Спорт | 11:40 / 27.01.2025
20155
14 дақиқада ўқилади

«Барса»да 7 гол, Шомуродов «Рома»нинг камбэкига ёрдам берди. Кун ўйинлари

Мартинес яна «МЮ»ни қутқарди, «Милан» ақл бовар қилмас камбэк амалга оширди. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: Манчестернинг янги қаҳрамони

«Фулҳэм» — «Манчестер Юнайтед» 0:1
Гол:
Мартинес (78).
«Фулҳэм» – Лено, Робинсон, Басси, Андерсен, Кастан, Берге, Лукич (Кэрни, 82), Ивоби, Смит-Роу (Перейра, 82), Уилсон (Траоре, 53), Хименес (Муниз, 64).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Мартинес, Магуайр, де Лигт (Йоро, 58), Гарначо (Майну, 81), Диалло, Мазрауи (Маласиа, 81), Фернандеш, Угарте (Коллиер, 76), Далот, Ҳойлунд (Зиркзе, 58).
Огоҳлантириш: Угарте (73).

Ўтган турда «Брайтон»дан учралган мағлубиятдан кейин Рубен Аморим ҳозирда «МЮ» тарихдаги энг ёмон ҳолатида бўлиши мумкинлигини айтди. Ўйиндан кейин португалиялик мутахассис футболчилар билан оғир суҳбат ўтказган, ОАВга кўра, у кийим алмаштириш хонасидаги телевизорни синдириб ташлаган. 

Бу воқеалардан кейин «Фулҳэм»га қарши ўйинда жамоа ўзгача кайфиятда тушиши кутилганди, аммо мухлислар ўта зерикарли ўйинга гувоҳ бўлишди. Биринчи бўлимда меҳмонлар амалда бу мавсумни кучли рақибларга қарши муносиб ўтказаётган («Челси» мағлуб этилган, «Ливерпул» ва «Арсенал» билан ўйинларда очко қўлга киритилган) лондонликларга хавфли вазият яратишга йўл қўйишмади. Шу билан бирга, «қизил иблислар»нинг ўзи ҳам ҳужумда фаоллик кўрсатишмади ва яримта ҳам вазиятга эга бўлишмади. 45 дақиқа якунларига кўра зарбалар бўйича мезбонлар 5:1 кўринишида устунликка эришишди, бу статистикага де Лигтнинг зарбаси қўшилган, ҳолбуки ўша вазиятда нидерландиялик ҳимоячи шунчаки тўп учун курашган ва тўп унга тегиб дарвозага борганди.

Танаффусдан кейин манкунианликлар олдинга чиқа бошлашди, аммо 77-дақиқагача хавфли вазиятлар яратилмади. Кейин эса Лисандро Мартинес жарима майдони ташқарисида тўпга эга чиқиб зарба йўллади ва кичик рикошет ёрдамида дарвозани ишғол этди. Ўйин охирида эса 20 ёшли Тоби Коллайер иккинчи қаҳрамонга айланди. 89-дақиқада у бўш дарвозага кириб бораётган тўпни чизиқ устида бош билан тўхтатиб қолди. Жамоадошлари эса уни худди гол урилгандек ҳиссиётга берилиб табриклашди.

Бу ғалабадан кейин «МЮ» 12-ўринга кўтарилди, «Фулҳэм» 10-поғонада қолди.

«Тоттенҳэм» — «Лестер» 1:2
Голлар:
Ришарлисон (33) — Варди (46), Ал Ҳаннус (50). 
«Тоттенҳэм» – Кински, Грэй (Лэнкшир, 90+4), Дэвис, Дрэгушин, Порро, Сарр (Регилон, 54), Бентанкур, Бергвалль, Сон Хын Мин, Кулусевски, Ришарлисон (Мур, 54).
«Лестер» – Столярчик, Кристиансен, Вестергор, Фас, Жастин (Кулибали, 90+4), Сумаре, Уинкс, Декордова-Рид (Скипп, 86), Ал Ҳаннус (Буонанотте, 77), Айю (Коуди, 87), Варди (Дака, 77).
Огоҳлантиришлар: Декордова-Рид (61), Регилон (69), Жастин (71), Уинкс (75), Буонанотте (78), Столярчик (82).

