Туризм | 08:50
901
2 дақиқада ўқилади

Дунёда яшаш учун энг қулай давлатлар рейтинги маълум бўлди

Wharton бизнес мактаби тайёрлаган Best Countries 2026 рейтингига кўра, ҳаёт сифати энг юқори бўлган давлатлар рўйхатида Швеция биринчи ўринни эгаллади. Рейтинг хавфсизлик, соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодий имкониятлар, давлат хизматлари ва ижтимоий инфратузилма каби кўрсаткичлар асосида шакллантирилган.

Фото: REUTERS

Тадқиқот 33 мамлакатдан 15 131 нафар иштирокчи ўртасида ўтказилган сўров натижаларига асосланган. Мутахассислар одамларнинг қайси мамлакатларда ҳаёт сифати юқори деб ҳисоблашига оид фикрларини ўрганган.

2026 йилги рейтингда Швеция энг юқори натижани қайд этиб, Дания ва Канадани ортда қолдирди. Ундан кейинги ўринларни Финландия, Норвегия, Швейцария, Нидерландия ва бошқа ривожланган давлатлар эгаллади.

Тадқиқотда жами 85 та давлат қамраб олинган. Мамлакатлар ялпи ички маҳсулот ҳажми, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар оқими, туризм салоҳияти ва инсон тараққиёти даражаси каби мезонларга мувофиқ сараланган. Барча давлатлар кўрсаткичи 100 балл олган Швеция натижасига нисбатан баҳоланган.



Муаллифларнинг таъкидлашича, рейтингнинг юқори поғоналаридан ўрин олган давлатларни бирлаштириб турувчи асосий омиллар — самарали давлат бошқаруви, сифатли ва оммабоп тиббиёт, юқори даражадаги хавфсизлик, кучли ижтимоий ҳимоя ҳамда фуқароларнинг давлат институтларига бўлган ишончи.

Рейтингда Европа давлатлари яққол устунлик қилди. Энг яхши 30 мамлакатнинг 20 таси Европа қитъасида жойлашган.

Тадқиқот натижалари бошқа нуфузли халқаро баҳолашлар билан ҳам уйғун. Масалан, Финландия кетма-кет тўққизинчи йил Жаҳон бахт индексида биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Дания, Норвегия ва Швеция ҳам аҳоли фаровонлиги, ижтимоий ишонч ва ҳаётдан қониқиш даражаси бўйича доимий равишда етакчилар қаторида.

Рейтингнинг қуйи қисмида эса узоқ давом этаётган қуролли можаролар, сиёсий беқарорлик ва иқтисодий муаммоларга дуч келган давлатлар жой олган. Ҳаёт сифати энг паст баҳоланган мамлакат Украина бўлди. Ундан кейин Эрон ва Ливан қайд этилди.

Тадқиқот муаллифлари таъкидлашича, бугунги кунда мамлакатнинг иқтисодий қудратининг ўзи етарли эмас. Юқори ҳаёт сифати самарали давлат бошқаруви, хавфсизлик, сифатли тиббиёт, кучли ижтимоий ҳимоя ва жамиятдаги ўзаро ишонч билан таъминланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид