ЕП Гуржистон ЕИга кириш бўйича мулоқотни музлатиб қўйганидан афсусда
Европарламент Гуржистоннинг «демократик орқага чекиниши» ва Европа Иттифоқига аъзо бўлишини тарғиб қилиш учун «тарихий имконият»дан фойдалана олмаганини билдирди.
Европарламент (ЕП) аъзолари Гуржистон ҳукуматининг Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни бошлаш саъй-ҳаракатларини тўхтатиш ҳақидаги қароридан афсусда. Бу ҳақда 29 ноябр, жума куни ЕП Ташқи алоқалар қўмитаси раҳбари Дэвид Макалистер, «ЕИ-Гуржистон» парламент ассоциацияси қўмитаси раиси Нил Ушаков ва Европарламентнинг Гуржистон бўйича доимий маърузачиси Раса Юкнявиченнинг баёнотида айтилади.
«Гуржистоннинг 2022 йилнинг март ойида ЕИга аъзо бўлиш учун ариза бериши суверен қарор эди», шундан сўнг унга «номзодлик мақоми 2023 йил декабрида берилди», деб эслатади ЕП.
«Ушбу тарихий имкониятни рўёбга чиқариш ва Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини илгари суриш ўрнига, Гуржистонда демократик орқага қайтиш кузатилмоқда», дейилади ташкилотда.
ЕП Гуржистонда парламент сайловларидаги фирибгарликлар ҳақида маълум қилди
Депутатлар яқинда бўлиб ўтган парламент сайловлари халқаро демократик стандартларга жавоб бермаганини яна бир бор таъкидладилар. Хабар қилинган фирибгарлик ҳолатлари «сайлов жараёнининг яхлитлиги ва янги ҳукуматнинг қонунийлигига путур етказади», деди улар.
Европарламент ҳукуматнинг ЕИга интеграция жараёнини тўхтатиш режасига қарши кўчаларга чиққан европапараст гуржилар ҳуқуқларини ҳурмат қилишни талаб қилмоқда.
«Биз уларга нисбатан зўравонлик қўлланишини қоралаймиз ва тегишли органларни тинч намойишчиларга қарши куч ишлатишни тўхтатишга чақирамиз», деб таъкидлади Макалистер, Ушаков ва Юкнявичене.
Европарламент Гуржистонда янги сайловлар ўтказишга чақирди
Европарламент Гуржистондаги сайлов натижалари гуржи халқи хоҳиш-иродасини акс эттирмайди деб ҳисоблайди ва уларни тан олмасликка чақиради. Бу 28 ноябр куни қабул қилинган «Яқинда бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг Гуржистонда демократия инқирозининг кучайиши ва сайловларда сохталаштирилгани ҳақидаги тахминлар» резолюциясида айтилади. Унинг қабул қилинишига 444 депутат овоз берди, 72 депутат қарши чиқди, 82 депутат бетараф қолди.
«Овоз беришнинг қонунийлиги қонунбузарликлар миқёси билан жиддий равишда бузилганлиги сабабли, халқаро ҳамжамият сайлов натижаларини тан олмаслиги керак», дейилади ҳужжатда «Шунинг учун Европа парламенти парламент сайловларининг ҳар қандай тан олинишини рад этади ва уларни бир йил ичида такроран адолатли ва ошкора ўтказилишини таъминлашга чақиради. Сайлов жараёни мустақил ва холис бўлган такомиллаштирилган сайлов муҳитида, халқаро назорат остида ўтиши керак».
Мавзуга оид
16:32
Берлин: Гуржистон учун ЕИга эшик очиқлигича қолмоқда
11:31
ЕИнинг Гуржистондаги элчиси евроинтеграциядан воз кечилганидан афсусда
19:47 / 29.11.2024
«Сен Россияга онт ичганмисан?» – гуржилар евроинтеграция музлатилганига қарши намойишга чиқди
15:51 / 29.11.2024