Спорт | 15:30 / 22.11.2025
3170
17 дақиқада ўқилади

Лондон ва Миланда дерби, "Барса" "Камп Ноу"га қайтмоқда. Ҳафта ўйинлари анонси

Ниҳоят терма жамоалар билан боғлиқ сўнгги танаффус ҳам тугади ва энди шу билан март ойигача тинимсиз клублар футболидан баҳраманд бўлишимиз мумкин. Пеп Гвардиола айтганидек, мавсум энди бошланмоқда. Пепнинг ўзини қийин сафар кутиб турган бўлса, Шимолий Лондонда ва Миланда қизиқарли дербилар бизни кутиб турибди. “Камп Ноу” эса узоқ танаффусдан сўнг яна футбол ўйинлари учун тайёр.

Фото: Soccrates Images / Contributor / Getty Images Sport

БАРСЕЛОНА – АТЛЕТИК (22 ноябр, 20:15)

Испанияда нафақат “Барселона” ва “Реал” тўқнашуви, балким “Атлетик”нинг ушбу грандларга қарши ўйинлари ҳам “Класико” деб аталади. Чунки шу икки жамоадан ташқари айнан билбаоликлар Испания чемпионати тарихида бирор марта ҳам қуйи лигадан пастга тушиб кетишмаган.

Аслида рақиб ким бўлишидан қатъи назар бугунги ўйин барчанинг эътиборини бўлиши аниқ эди, зеро икки ярим йиллик танаффусдан сўнг ниҳоят “Барселона” ўз уйига – “Камп Ноу”га қайтмоқда. Тўғри, ҳозирча фақат 1В лицензияси олинган, яъни максимум 45 минг мухлис стадиондан жонли кузатиши мумкин, лекин бу ҳам катта гап. Ламин Ямал бу стадионда атиги ўн дақиқа ўйнагани, Кубарси, Фермин каби бугунги кун юлдузлари учун эса дебют бўлиши мумкинлигини инобатга олсак, орадан қанча узоқ вақт кечгани ойдинлашади. “Камп Ноу”да бугун ўзига хос байрам бўлса керак.

Албатта, “Атлетик” байрам учун мос рақиб бўлса-да, кайфиятни бузишга ҳам қодир. Жамоа ўтган йилдаги каби барқарор кўринмаётган бўлса-да, жамоа прессинги ва тезкор қарши ҳужумлари жойида. Нико Уилямс каби маҳоратли юлдузлари ҳам бор. Сўнгги пайтларда ҳар қандай жамоа “Барселона”ни юқори ҳимоя чизиғи учун жазолаш имкониятига эга бўлаётган экан, “Атлетик” бундан жуда унумли фойдаланиши мумкин. Валверде шогирдларининг Ла Лигада охирги икки, ҳаммаси бўлиб эса уч ўйиндан бери мағлубиятга учраётгани эса уларни “Камп Ноу”да янада хавфлироқ рақибга айлантириши мумкин. Одатда терма жамоалар билан боғлиқ танаффуслар топ-жамоаларга кўпроқ таъсир кўрсатиши, танаффусдан кейинги ўйин кўпинча муваффақиятсиз кечиши анъанага айланган.

Таркибларга келадиган бўлсак, сўнгги ўйинда “Барселона”да Левандовски ва Олмоларнинг қайтганини кўргандик. Рафиня ҳам тиклангани ҳақида маълумотлар бор. Аммо Маркус Рэшфорд кичик жароҳат олган ва бугун майдонга туша олмаслиги мумкин. Шунингдек, мезбонлар таркибида майдон марказида муаммолар пайдо бўлиш эҳтимоли катта. Педри анча аввалроқ сафдан чиққан бўлса, Френки де Йонг “Селта”га қарши учрашувнинг сўнгги дақиқаларида майдондан четлатилганди. У дисквалификация туфайли ўйинни ўтказиб юборади. Меҳмонлар сафида эса Иняки Уилямснинг майдонга тушиши сўроқ остида. Шунингдек, Саннади, Прадос ва Эгуилизларда жароҳат бор.

