан белгиланган ишларни тўлақонли амалга оширилмаётганлигининг гувоҳи бўлсангиз 1055 ёки 71 210-01-87, 71 210-01-41, 71 210-01-11, 71 210-01-63 рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Бундан олдинроқ Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида 1 ноябрдан иситиш мавсуми бошлангани маълум қилинганди.