«Сити» 3 та гол устунлигини бой берди, «Арсенал» истаганча гол урди. Кун ўйинлари
Гвардиола ўз юзини тимдалади ва йиғлаб юборай деди. Сешанба оқшомидаги асосий воқеалар, голлар ва ЕЧЛ жадвалидаги вазият.

Фото: Getty Images
Гризманнинг юбилейи ва «Атлетико»нинг рекорди
«Спарта» — «Атлетико» 0:6
Голлар: Алварес (15, 59), Лиоренте (43), Гризманн (70), Корреа (85, 89).
«Спарта» – Виндал-Йенсен, Росс, Панак, Витик, Ринеш, Кайринен, Лячи (Солбаккен, 79), Визнер, Хараслин (Пешек, 27), Красники (Туци, 61), Рраҳмани (Олатунжи, 60).
«Атлетико» – Облак, Галан, Лангле, Хименес, Лоренте, Галлаҳер, Барриос (Коке, 79), Де Паул (Лино, 79), Симеоне (Рикелме, 79), Алварес (Корреа, 79), Сёрлот (Гризманн, 59).
Огоҳлантиришлар: Пешек (65), Барриос (67).
ЕЧЛ оқшоми Шарқий Европадаги ўйинлар билан бошланди. Фаворит клублар яққол аутсайдерлар меҳмони бўлишди. Бу ўйинлар турлича кечди. Прагада нисбатан рақобатбардош кўринган «Спарта» «Атлетико»га қарши ҳеч нарса қила олмади. Мадридликларнинг голларига фойдаланилмаган қулай вазиятлар ҳамроҳлик қилди. Хусусан, Жулиано Симеоне ўта оддий вазиятда тўпни дарвоза тўрига йўналтира олмади, шундан кўп ўтмай Алварес жарима зарбасини намунали тарзда ижро этди. Қанчалик ғалати бўлмасин, бу «матрасчилар» футболчиси Диего Симеоне даврида илк бор ЕЧЛда жаримадан гол уриши бўлди.
Серлот эса дастлаб прагаликлар посбони билан дуэлни бой бергач, ундан реванш олди. Лиоренте тўпни дарвозабон майдончасига етказиб берди ва норвегиялик ҳужумчи бош ҳаракати билан дарвозабонни чалғитди, тўп эса ҳеч кимга тегмасдан дарвоза тўрига бориб тушди. Танаффусдан кейин эса Алварес кичик Симеоне билан девор услубида ўйнаб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Гризманн ҳам майдонни голсиз тарк этмади. Бу сафар захирадан ўйинга қўшилган француз футболчиси учун бу асосий еврокубокдаги 100-ўйин эди. Ўйин охирида эса жамоанинг асосий жокери Корреа кетма-кет икки аниқ зарба йўллади. Натижада «Атлетико» еврокубокларда сафар ўйинларидаги энг йирик ғалабасига эришди.

«Слован» — «Милан» 2:3
Голлар: Барсегян (24), Марселли (88) — Пулишич (21), Леау (68), Абраҳам (71).
«Слован» – Такач, Вут (Марцелли, 76), Кашия, Байрич, Медведев, Саввидис (Мак, 90), Куцка (Толич, 76), Блэкмэн, Метсоко (Игнатенко, 66), Барсегян, Стрелец.
«Милан» – Менян, Тео, Павлович, Томори, Калабрия (Эмерсон, 75), Рейндерс, Фофана (Муса, 76), Окафор (Леау, 46), Пулишич (Лофтус-Чик, 75), Чуквуэзе, Абраҳам (Камарда, 84).
Огоҳлантиришлар: Чуквуэзе (54), Калабрия (58), Томори (79), Толич (90).
Четлатиш: Толич (90).
