Жаҳон | 18:39 / 14.12.2024
3212
2 дақиқада ўқилади

Туркия АҚШдан Газпромбанкка қарши санкцияларни юмшатишни сўради

Туркия Газпромбанк орқали битимларни амалга ошириш имконига эга бўлиш мақсадида уни санкциялар рўйхатидан чиқариш учун зарур аризаларни топширгани маълум бўлди.

Фото: Hurriyet

Туркия томони АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен бошчилигидаги делегация билан Анқарада ўтказилган музокаралар давомида Россиянинг Газпромбанкига нисбатан санкцияларни юмшатиш масаласини кўтарди, деб хабар беради Hurriyet газетаси.

Маълум қилинишича, Туркия Газпромбанк орқали битимларни амалга ошириш имконига эга бўлиш мақсадида уни санкциялар рўйхатидан чиқариш учун зарур аризаларни топширган. Америка томони аризалардан хабари бор экани ва ушбу «масала кўриб чиқилаётгани»ни маълум қилган.

Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарсон Байрактарнинг таъкидлашича, Газпромбанкка қарши санкциялар тўғрисидаги қарор Туркияга ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Аввалроқ Туркия ТИВ раҳбари Ҳоқон Фидан АҚШнинг Газпромбанкка қарши санкциялар жорий этганини танқид қилганди, чунки унинг сўзларига кўра, мамлакатдаги газ импортининг 40 фоизи «Газпром»га боғлиқ.

АҚШ Молия вазирлиги 2024 йил 21 ноябр куни Газпромбанк ва унинг олтита шуъба компаниясини санкциялар рўйхатига киритди. Вазирлик хабарида айтилишича, Россия Газпромбанкдан мамлакат ҳарбийлари учун тўловларни ўтказишда фойдаланмоқда. Эртаси куни Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШнинг Газпромбанкка қарши санкциялари «Европага газ етказиб берилишига халақит қилишга уриниш дея ҳисоблаш мумкинлигини» маълум қилганди.

Россия президенти Владимир Путин 5 декабр куни Россия гази учун тўловлар энди битта аниқ банк орқали тўлаш тартибини бекор қилганди. Илгари бундай — ягона — молиявий институт Газпромбанк эди. Шундай қилиб, Путин ўзининг 2022 йил 31 мартдаги фармонига ўзгартириш киритди, унда Газпромбанкка Россия гази учун тўловлар бўйича ягона адресат бўлиш ҳуқуқи берилган. Бундай молиявий операцияларни амалга ошириш учун хорижий харидорлардан рубл ва валютада махсус ҳисобрақамларини очиш талаб қилинди. Санкциялар киритилгандан сўнг, бу ҳисоблар автоматик равишда ўз аҳамиятини йўқотди.

Мавзуга оид