Қизиқ факт. “Атлетик” Ла Лигада “Барселона” устидан охирги марта 2013 йилда ғалаба қозонган. Гўёки каталонияликлар учун қулай рақиб, тўғрими? Лекин мана шу оралиқда “Атлетик” Испания кубоги, Суперкубок каби турнирларда 6 марта “Барселона”ни енгиб мусобақалардан чиқариб юборган.  

НЮКАСЛ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (22 ноябр, 22:30)

“Манчестер Сити”да барча мусобақаларда охирги 14 ўйинда атиги битта мағлубият бор. “Астон Вилла” майдонидаги мағлубиятдан сўнг “Манчестер Сити” қаторасига тўрт ўйинда ғалаба қозонди ва ҳар бир учрашувда камида 3 гол уришни уддалади. “Борнмут”, “Ливерпул”, “Боруссия” каби кучли рақибларга қарши биз Пепнинг эски жамоаларини кўргандек бўлдик. Ҳужумкор ва тезкор ўйин, жуда кўп креатив ҳаракатлар ва дриблинглар. Жамоа ўз ўйинини топгандек ва агар Пеп Гвардиола жамоаси ўз ўйинини топса, нима бўлишини яхши биласиз. Айни пайтда АПЛ учун “Арсенал”га рақобат қила олиши мумкин бўлган асосий жамоа сифатида ҳам энди айнан “Манчестер Сити” тилга олинмоқда.

Албатта, “Арсенал”га рақобат қилиш учун деярли йўқотишсиз бориш керак, “Нюкасл” эса ҳар қандай серия учун энг ноқулай рақиб ҳисобланади. Эдди Хау шогирдлари ҳозирча чемпионатда анча пастки ўринларда бориб, беқарор натижалар кўрсатаётган бўлса-да, жамоа ўз жойида, айниқса катта ўйинларда буни кўриш мумкин. “Ливерпул”, “Арсенал” ва “Барселона”га қарши ўйинларни эсласангиз, “Нюкасл” жуда муносиб кўринган, сўнгги дақиқаларгача тенгма-тенг курашишни уддалаганди. “Манчестер Сити”га қарши, айниқса ўз майдонида жамоа бор имкониятини ишга солиши керак. Бу стадионда ўтган охирги тўрт ўйинидан Гвардиола фақат бир марта 3 очко олиб кетганини эслаш кифоя. Ўтган мавсумдаги учрашув эса 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланганди. Умуман олганда ҳам, “Нюкасл” уй ва сафарда яққол фарқли ўйнайдиган жамоа саналади – рақамлар ҳам буни исботлайди. Жамоа “Сент Жеймс Парк”да ҳар ўйинда ўртача 3.2 та хавфли вазият яратса, сафарда бу кўрсаткич – 0.7. Шунчаки, жамоа пастки ўринларда бораётгани сабаби, уйда “Арсенал”, “Ливерпул” каби кучли рақибларга дуч келганидир.  

Қизиқ томони, Хау ва Пепнинг ўзаро дуэли. Гвардиола ҳеч қайси мураббийни Хау қадар яксон этмаган – 15 ғалаба, икки дуранг ва битта мағлубият. Тўплар нисбати 73-11.

Таркибларга тўхталадиган бўлсак, мезбонлар сафида Дан Бёрннинг дисквалификацияга учрагани энг катта йўқотиш бўлса керак. Айниқса стандарт вазиятларда у “Нюкасл”нинг энг хавфли қуролларидан бири эди. Шунингдек, захирадан жамоани кучайтириши мумкин бўлган Осулада ҳам кичик жароҳат бор. Висса ҳали трансфер қилинганидан бери ўйнай олгани йўқ, Ливременто эса машғулотларга қайтгани айтилаётган бўлса-да, тўлиқ ҳаракат қилиш учун етарли спорт формасига кирмаган. Пеп Гвардиола Родри ва Ковачичнинг хизматларидан фойдалана олмайди.