«Милан» эса Братиславадаги ўйинда муаммоларга учради. Бўлимнинг биринчи қисмида бўш ўйин кўрсатган «Слован» вақт ўтиб мунтазам равишда хавфли қарши ҳужумларга чиқа бошлади. Стрелецнинг вазияти огоҳлик қўнғироғи эди, у Менянни алдаб ўтди, аммо Павлович тўпни дарвоза чизиғи устида тўхтатиб қолди. Ўзининг иккинчи имкониятидан фойдаланган Пулишичнинг голига эса уч дақиқа ўтиб Барсегян жавоб қайтарди, у майдон марказида ҳимоячилардан қочиб кетди ва тўпни чиройли услубда дарвозабон устидан ошириб ташлади. Ушбу яримҳимоячи ЕЧЛ гуруҳ босқичида гол урган иккинчи арман футболчига айланди. Бунгача бу ишни фақат Мхитарян (тўрт жамоа сафида) уддалаганди.
Словакларда бошқа имкониятлар ҳам бўлди, аммо «Милан» футболчилари савиядаги фарқ эвазига уч дақиқа ичида вазиятни ўз томонига оғдирди. Аввалига Фофана марказий доира ҳудудидан туриб ажойиб пас билан захирадан ўйинга қўшилган Рафаэл Леауни қулай вазиятга чиқарди. Кейин эса мезбонлар футболчиси ўз дарвозаси томон пас беришда хатога йўл қўйди ва тўпга эга чиққан Абраҳам яккама-якка вазиятда дарвозабонни доғда қолдирди. Ўйин охирида «Слован» яна битта жавоб голини урди, лекин Толич ҳиссиётларини жиловлай олмасдан, баҳсли сариқ туфайли баҳслашгани учун майдондан четлатилди ва жамоа бир киши кам ҳолида ҳисобни тенглаштира олмади. Владимир Вайсс жамоаси беш турдан кейин бирорта очко олмаган, «Милан» эса қаторасига учинчи ғалабасини нишонлади ва бу жамоа учун асосий еврокубокда 1989 йилдан буён илк бор кетма-кет уч ўйинда камида учта гол уриши бўлди.
Левандовски танланганлар орасида
«Барселона» — «Брест» 3:0
Голлар: Левандовски (10 пеналти, 90+2), Олмо (66).
«Барселона» – Пеня, Мартин (Балде, 78), Мартинес, Кубарси, Кунде, Педри (де Йонг, 88), Касадо, Олмо (Гави, 68), Лопес (Торре, 78), Рафиня, Левандовски.
«Брест» – Бизот, Айдара, Ле Кардинал, Шардонне, Лала, Фернандеш (Мартен, 77), Думбия (Перейра Лаже, 69), Манетти, Камара (Февр, 69), Сима (Балде, 59), Ажорк (Дел Кастийо, 78).
Огоҳлантиришлар: Лала (24), Камара (63), Ажорк (74), Ле Кардинал (81).
«Барселона» бу турнирда сенсация кўтарган «Брест» билан ўйинда пеналти эвазига тезкор гол урди, дарвозабон тўпга чиқишда муваффақиятсиз ҳаракатланиб, Левандовскини йиқитганидан кейин ҳакам нуқтани кўрсатганди. Поляк ҳужумчиси бу орқали Чемпионлар лигасидаги 100-голини уриб, Криштиану Роналду (145) ва Месси (132) ортидан учинчи бўлиб ушбу довондан ўтган футболчига айланди. Леви вақти келиб бу икки афсонани қувиб ўтишига ишониш қийин, аммо у аниқ ижро этилган 11 метрлик зарбалар бўйича шу мавсумнинг ўзидаёқ турнир рекордчиси бўлиб олиши мумкин. Поляк футболчиси шу вақтгача нуқтадан 17 бор аниқ зарба йўллаган ва у бу борада португалиялик ҳамда аргентиналик футболчилардан мос равишда икки ва бир гол фарқи билан ортда бормоқда.
