Ўзбекистон | 23:49 / 16.12.2024
320
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон элчиси Чехия президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Дилшод Аҳатов ўриндошлик асосида мамлакатнинг Чехиядаги элчиси этиб тайинланди.

Фото: dunyo.info

Ўзбекистоннинг Германиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Аҳатов (қароргоҳи Берлин шаҳрида) Чехия президенти Петр Павелга ишонч ёрлиқларини топширди.

Қайд этилишича, Чехия президентининг расмий қароргоҳи — «Прага қасри»да ишонч ёрлиқларини топшириш маросими доирасида фахрий қоровул иштирокида тадбир ўтказилиб, Ўзбекистон байроғи кўтарилган ва мамлакат мадҳияси янграган.

Суҳбат чоғида Петр Павел Ўзбекистонни Чехиянинг халқаро ҳамжамиятдаги муҳим ҳамкорларидан бири сифатида эътироф этган. Чехия раҳбари расмий Праганинг Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қизиқиши юқори эканига урғу берган.

«У сўнгги пайтларда мамлакатларимиз ўртасида сиёсий алоқалар мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаб, Ўзбекистон президентининг Чехия бош вазири Петр Фиала билан жорий йил 13 ноябр куни Бакудаги учрашуви ва мамлакат ташқи ишлар вазири Ян Липавскийнинг 21-22 октябр кунлари Тошкентга ташрифи юқори даражадаги мулоқотларнинг изчил фаоллашувига замин яратишини қайд этди», — дейилади хабарда.

Чехия етакчиси транспорт, машинасозлик, энергетика, тиббиёт каби соҳалардаги ҳамкорлик икки томонлама манфаатли бўлишини маълум қилган. Шунингдек, Петр Павел Европа Иттифоқининг «Глобал дарвоза» (Глобал Гатеwай) стратегияси доирасида транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни кучайтириш бўйича ҳамкорликни олиб бориш икки минтақанинг иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Дилшод Аҳатов 2023 йилнинг октябр ойида Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси сифатида Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаерга ишонч ёрлиқларини топширган эди. Дилшод Аҳатов Ўзбекистоннинг Швейцария ва Чехиядаги ўриндошлик асосида элчиси ҳам ҳисобланади.

Мавзуга оид