Албатта, биз учун Абдуқодир Ҳусановнинг ҳолати ҳам муҳим. Эсингизда бўлса, у Манчестерга трансфер қилинганидан сўнг ўзининг илк тўлиқ учрашувини айнан “Нюкасл”га (4:0) қарши ўтказган ва жуда муваффақиятли ҳаракат қилганди. Ўша баҳсдан кейин у қаторасига 6 ўйинда асосий таркибда туширилган. Аммо ҳозирда ҳамюртимиз марказий ҳимояда Гвардиол ва Диашга, ўнг қанотда эса Нуньешга рақобатни бой бермоқда. Балким Нюкаслда анча жисмоний курашлар ва тезлик кўпроқ керак бўлишини инобатга олиб, Пеп Ҳусановни имконият бериши ҳам мумкин. Афсуски сўнгги пайтларда Пеп аввалгидек ротация қилмаяпти, асосан бир таркиб билан ўз ўйинини топишга уринмоқда.

АРСЕНАЛ – ТОТТЕНҲЭМ (23 ноябр, 21:30)

Сўнгги икки йилни “Тоттенҳэм” жароҳатлар гирдобида ўтказди. Бунга асосий сабаб сифатида Постекўғлунинг кўп энегрия сарф қиладиган услуби айтиларди, аммо у кетганидан кейин ҳам бу эпидемия давом этмоқда. Томас Франк Брентфордда нисбатан анча қисқа таркиб билан ўйнаб келган, яъни одатда кўп жароҳатларга тўқнаш келмаган. Демак гап фақат мураббийлар ва уларнинг услубида эмас, клубда янада чуқурроқ муаммо бор. Мэддисон ва Кулушевски ҳақида ҳар ҳафта айтиб ўрганиб қолдик, умуман ҳали бу футболчилар Франк қўл остида ўйнашмади ҳам. Лекин уларсиз ҳам айни пайтда “Тоттенҳэм”да 7 нафар футболчи жароҳатланган. Грей, Дэвис, Такаи, Бергвал, Драгушин, Биссума, Соланке дербида шерикларига ёрдам бера олишмайди.

“Арсенал” ҳам жароҳатлардан жабр чекишга ўрганиб қолган. Фарқли томони, бу сафар ёзда клуб таркибни анча кенгайтирди, бир қатор тенг кучли, юқори савиядаги трансферларни амалга оширди. Аввалги йилларда Сака, Эдегор, Салиба каби футболчиларнинг жароҳати чемпионлик пойгасига ҳам, жамоа ўйини сифати ва натижаларга жиддий таъсир кўрсатган бўлса, ҳозирча, “Арсенал” бу мавсумда бундай муаммоларни осон енгиб ўтяпти. Мартинелли, Троссар, Эзе, Мадуэке, Мерино каби футболчилар навбати билан жароҳатланганлар ўрнини тўлдириб туришди. Ҳатто Салибанинг бир муддат сафдан чиқиши ҳам сезилмади. Аммо бу сафарги йўқотиш янада жиддий – Габриел терма жамоа йиғинларида жароҳат олди ва қисқа муддат жамоага ёрдам бера олмайди. Бразилиялик ҳимоячи Салиба билан кучли тандем ташкил қилганидан ташқари, ҳужумда, стандарт вазиятларда анча фойдали эди. Шу мавсумнинг ўзида гол+пас бўйича 3 баллни қўлга киритишга улгурган. Салибадан ташқари “тўпчилар” сафида Жезус, Мартинелли, Хаверц ва Мадуэкелар ҳам ўйнай олишмайди. Виктор Гёкерешнинг тушиши ҳам сўроқ остида.

Ўзаро ўйинларга келсак, “Тоттенҳэм” АПЛ доирасида 6 ўйиндан бери рақибини енга олмаяпти. Ўтган мавсумда ҳар икки учрашув ҳам минимал ҳисобда Артета шогирдларининг ғалабаси билан тугаган. АПЛ да сафардаги сўнгги ғалабани эса “Тоттенҳэм” 15 йил олдин қўлга киритган. Ўшанда меҳмонлар таркибида голларни Гарет Бэйл, Рафаел ван дер Ваартларнинг ургани ҳам воқеа қанчалик эски эканини билса бўлади. Тўғри, кейинроқ ҳам “Тоттенҳэм”нинг ғалабаси бор – 2018 йилда жамоа “Эмирейтс”да 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, “Арсенал”ни Лига кубогидан чиқариб юборганди.