Ҳанси Флик жамоаси яққол устунлик билан ўйнаганига қарамай, қалтис ҳисоб туфайли рақибда ўйинни қутқариш имконияти анча вақтгача сақланиб турди. Каталонияликлар вазиятлардан фойдалана олмаслиги, дарвозабон ва ҳимоячиларнинг сейвлари (Дани Олмонинг зарбасидан кейин тўп дарвоза чизиғи устида тўхтатиб қолинди) «Брест»ни ўйинда қолдирди. Аммо ушбу футболчи барибир ўз голини урди, ўйинга сўнгги нуқтани эса Левандовскининг ўзи қўйди. Кўк-анорранглилар турнирда қаторасига тўртинчи бор йирик ҳисобда ғалаба қозониб, «Реймс» (1958), «Лидс» (1969) ва «Бавария» (2020, 2021)нинг натижасини такрорлади. Қаторасига бешта шундай ўйин фақат 2017 йил «ПСЖ»да бўлган. «Барса» эса айни вақтда 18 гол билан турнирнинг бу мавсумдаги энг сермаҳсул жамоаси бўлиб турибди.
Идиллиядан даҳшатгача
«Манчестер Сити» — «Фейеноорд» 3:3
Голлар: Ҳоланд (44 пеналти, 56), Гундўған (50) — Ҳаж Муса (75), Хименес (82), Ҳанцко (89).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Гвардиол, Аке (Макати, 69), Аканжи, Люис, Гундўған (де Брюйне, 68), Нунеш, Грилиш, Фоден (Симпсон-Пюзи, 69), Силва, Ҳоланд.
«Фейеноорд» – Велленройтер, Смал (Белен, 68), Ҳанцко, Траунер, Ниукоп (Лотомба, 72), Тимбер, Ҳван Ин Бом, Миламбо (Зерруки, 68), Пайшао, Карранса (Хименес, 72), Ҳаж-Муса.
Огоҳлантиришлар: Карранса (57), Макати (88).
«Манчестер Сити» қаторасига беш мағлубиятдан кейин «Фейеноорд»ни дарвозасига қамаб қўйишга ҳаракат қилди, аммо биринчи бўлимдаги ягона гол танаффус арафасида, ҳимоячи жарима майдони ичида Ҳоландни йиқитганидан кейингина урилди. Голсиз серияси чўзилиб кетган норвегиялик ҳужумчи эса пеналтидан урган голини ҳиссиётга берилиб нишонлади. Бу гол Эрлинг учун навбатдаги рекорд бўлди, у ЕЧЛда 45 ўйинда 50 (45+5) та голли ҳаракатни амалга ошириб улгурди ва у бу натижага Руд ван Нистелройдан битта ўйинга тезроқ эришди. Қолаверса, Ҳоланд Месси ва Мбаппени ортда қолдииб, турнирда 50 голлик довонни забт этган энг ёш футболчига айланди (24 ёшу 128 кунлик).
Биринчи гол «шаҳарликлар»ни том маънода оғир юкдан халос қилди ва иккинчи бўлим бошида ҳисоб қулай кўринишга келтирилди. Хосеп Гвардиола жамоасига омад ҳам қайтгандек эди, чунки Гундўғаннинг зарбасидан кейин дарвозабон рикошет туфайли иложсиз аҳволда қолди. Ҳоланд эса бир гол билан кифояланмади ва Матеус Нунеснинг қанотдан узатмасидан кейин тўпга йиқилаётган ҳолда зарба бериб, ҳисобни йириклаштирди. Гвардиола табассум қила бошлади, аммо кўп ўтмай у бошини чангаллаб қолишига тўғри келди. Жамоа мудофааси рақибларга бирин-кетин икки гол совға қилди. Уч гол устунлигидан кейин юзага келган идиллия сўнгги дақиқаларда даҳшатга алмашди. Учинчи голда Эдерсон қўпол хатога йўл қўйди ва 3:0 ўн беш дақиқа ичида 3:3 кўринишига ўзгарди. Фаолиятида барча нарсани ютган Пеп бу дақиқаларда йиғлаб юборишдан ўзини базўр тийди ва юзини тимдалаб ташлади.
