Жаҳон | 23:00 / 04.12.2024
3004
2 дақиқада ўқилади

Рамзан Қодиров Илон Маск унга Cybertruck совға қилмаганини тан олди

Чеченистон етакчиси унга «Илон Маскнинг характери, ҳаёт тарзи, ўзини қандай тутиши қизиқ» эканини айтиб, «бирон бир тарзда хафа қилган бўлса» америкалик миллиардердан кечирим сўрашини билдирди.

Фото: Telegram/Рамзан Қодиров

Чеченистон еткачиси Рамзан Қодиров «тўғридан-тўғри эфир» вақтида америкалик миллиардер Илон Маск унга Cybertruck’ни совға қилмаганини тан олди.

Қодиров унга «Илон Маск, унинг характери, ҳаёт тарзи, ўзини қандай тутиши қизиқ» эканини таъкидлаган. «Мен у билан ижтимоий тармоқлар орқали ҳазиллашишни яхши кўраман. Машинани у менга совға қилмади, машина меники эмасди — мен шунчаки бу ҳазилни ўйлаб топдим ва тарқатдим», — дейди Рамзан Қодиров.

Чеченистон етакчиси «бирон бир тарзда хафа қилган бўлса» Маскдан кечирим сўрашини айтган. «Шундай давом эт. Сенинг характеринг, ўз нуқтаи назаринг бор, бизга бундай одамлар ёқади», — дейди Қодиров.

17 август куни Қодиров ўзининг Telegram-каналида томга пулемёт ўрнатилган Cybertruck’да Грозний бўйлаб ҳаракатланаётгани акс этган видеони эълон қилганди. Қодиров ёзганидек, у «электромобилни ҳурматли Илон Маскдан олган». Cybertruck «тез орада Шимолий ҳарбий округ зонасига юборилади» ва «аскарларимизга катта фойда келтиради», деган Чеченистон раҳбари. 

Кейинроқ америкалик тадбиркор Илон Маск Рамзан Қодировга Cybertruck электромобилини совға қилмаганини айтди. «Сиз ҳақиқатан ҳам россиялик генералга Cybertruck бердим, деб ўйлайсизми? Ажойиб. Сен ОАВнинг эскирган ёлғонлари яна бир мисолисан», деб ёзганди Маск ўзининг X ижтимоий тармоғида The New York Times журналисти Сэт Абрамсон постига изоҳ бериб.

Мавзуга оид