“Тоттенҳэм”ни келаси ҳафта яна бир қийин сафар кутиб турибди – Чемпионлар Лигасида “ПСЖ”га қарши ўйин. “Арсенал”га ҳам осон эмас, “Бавария”ни қабул қилади. Кейин эса “Челси”га қарши яна бир дерби бор. Хуллас, Артета учун жуда муҳим кунлар бошланмоқда. “Сандерленд”даги дуранг тасодиф эканини кўрсатиш шарт, акс ҳолда “Манчестер Сити” “қон хидини” сезиб қолади ва уёғи қандай тугашини биламиз.

ИНТЕР – МИЛАН (24 ноябрга ўтар кечаси, 00:45)

Италияда нафақат турнинг, балки мавсумнинг марказий ўйинларидан бири – Милан дербиси. “Интер” ҳалиям салоҳият борасида “А Серия”нинг энг кучли клуби бўлиб қолмоқда, буни биз Европадаги натижалардан ҳам кўриб турибмиз. Тўғри, мавсум икки мағлубият билан бошланганди, лекин кейинчалик жамоа ўзини ўнглаб олди, айниқса, ҳужумдаги кўрсаткичлар эътиборга молик. “Интер” 11 учрашувда 26 гол уришга эришди – бу борадаги иккинчи кўрсаткич эгаси бўлган “Милан”да 9 тага камроқ.

“Милан” эса бошқа томондан фаворит – ушбу мавсумда Аллегри жамоаси ҳеч қандай еврокубокларда иштирок этмаяпти. Бу жуда самарали устунлик бера олишини ўтган мавсум ҳам исботлади. “Наполи” таркиб жиҳатидан у қадар кучли кўринмаган бўлса-да, айнан еврокубокларсиз, ҳафтада бир учрашув режимида баҳорга тетикроқ етиб борди. Аллегри ҳам қайсидир маънода Контенинг издоши ҳисобланади, табиийки, бу устунликдан ўринли фойдалана олади. Айни пайтда “Милан”нинг таркиби “Наполи” ва “Интер”га нисбатан соддароқ кўринаётган бўлиши мумкин, лекин жамоа ўз спорт формасини яхшироқ ушлаб туриш имконияти кўпроқ бўлади.

Айни пайтда “Интер” 24 очко билан пешқадамлик қилмоқда, “Милан”да эса атиги икки очкога кам холос. Демак дербидаги ғалаба “қизил-қора”ларга турнир жадвалини бошқариш имкониятини бериши мумкин. Яна бир фаворит “Рома” эса “Крамонезе” меҳмони бўлади. Римликлар ҳисобида ҳам 24 очко мавжуд.

Охирги 5 Милан дербисида “Интер” бирорта ҳам ғалаба қозона олмагани эътиборга молик. Қизиғи, шу ўйинлардан олдин “Интер” қаторасига 6 дербида ғалаба қозонганди. Беш ўйинлик серия аслида кўринганидек узоқ ҳам эмас, зеро бу ўйинларнинг ҳаммаси ўтган мавсумда бўлиб ўтди. Чемпионатдаги икки ўйин бир дуранг ва “Милан”нинг ғалабаси билан якунланган бўлса, бундан ташқари “Милан” Италия кубогида икки ўйин натижасига кўра “Интер”ни мағлуб этди, шунингдек, йил бошида бўлиб ўтган Суперкубок финали ҳам “Милан”нинг иродали ғалабаси билан тугаганди.

Таркибларга тўхталсак, ўйин айнан икки ҳафталик танаффусдан кейинга тўғри келгани “Милан”нинг омади бўлди. Чунки Кристиан Пулишич ва Адриан Рабио тикланишга улгуришди ва жамоага ёрдам бериши мумкин. Жароҳатланганлардан фақатгина Сантияго Хименес қолди. Киву эса Думфрис, Мхитарян ҳамда Дармияннинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Ҳар уччовининг қайтиши декабрнинг бошларига белгиланган. 