Қўшимча дақиқаларда Грилишнинг зарбаси тўсиндан бироз пастга борганида ҳам умумий таассурот кўп ўзгармаган бўларди. Ўз тарихида илк бор 3 гол устунлигини бой берган «Сити»ни олдинда «Энфилд»га сафар кутмоқда.
«Арсенал» қутурди
«Спортинг» — «Арсенал» 1:5
Голлар: Инасиу (47) — Мартинелли (7), Ҳаверц (22), Габриэл (45+1), Сака (65, пеналти), Троссар (82).
«Спортинг» – Исраэл, Инасиу (Рейс, 88), Диоманде, Сен-Жюст, Эдвардс (Браганса, 68), Тринкау (Симойнш, 88), Араухо (Катаму, 68), Морита (Ҳардер, 78), Юлманд, Кенда, Гокереш.
«Арсенал» – Райя, Калафиори (Зинченко, 78), Габриэл (Кивиор, 84), Салиба, Тимбер, Райс (Мерино, 70), Парти, Эдегор (Нванери, 78), Мартинелли (Троссар, 70), Ҳавертц, Сака.
Огоҳлантиришлар: Диоманде (4), Райя (52).
«Спортинг»ни Рубен Аморим ўрнига Португалия миллий жамоасининг собиқ футболчиси Жоау Перейра бошқармоқда. Ушбу 40 ёшли мутахассис уч йил муқаддам лиссабонликлар клубида футболчилик фаолиятини якунлаган, шундан кейин «шерлар»нинг ёшлар ва ўринбосарлар жамоаларида ишлаган. Перейранинг асосий жамоадаги карьераси кубок ўйинида «Амаранте» устидан йирик ҳисобдаги ғалаба (6:0) билан бошланди, аммо «Арсенал» — бутунлай бошқа вазн тоифасидаги жамоа эди.
Бу Тимбер ўнг қанотдан ҳисобни очган Габриэл Мартинеллига голли пас етказиб берган вазиятда ҳам яққол кўринди. Бу ҳужумда барчаси шу қадар осонлик билан амалга оширилдики, «канонирлар» Чемпионлар лигасида сафар ўйинларида 415 дақиқадан буён гол ура олмаганига ишониш қийин. Иштаҳа овқат маҳали келади деганларидек, биринчи гол ортидан иккинчиси ҳам урилди. Лондонликлар яна ҳимоячилар ортига тўп етказиб беришди, Ҳаверц Саканинг дарвозабон оёқлари орасидан ўтказиб берган пасидан кейин бўш дарвозани ишғол этди.
Бўлим охирида эса «Арсенал» ўз услубида бурчак зарбасини ижро этди, ҳисобни йириклаштирган Габриэл Магалянс голини «Спортинг»нинг энг яхши тўпурари Дёкереш услубида нишонлади.
Меҳмонлар дастлабки 45 дақиқаликда қанчалик устунликка эришганини кутилган голлар коэффициенти ҳам яққол кўрсатиб турибди. 2,29 xG — бу Микел Артета жамоаси олдинги тўрт турнинг биринчи бўлимларида қайд этганидан (1,83) кўпроқ. Бу мавсумда «Жозе Алваладе»да ютқазмаган мезбонлар илк бор ўз уйида биттадан ортиқ гол ўтказгани бежиз эмас. Иккинчи бўлим мезбонларнинг голи билан бошланган бўлса-да, ўйин Португалия чемпионлари учун шармандали кўринишда якунланди. Ўтган турда «Манчестер Сити»ни сенсацион равишда (4:1) мағлуб этган «шерлар» Англиянинг бошқа бир жамоаси қаршисида ожиз қолди.
«ПСЖ» оғир вазиятда
«Бавария» — «ПСЖ» 1:0
Гол: Ким (38).
«Бавария» – Нойер, Дэвис, Ким Мин Жэ, Упамекано, Лаймер, Горетцка, Киммих, Коман (Гнабри, 72), Мусиала (Мюллер, 77), Сане (Олисе, 71), Кейн.
