НОТТИНГҲЕМ ФОРЕСТ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (8 март, 17:30)

«Манчестер Сити» ушбу мавсумда жуда кўп инқирозли даврларни бошдан кечирган, беқарор натижалар кўрсатаётган бўлса-да, бадтарроқ аҳволдаги топ-клублар туфайли, бемалол шу турдаёқ учинчи ўринга чиқиб олиши мумкин. Бунинг учун Пеп Гвардиола шогирдлари сафарда «Ноттингҳем Форест» устидан ғалаба қозонса кифоя.

Бошқа томондан ўйиннинг айнан Ноттингҳемда бўлиб ўтиши томонлар мувозанатини жиддий равишда мезбонлар фойдасига оғдиришини ҳам айтиб ўтиш керак. Сабаби, ушбу мавсумда «шаҳарликлар» айнан сафар ўйинларида яхши ўйнай олмаяпти – ўтказилган 14 сафар ўйинининг атиги олтитасида «Манчестер Сити» ғалаба қозонган холос. «Ноттингҳем» эса уйда ёмон эмас – мавсум давомида атиги икки маротаба мағлубиятга учраган холос. Сўнгги икки ўйинда «Брайтон» устидан 7:0 ҳисобидаги ғалаба, «Арсенал» билан дуранг ҳам бугун меҳмонларга осон бўлмаслигидан далолат қилади. Ўтган мавсумда «Манчестер Сити» бу ердан 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан кетган бўлса-да, ўйиннинг мазмуни мутлақо тескари кечган, мезбонлар яққол устунлик қилиб, фақат жуда кўп вазиятлардан аниқ фойдалана олмаганди. Ундан олдинги мавсумда эса 1:1 ҳисоби қайд этилган.

Жароҳатларга келадига бўлсак, «Манчестер Сити» таркибида марказий ҳимоячилар тақчиллиги юзага келган. Натан Аке ва Аканжи катта эҳтимол билан бу мавсумда майдонга туша олишмайди. Жон Стоунзнинг қайтишига ҳам камида бир ой вақт бор. Шунингдек, мавсум бошида жароҳат олиб сафдан чиққан яримҳимоячи Оскар Боб тикланиш жараёнида экани айтилаётган бўлса-да, катта эҳтимол билан терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг сафга қайтади.

Бу ўйинда ҳам ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусановнинг илк дақиқалардан майдонга тушишини кутишга асосларимиз етарли. Биринчидан, юқорида тилга олинганидек, шундоқ ҳам таркибда марказий ҳимоячилар у ва Диашдан бошқа йўқ. Иккинчидан, рақобат муҳитида ҳам, Абдуқодирнинг сўнгги ўйинларни юқори даражада ўтказгани ва ҳатто клубда феврал ойининг энг яхши футболчиси деб топилгани бежиз эмас. Бу ерда энг муҳими, Ҳусановнинг ўша мудҳиш дебютдан кейин ўзини қўлга олиб, кейинги имкониятлардан максимал фойдаланиб, жамоаси учун ҳатто энг муваффақиятсиз ўйинларда ҳам порлаб, мана шу сўровномадаги учликка кира олгани. Бу тўлиғича Абдуқодирнинг меҳнати ва натижаси. Ишонаверинг, биз уч ой олдин унинг Манчестерга ўтишига қанчалик ишонқирамаган бўлсак, «Челси» билан ўйиндан кейин бу даражага тез фурсатда келишини тасаввур ҳам қилолмасдик. Абдуқодирнинг бизни доим ҳайрон қолдириши, энг чўққига чиқди, деганимиздаям, яна устига нимадир қила олиши таҳсинга лойиқ.

БАРСЕЛОНА – ОСАСУНА (9 мартга ўтар кечаси, 01:00)