ЭЛЧЕ – РЕАЛ МАДРИД (24 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

Бешинчи ўйин учун номзодлар кўп эди. “Наполи”нинг “Аталанта”га қарши ўйини ёки Мадриддаги “болта-чопқи” дербиси ҳам алоҳида эътиборга арзийди. Аммо “Реал”нинг Элчега сафари ҳам ўзига яраша қизиқ бўлиши кутилмоқда. Одатда “Реал” ёки “Барселона” учун энг осон, ўтиш ўйинлари эсланганда рақиб сифатида “Алавес” ёки “Элче” каби жамоалар номи тилимизга келади, аммо бу сафарги “Элче” бироз бошқача.

Тасаввур қилинг, Ла Лигада тўп назорати бўйича “Реал” ва “Барселона”дан кейин айнан “Элче” бормоқда. Ўртача ҳар ўйин ҳисобига аниқ паслар сони бўйича рақамлар ҳам худди шунақа. “Элче” ҳатто “Барселона”га қарши сафардаги ўйинида ҳам тўп назорати бўйича рақибидан устунлик қилди. Жамоа уй учрашувларида ҳали бирор марта мағлубиятга учрамаган – 3 ғалаба ва 3 дуранг. Шу олти ўйинда “Элче” атиги 3 гол ўтказиб юборган. Табиийки, бундай жамоанинг “Реал”га қарши ўйини алоҳида қизиқиш уйғотади. Бунинг устига ўтган турда “Реал” бошқа бир қийин сафар ўйинида “Райо Валиекано” билан дуранг ўйнаб, “Барселона”ни ўзига уч очкогача яқинлаштириб олганини ҳам эътиборга олсак, энди Алонсо шогирдларининг очко йўқотишга ҳаққи йўқ. Шунингдек, “Реал” бундан кейинги уч ўйинни ҳам сафарда ўтказади – Чемпионлар Лигасида “Олимпиакос” билан, кейин Ла Лига доирасида “Жирона” ва “Атлетик”ка қарши. Демак мадридликлар учун ўзига хос қийин давр – қаторасига 4 Ла Лига ўйинини сафарда ўтказиш якунида “Барселона”га етиб олиш имконини бермаслик керак.

Ўзаро ўйинлар тарихига қарасак, табиийки, “Реал”нинг устунлиги катта. Охирги ўйинларда 9 ғалаба, 2 дуранг. Мағлубият йўқ. Аммо яқин йилларда ҳам анча муросасиз баҳсларни ҳам эслаш мумкин. Масалан, уч йил олдин “Элче” “Бернабеу”да ғалаба қозонишга озгина етмай қолган. Модричнинг 82-дақиқада, кейин Милитаонинг қўшиб берилган вақтдаги урган голлари 2:2 ҳисобини таъминлаган. Ёки 2022 йилнинг бошидаги кубок учрашувини эслаш ҳам мумкин. Ўшанда асосий вақтда ҳисоб очилмагач, 103-дақиқада “Элче” ҳисобни очган, фақатгина тўртинчи таймда Иско ва Азар гол уриб мадридликларга ғалаба олиб келганди. Хуллас, оғир йилларда ҳам “Элче” баъзида “Реал”га қарши муносиб ўйнай олган экан, бу сафар янада дадилроқ қаршиликни кутишга ҳақлимиз.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

22 ноябр. Бёрнли – ЧЕСИ (17:30), БАВАРИЯ – Фрайбург (19:30), БОРУССИЯ Д – Штутгарт (19:30), Волсфсбург – БАЙЕР (19:30), ЛИВЕРПУЛ – Ноттингем Форест (20:00), Фиорентина – ЮВЕНТУС (22:00), НАПОЛИ – АТАЛАНТА (23 ноябрга ўтар кечаси, 00:45), ПСЖ – Гавр (23 ноябрга ўтар кечаси, 01:05)

23 ноябр. Крамонезе – РОМА (19:00), Лидс – АСТОН ВИЛЛА (19:00), Хетафе – АТЛЕТИКО (22:30)

24 ноябр. МЮ – Эвертон (25 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

Мавзуга оид