«ПСЖ» – Сафонов, Мендеш, Пачо, Маркинос, Ҳакими, Руис (Асенсио, 83), Невеш, Витиня, Заир-Эмери (Ли Кан Ин, 65), Барколя (Рамуш, 72), Дембеле.
Огоҳлантиришлар: Дембеле (37), Ҳакими (57), Коман (67), Мендеш (71), Олисе (76), Гнабри (84).
Четлатиш: Дембеле (56).
Сешанба оқшомидаги асосий ўйин – Германия ва Франция чемпионатларида пешқадамлик қилаётган жамоалар тўқнашуви эди. Икки клуб ҳам энг яқин таъқибчисидан олти очкога ўзиб кетган. Чемпионлар лигасида эса ишлар силлиқ кечмаяпти. Айниқса, «ПСЖ» хавфли зонадан чиқа олмаяпти. Парижликлар Мюнхендаги ўйиндан кейин ҳам ўша ерда қолишди.
«Бавария» ўйинни фаол бошлади ва дастлабки 12 дақиқа ичида дарвоза соҳаси бор уч бор зарба йўллади. «ПСЖ» камроқ ҳужум қилди, аммо 29-дақиқада ўйиндаги энг яхши вазиятига эга бўлди. Уоррен Заир-Эмери 11 метрлик масофада, устун рўпарасидан зарба берди. Мезбонлар дарвозабони эса нариги бурчак томонда қолиб кетганди, аммо француз яримҳимоячисининг зарбаси яхши чиқмади, тўп устун ёнидан ўтиб кетди.
Кўп ўтмай «Бавария» ҳисобни очди – ўйиндаги воқеалар шунга қараб кетаётганди. Бурчак зарбасидан кейин Сафонов тўпга чиқишда хатога йўл қўйди, россиялик дарвозабон тўпга тегинди, аммо уни рақиб футболчиси Ким Мин Жэга етказиб берди, кореялик ҳимоячи эса бир неча метр масофадан туриб дарвозани ишғол этди.
Иккинчи бўлимда меҳмонлар яна бир муаммога дуч келди. Усмон Дембеле иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этди. Унга биринчи огоҳлантириш арбитр билан баҳслашгани учун кўрсатилганди, иккинчиси – оёғини баланд кўтариб подкат қилгани учун.
Французлар охирги дақиқаларгача ўйинни қутқариш учун имконият сақлаб қолишди, аммо Жоау Невешнинг 85-дақиқадаги зарбаси тўсин юқорисидан ўтиб кетди. 90+3-дақиқада бурчак зарбаси чоғида Сафонов рақиб жарима майдонига етиб келди, аммо тўпга ета олмади. «Бавария» охирги дақиқаларда ҳисобни сақлаш учун ўйнашди. Немислар тўққиз очко билан топ-8 га яқинлашди, «ПСЖ» эса тўрт очко билан 26-ўринда жойлашган, бу ўрин эса ўтиш ўйинларида иштирок этишга ҳам имкон бермайди. Жамоанинг кейинги турлардаги рақиблари - «Залсбург» (сафар), «Манчестер Сити» (уй), «Штутгарт» (сафар).
Миланликлар девори ва Де Кетеларенинг бенефиси
«Интер» — «Лейпциг» 1:0
Гол: Лукеба (27, автогол).
«Интер» – Зоммер, Павар (Биссек, 44), Бастони (Аугусто, 65), де Врей, Чалхонўғли (Мхитарян, 76), Зелински, Барелла, Димарко, Думфрис, Торимий (Тюрам, 65), Мартинес (Арнаутович, 76).
«Лейпциг» – Гулачи, Ҳенрикс, Лукеба, Орбан, Гертрюйда (Гебел, 85), Нуса, Кампл, Айдара (Зайвалд, 61), Баумгартнер (Уэдраого, 61), Опенда, Силва (Шешко, 61).
Огоҳлантиришлар: Павар (11), Бастони (33), Баумгартнер (34), Лукеба (85).
