Тбилисида махсус кучлар намойишчиларга қарши сув пуркагичлардан фойдаланмоқда
Гуржистон пойтахтида Европа интеграцияси рад этилишига қарши оммавий намойишлар давом этмоқда. Полиция сув пуркагичлардан фойдаланмоқда, намойишчилар полицияга қарши тош отмоқда.
Тбилисида тўртинчи кун ҳам давом этган оммавий норозилик намойишларида полиция махсус кучлари парламент биноси яқинида тўпланганларга қарши сув пуркагичлардан фойдаланган. «Руставели проспектидаги вазият таранглигича қолмоқда, махсус кучлар парламент ҳовлиси ички ҳудудидан сув пуркагичларни ишлатишда давом этмоқда, бироқ баъзи намойишчилар жойида қолмоқда», деб ёзади Paper Kartuli.
Шу билан бирга, айрим намойишчилар махсус кучларга қарата тош ва пиротехника воситалари отмоқда, деб ёзади «Эхо Кавказа».
Гуржистоннинг энг йирик банклари Bank of Georgia ва TBC, алоқа операторлари Magti ва Silknet, автомобил дилерлик компанияси Tegeta ва ORBI Group девелопери намойишчилар билан бирдамлик билдирди. Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партиясининг Европа интеграцияси жараёнини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори Гуржистон Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Конституциявий суд ходимлари ва бошқа давлат хизматчилар томонидан ҳам омма олдида қораланган. Бундан ташқари, Гуржистоннинг АҚШ, Нидерландия, Болгария, Италия ва Литвадаги элчилари норозилик сифатида ўз лавозимларини тарк этгани хабар қилинган.
Берлин: Гуржистон учун ЕИга эшик очиқлигича қолмоқда
«Германия ҳукумати Гуржистондаги воқеаларни катта хавотир билан кузатиб бормоқда ва агар мамлакат музокаралар йўлига қайтишга қарор қилса, Европа Иттифоқига эшик очиқ қолади», — дейилади 29 ноябр куни Германия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Кристиан Вагнернинг DW мухбири сўровига жавобида.
«Тбилисидаги норозилик намойишларига келсак, улардан кўриниб турибдики, мамлакат аҳолисининг кўпчилиги ҳукумат йўналишини қўллаб-қувватламайди ва аҳолининг катта қисми Европа Иттифоқига киришни хоҳлайди. Уларнинг талаблари қўллаб-қувватланиб, ҳуқуқ-тартибот идораларидан вазминлик ва зўравонлик қилмасликни кутамиз», — дея қўшимча қилди Вагнер.
Мавзуга оид
18:41 / 01.12.2024
АҚШ Гуржистон билан стратегик ҳамкорликни тўхтатди
23:57 / 30.11.2024
Гуржистон президенти легитим парламент ва давлат раҳбари сайланмагунча лавозимда қолишини маълум қилди
21:21 / 30.11.2024
Гуржистон бош вазири норозилик намойишларида европалик сиёсатчилар ва «бешинчи колонна»ни айблади
16:32 / 30.11.2024