Ҳиндистон ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ чекловларни кучайтирди
Ҳиндистонда ҳаво сифати индекси 400 дан ошиб, «жиддий» даражага чиқди. Мамлакатдаги барча идоралари ходимларининг 50 фоизига уйдан ишлашга рухсат берилди.
Ҳиндистон ҳаво сифати ёмонлашгандан сўнг Ню-Деҳли ва ёндош ҳудудларда ифлосланишни енгишга ёрдам беришга қаратилган чекловларни кучайтирди, деб хабар беради Reuters.
Қайд этилишича, сўнгги тавсиялар 16 декабр куни ҳаво сифати индекси (AQI) кўрсаткичи 400 дан ошиб, «жиддий» даражага чиққанидан кейин берилган. Бу ифлосланишни бартараф этиш вазифаси топширилган ҳукумат органларининг фавқулодда йиғилиши ўтказилишига ҳам сабаб бўлган.
Душанба куни 5-синфгача бўлган ўқувчиларга татбиқ этилган аралаш дарслар (ҳам онлайн, ҳам офлайн) 10 ва 12-синфлардан ташқари барча синфларга нисбатан қўллана бошлаган.
Давлат идораларига иш вақтини босқичма-босқич белгилаш ҳақидаги дастлабки кўрсатма кенгайтирилиб, барча идораларга ходимларнинг 50 фоизига уйдан ишлашга рухсат бериш сўрови шаклида тақдим этилган.
Сешанба куни эрталаб Ню-Деҳлида AQI кўрсаткичи 424 ни ташкил этган. Шунингдек, ҳаво ҳарорати 5,9 даражагача пасайган, натижада, шаҳарни заҳарли тутун қоплаган ва аэропортда «кўриниш даражасининг пасайиши билан боғлиқ тартиб-қоидалар» жорий этилишига олиб келган.
Ҳаво сифатини бошқариш бўйича комиссия ифлосланишнинг кескин ошишини «жуда ноқулай метеорологик шароитлар ва шамол йўқлиги» билан боғлади. Шунингдек, у кўплаб қурилиш ишларини тақиқлашни буюрди.
Болалар, кексалар ва нафас олиш, юрак-қон томир, мия-қон томир ёки бошқа сурункали касалликлари бўлганларга очиқ ҳавода ҳаракат қилишдан қочиш ва имкон қадар ичкарида бўлиш тавсия этилмоқда.
Ҳар йили ноябр ва декабр ойларида Ню-Деҳлида ҳавонинг сифати кескин ёмонлашади. Бу пойтахтга ёндош бўлган штатларда ҳосил йиғиб олинганидан кейин содир бўлади. Фермерлар тақиқларга қарамай, қуриган хас-хашакларни ёқиб юборади. Натижада тутун ва куюнди пастроқ ҳудудда жойлашган Ню-Деҳлини қоплайди. Ҳинд олимларининг ҳисоб-китобларига кўра, бундай ҳаводан нафас олиш кунига 50 дона тамаки чекишдек гап.
Аввалроқ Шарқий Покистон ва Ҳиндистон шимолида ҳавонинг ифлосланиш даражаси шунчалик юқорики, оқибатда пайдо бўлган тутун коинотдан аниқ кўрина бошлагани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга оид
21:54 / 12.12.2024
Ҳиндистон ва Россия нефт бўйича тарихий келишувга эришди — ОАВ
23:45 / 09.12.2024
Ҳиндистонлик миллиардерларнинг умумий бойлиги 905 млрд доллардан ошди
11:04 / 04.12.2024
Uber Ҳиндистонда сув таксиси хизматини ишга туширди
14:33 / 01.12.2024