«Лейпциг» — турнирнинг асосий омадсизи. Камтаргина «Слован» қаторасига беш бор мағлуб бўлишини тушуниш мумкин, аммо бундеслиганинг энг яхши жамоаларидан бири бундай натижа кўрсатишини изоҳлаш қийин. «Интер» билан ўйинда ҳам немисларнинг омади келмади. Димарконинг жарима нуқтасидан оддий узатмаси ҳимоячига тегиб дарвоза тўрига кириб кетди. Меҳмонлар қолган бир соатдан ортиқ вақт давомида жамоа қайтара олмади, турнирнинг бу мавсумида «Интер» мудофаасини ҳеч ким буза олмаяпти. Биринчи турда «Сити»га қарши 0:0 ўйнаган миланликлар қаторасига тўрт ўйинда қуруқ ғалабага эришди — бу нерадзуррилар тарихидаги рекорд натижа.
«Байер» — «Залсбург» 5:0
Голлар: Виртц (8 пеналти, 30), Грималдо (11), Шик (61), Гарсия (72).
«Байер» – Коварж, Инкапиэ (Артур, 68), Та, Тапсоба, Грималдо, Жака, Андрих, Паласиос (Гарсия, 68), Фримпонг (Телла, 68), Виртц (Ониека, 76), Шик (Степанов, 73).
«Залсбург» – Шлагер, Терзич (Гиндо, 46), Байду, Пионтковски, Дедич, Диамбу (Капалдо, 74), Гурна-Дуат (Байчетич, 46), Кларк (Бидструп, 46), Глух, Йео, Конате (Доржелес, 16).
Огоҳлантиришлар: Йео (58), Андрих (65).
«Залсбург» эса Леверкузенда ожиз қолди, муаммолар тезкор пеналти билан бошланди. VAR бош ҳакам қарорига қўшилмади, видеотакрорда тўп меҳмонлар футболчиси қўлига унинг оёғидан келганини кўриш мумкин эди, аммо рефери қарорини ўзгартирмади. Кейин эса Грималдо жарима зарбасидан чиройли гол урди, меҳмонлар эса жароҳат туфайли асосий форварди Конатени йўқотди. Ўйин австрияликларнинг хўрланишига айланиб кетди, яна бир бор ўз номини таблога ёздириб қўйган Вирц Месси графигида кетмоқда. У худди Лео каби 22 ёшигача еврокубокда 17 гол уриб улгурди. Лекин бу рекорд эмас: бу ёшда Ҳоланд (23), Мбаппе (21) ва Криштиану Роналду (20) кўпроқ гол уришган. Лекин ушбу триодан фарқли равишда Вирц форвард эмас, балки яримҳимоячидир.
«Янг Бойз» — «Аталанта» 1:6
Голлар: Ганвоула (11) — Ретеги (9, 39), де Кетеларе (28, 56), Колашинац (32), Самаржич (90+1).
«Янг Бойз» – фон Баллмос, Хажам (Атекаме, 78), Лаупер, Камара, Блум, Лакоми (Малес, 46), Ньяссе, Угринич, Алмада Монтейру (Элиа, 67), Ганвула (Иттен, 60), Колли (Виржиниюс, 46).
«Аталанта» – Карнезекки, Колашинац (Толои, 75), Ҳин (Годфри, 80), Коссуну, Брешианини (Самаржич, 63), де Кетеларе (Палестра, 75), Ружери, Пашалич, де Рон, Куадрадо, Ретеги (Заниоло, 63).
Огоҳлантиришлар: Колли (44), Брешианини (45), Элиа (73).
«Аталанта» турнирнинг жорий мавсумида илк бор ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди, фақат бу воқеа фақат статистика нуқтайи назаридан эътиборли. Жан Пиеро Гасперини шогирдлари ҳеч қандай муаммосиз сафарда йирик ғалабага эришди. Ҳимоячи Колашинац тўпни майдоннинг ўз жамоаси жарима майдони яқинида эгаллаб олиб, олдинга юриб борди ва Де Кетеларе билан девор услубида ўйнаб, дарвозани ишғол этди. Унга узатма берган белгиялик эса оқшомнинг асосий қаҳрамонига айланди. Икки гол, ассистентлар бўйича ҳет-трик — у бешта голда қатнашди. Сўнгги йилларда бундай натижа фақат Ҳоланд, Неймар ва Гнабри томонидан қайд этилган, аммо ЕЧЛда Италиянинг бирор клуби футболчиси бунақа натижага эришмаганди.
