Бу ҳафтадан Европада вақт бир соатга сурилади ва энди биз ўйинларни кечроқ кўришга, бир соат камроқ ухлашга мажбурмиз. Буни илк бор «Ливерпул» мухлислари ўз танасида синаб кўришади – «Астон Вилла»га қарши ўйин Тошкент вақти билан 2 ноябрга ўтар кечаси соат бирда бошланади. Шунингдек, бу ҳафта Англияда Лондон дербиси, Италияда Милан ва Рим тўқнашуви, Туркияда эса Истанбул дербиси бор. Абдуқодир Ҳусановни эса Англиянинг энг кучли вингерларидан бири синовдан ўтказиши мумкин. Ёки Абдуқодир уни синовдан ўтказади.

«ТОТТЕНҲЭМ»«ЧЕЛСИ» (1 ноябр, 22:30)

Икки жамоа турнир жадвалининг турли бурчакларида тургандек тасаввур уйғотса-да, зичлик шу қадар юқорики, орани биргина ғалаба ажратиб турибди. «Челси» ғалаба қозонган тақдирда, «Тоттенҳэм»га очколар бўйича етиб олиши мумкин. Ушбу стадионда ўтган сўнгги учрашувни ҳам эсласангиз керак – мезбонларнинг икки тезкор голи билан бошланган ўйин якунда «Челси»нинг 4:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди. Умуман олганда, ўзаро учрашувларда «Челси» яққол устунликка эга – охирги 30 ўйиннинг 16 тасида айнан «кўклар»нинг қўли баланд келган.

Томас Франк ўтган мавсумни жуда ёмон ўтказган «Тоттенҳэм»ни бирданига турнир жадвали юқори қисмига кўтарган бўлса-да, агар вазиятга чуқурроқ қаралса, бошқа факторлар ҳам рол ўйнаганини пайқаш мумкин. Масалан, дастлабки турларда жамоа кўпроқ турнир жадвалининг пастки қисмидаги рақибларга қарши ўйнади. «Тоттенҳэм»нинг АПЛдаги кейинги рақиблари эса «Челси», «Манчестер Юнайтед» ва «Арсенал». Бу орада Чемпионлар Лигасида «Копенҳаген» ва «ПСЖ»га қарши ўйинлар ҳам борлиги эътиборга олинса, жамоа учун ҳақиқий синов даври бошланмоқда. Ноябр ойи охирида, яъни мана шу учрашувлар натижасига қараб, бу мавсумдаги «Тоттенҳэм»нинг ҳақиқий истиқболи ҳақида аниқроқ баҳо бериш мумкин.

«Челси» эса мавсум бошида, айниқса, ёзда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги салоҳиятдан келиб чиқиб, ҳатто чемпионлик учун «Ливерпул» ва «Арсенал»га рақобат кўрсатиши мумкин бўлган энг яқин куч сифатида тилга олинаётганди. Аммо ҳам жароҳатлар, ҳам ўйиндаги беқарорлик туфайли ҳозирча Энцо Мареска шогирдлари кутилган ўринларда эмас. Тўққизинчи турда лига дебютанти «Сандерленд»га қарши ўйин кутилмаганда сўнгги дақиқаларда ўтказилган гол туфайли мағлубият билан якунлангани бунга яққол мисол. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати қаҳрамонларидан бири бўлган ҳужумчи Жоао Педру янги мавсумни ҳам зўр бошлаганди, аммо охирги 11 учрашувда унда атиги 4 та аниқ зарба бор. Бирорта ҳам гол ура олмаган.

Дарвоқе, жароҳатлар борасида ҳар икки жамоада ҳам аҳвол яхши эмас. «Челси»да ҳар бир чизиқда жароҳатлар бор – ҳимоячи Коллуил, яримҳимоячи Палмер ва ҳужумчи Делап анчадан бери ўйнай олмапяти. Делап жароҳатдан тикланиб, Лига кубогида майдонга тушганди, аммо қизил карточка олиб майдондан четлатилди. Энди дербида у дисквалификация туфайли қатнаша олмайди. «Тоттенҳэм»да эса Мэддисон ва Кулушевски каби етакчи футболчилар мавсум бошидаёқ сафдан чиқишган. Шунингдек, Грэй, Дэвис, Ромеро, Удожи, Драгушин ва Биссума каби асосий таркиб футболчилари ҳам шерикларига ёрдам бера олишмаяпти.