Тошкентда деярли бир ҳафта давом этган нуфузли халқаро анжуман парламентлараро мулоқотни, ўзаро ҳамкорлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлида турли мамлакатлар парламент аъзоларини бирлаштиргани билан ёдда қолади.
Ушбу тарихий ассамблея Ўзбекистон парламенти мезбонлигида муваффақиятли ўтказилди ва унда 140 давлатдан 2000 га яқин делегат, шу жумладан 740 нафар парламент аъзоси, шунингдек 50 дан ортиқ халқаро ва кузатувчи ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда 100 дан ортиқ парламент спикерлари ва спикер ўринбосарлари иштирок этгани геосиёсий қарама-қаршиликлар кучайган бир пайтда парламент дипломатияси анъанавий халқаро муносабатларда муҳим ўрин тутишини кўрсатди.
Парламентларнинг аёл аъзолари ассамблея иштирокчиларининг 37 фоизидан ортиғини ташкил этди. Бу 2022 йилдан бери Парламентлараро иттифоқ ассамблеясида аёллар иштирокининг энг юқори кўрсаткичидир.


Ассамблея доирасида 70 га яқин турли тадбирлар ўтказилиб, уларда гендер тенглик, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, фуқаролар саломатлигини сақлаш, экология ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ассамблеянинг махсус ялпи мажлисидаги нутқида илгари сурилган муҳим ташаббуслар Парламентлараро иттифоқ аъзолари томонидан юқори баҳоланди.
Давлат раҳбари Украина атрофидаги вазият бўйича бошланган музокаралар жараёни ижобий натижа беришига умид билдирди ҳамда Фаластин-Исроил низосини ҳал этишнинг ягона ва адолатли йўли “икки халқ учун икки давлат” тамойилини амалга ошириш эканини таъкидлади. Афғонистоннинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик муҳимлиги қайд этилди. Парламентларнинг Илғор ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва «яшил» технологияларга ўтишни рағбатлантириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича намунавий қонун ишлаб чиқиш, камбағалликдан чиқиш йўлларини излаш бўйича муҳим вазифалари таъкидлаб ўтилди.




