Кун статистикаси
Форвард Алварес «Атлетико»нинг ЕЧЛ гуруҳ босқичида жарима зарбасини тўғридан тўғри голга айлантирган 3-футболчиси бўлди. Бунгача бу ишни фақат Пантич (икки марта) ва Агуэро уддалаганди.
«Атлетико» форварди Гризманн асосий еврокубокдаги юзинчи ўйинида гол урган 7-футболчи бўлди — Анри, Ибраҳимович, Криштиану Роналду, Пирло, Кроос ва Левандовскидан кейинги.
ЕЧЛда 19 ўйин — 18 ёшли футболчилар орасида турнир рекорди. Уни «ПСЖ» яримҳимоячиси Заир-Эмери ўрнатди, у бу борада Боян Кркичнинг натижасини яхшилади.
«ПСЖ» 21 ўйиндан буён сафар ўйинларида дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмаяпти.
Ўйин кунида 40 гол — турнирда 2014 йил 21 октябридаги рекорд такрорланиши бўлди. Лекин ўшанда ҳозиргидек тўққиз эмас, саккиз ўйин ўтказилганди.
«Манчестер Сити»да 61 йилдан буён олти ўйинда камида иккитадан гол ўтказиб юбориш билан боғлиқ серия бўлмаганди.
Бразилиялик ҳимоячи Маркинос «ПСЖ» сафида ЕЧЛда 96 ўйинда майдонга тушди. Француз клублари футболчилари орасида у дарвозабон Грегори Купени ортда қолдириб, иккинчи ўринга кўтарилди ва бошқа бир дарвозабон — Мандандадан (115) ортда қолмоқда115).
«Бавария» дарвозабони Нойер ЕЧЛдаги ўйинлари сонини 150 тага етказди. У бу кўрсаткич борасида фақат уч дарвозабондан ортда — Икер Касиляс (179), Жанлуиджи Буффон (159) ва Пепе Рейна (157).
Турнир жадвали
Тавсия этамиз
Ўзбекистонда кейинги ҳафта жазирама иссиқ бўлади
Ўзбекистон | 15:46 / 13.06.2025
Ғарб Исроил Эронга зарба беришидан хавотирда. Бу ҳақда нималар маълум ва оқибатлар қандай бўлиши мумкин?
Жаҳон | 21:01 / 12.06.2025
Қизалоққа қарши армия: Грета Тунберг Ғазога етиб боролмади
Жаҳон | 17:45 / 11.06.2025
Сўм 2 ҳафтада 2 фоизга мустаҳкамланди. Қандай қилиб?
Иқтисодиёт | 18:57 / 10.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Исроил Эроннинг энергия инфратузилмасига зарба берди
Жаҳон | 22:25
-
Трамп билан Путин Яқин Шарқдаги хавфли кескинлашувни муҳокама қилди
Жаҳон | 21:33
-
АҚШда демократ сиёсатчиларга ҳужум уюштирилди, улардан бири вафот этди
Жаҳон | 21:27
-
Uzbekistan Airways авиакомпанияси Тел-Авивга парвозларни тўхтатди
Ўзбекистон | 21:18
Мавзуга оид

11:55 / 08.06.2025
ЖЧ саралаши: Англияда юз фоизлик кўрсаткич, Албания ва Сербия баҳсида яна можаро

10:40 / 07.06.2025
ЖЧ саралаши: Италия йирик ҳисобда ютқазди, Белгияда ҳам муваффақиятсиз старт

01:49 / 01.06.2025
«ПСЖ» финалда «Интер»га 5 та гол урди

10:44 / 26.05.2025