Ҳафтасига камида беш марта оз миқдорда қора шоколад истеъмол қилиш 2-тур қандли диабет ривожланиш хавфини 21 фоизга камайтириши мумкин. Янги тадқиқотга кўра, қора шоколад истеъмолини нолдан беш порциягача оширган сари унинг фойдали таъсири ҳам ортиб боради, деб ёзмоқда CNN.

Аммо бутун шоколад плиткасини ейишга шошилмаслик керак. Тадқиқотда бир порция атиги 1 унцияни (28 грамм) ташкил этган, шоколад эса қора бўлиши лозим. Сутли шоколад истеъмоли вақт ўтиши билан ортиқча вазн йиғилишига сабаб бўлади, бу эса 2-тур қандли диабет ривожланишининг асосий омилидир.

“Қора ва сутли шоколадда тахминан бир хил миқдорда шакар, ёғ ва калориялар мавжуд, аммо асосий фарқ шундаки, қора шоколадда какао кўпроқ”, — дейди тадқиқот етакчи муаллифи, Чан номидаги Ҳарвард жамоат саломатлиги мактаби докторанти Бинкай Лю.

Какао таркибида энг юқори миқдордаги флаваноллар бор, шунинг учун қора шоколад плиткалари ёрлиғида кўрсатилган какао фоизи қанчалик юқори бўлса, унда шунчалик кўп флавонол бўлади. Флаваноллар антиоксидант сифатида таъсир кўрсатиб, яллиғланишни камайтиради. Яллиғланиш юрак касалликлари ва қандли диабет каби сурункали касалликларни келтириб чиқариши ёки уларнинг кечишини оғирлаштириши мумкин.

“Ҳайвонлар устида ўтказилган тадқиқотлар ва одамлар иштирокидаги кичик экспериментал изланишларда флаваноллар инсулинга сезувчанликни яхшилаган ҳамда диабет патофизиологиясининг таркибий қисмлари бўлган оксидланиш стресси ва яллиғланишни камайтирган”, — деди Балтимордаги Жонс Ҳопкинс тиббиёт марказида диабетнинг олдини олиш ва соҳа бўйича таълим дастури ҳамраиси доктор Несторас Матиудакис.

“Шунинг учун қора шоколаддаги флавоноидларнинг юқори миқдори (сутли шоколадга қараганда) ижобий таъсир кўрсатиши мумкин”, — деди янги тадқиқотда иштирок этмаган Матиудакис.

Диабет муаммоси ортиб бормоқда

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари маълумотларига кўра, тахминан ҳар 10 нафар америкаликдан бири қандли диабет билан оғрийди ва уларнинг 95 фоизига 2-тур қандли диабет ташхиси қўйилган. Дунё миқёсида вазият янада жиддийлашмоқда: 2023 йил июлда ўтказилган тадқиқотда 2050 йилга келиб қандли диабет билан касалланганлар сони камида 1,31 миллиард кишигача кўпайиши мумкинлиги айтилган. 2021 йилда бу кўрсаткич 529 миллион кишини ташкил этган.

Ушбу тенденцияни келтириб чиқарувчи омилларга жисмоний фаолликнинг пастлиги, алкогол ва тамаки истеъмол қилиш, шунингдек, нотўғри овқатланиш, жумладан ултра ишлов берилган маҳсулотларга ҳаддан ташқари қарамлик киради.