«Тоттенҳэм» чўкишда давом этмоқда: уйда аутсайдер «Лестер»га қарши ўйинда ютқазди. Ҳолбуки лондонликлар ўйинни яхши бошлаганди, 33-дақиқада Ришарлисон ҳисобни очди. Унга узатма берган Педро Порро эса 2023 йил февралида «Тоттенҳэм»да дебют қилганидан буён 23-голли узатмани амалга оширди, у бу кўрсаткич бўйича Трент билан бир хил натижа кўрсатмоқда. 

«Лестер» эса танаффусдан кейин ўйинда бурилиш ясади, 46-дақиқада Жейми Варди Бобби Декордова-Риднинг қанотдан узатмасини голга айлантириб, мезбон фанатларга ўзида АПЛ чемпионлиги борлиги, уларда эса йўқлигини эслатиб қўйди. Августда ҳам Варди «Тоттенҳэм»га голини шундай жест билан нишонлаганди.

Тўрт дақиқа ўтиб Декордова-Риднинг яна бир узатмасидан кейин 20 ёшли яримҳимоячи Билол Ал-Ҳаннус «Лестер»га ғалаба келтирувчи голни урди. 

Бу мағлубиятдан кейин «Тоттенҳэм» 15-ўринга тушиб кетди (хавфли зонадан саккиз очко ажратиб турибди), клуб раҳбарияти Энже Постекўғли ўрнига янги мураббий қидиришга киришиши мумкин, жамоа декабр бошидан буён 8 бор ютқазди, фақат 20-ўриндаги «Саутҳемптон» бундан ёмонроқ кўрсаткич қайд этган (9).

Испания: Каталонияда голлар ёмғири

«Барселона» — «Валенсия» 7:1
Голлар:
Де Йонг (3), Торрес (8), Рафиня (14), Лопес (24, 45+4), Левандовски (66), Таррега (75, автогол) — Дуро (59).
«Барселона» – Шесни, Балде (Мартин, 60), Кубарси, Эрик Гарсия, Кунде (Форт, 71), де Йонг (Торре, 78), Касадо, Рафиня (Левандовски, 60), Лопес, Ямал (Виктор, 71), Ферран Торрес.
«Валенсия» – Мамардашвили, Гайя (Хесус Васкес, 60), Гасоровски (Кордоба, 82), Таррега, Фулке (Диакаби, 83), Риоха, Герра, Пепелу, Диего Лопес (Франсиско Перес, 60), Андре Алмейда (Ааронс, 60), Дуро.
Огоҳлантириш: Пепелу (70).

Чемпионлар лигасидаги «Бенфика»га қарши кечган «отишма» ўйиндан кейин (5:4) Ҳанси Флик таркибда кучли ротация амалга оширди. Бетоб бўлиб қолган Педри ва жароҳатланган Олмодан ташқари Араухо, Гави ва Левандовски захира ўриндиғида қолдирилди. Сўнгги вақтларда камдан кам майдонга тушаётган Френки де Йонг эса сардорлик боғичини олди ва айнан у 3-дақиқадаёқ жарима майдонига кириб бориб Ямалнинг узатмасини голга айлантирди. Ҳужум марказида ҳаракатланган Ферран Торрес эса тезда кўк-анорранглиларнинг устунлигини ошириб, собиқ жамоаси дарвозасига урган голини нишонламади.

Умуман олганда, аутсайдерга қарши («Валенсия» турнир жадвалининг қуйи қисмида қолмоқда) ўйин стартидаёқ чемпионатда тўрт ўйин давом этган ғалабасиз серияга (бунақаси Франк Райкард давридан буён кузатилмаганди) шу куни барҳам берилиши ойдинлашди. 14-дақиқадаёқ ҳисоб йириклашди: Ямал товонида пас берди, Фермин тўпни олдинга ташлади, Рафиня машғулотлардагидек енгил ҳаракат қилиб ҳимоячилардан қочиб кетди ва дарвозабонни ҳам алдаб ўтиб, тўпни бўш дарвозага йўллади.

24-дақиқа — салом, 4:0. Кубарси майдоннинг иккинчи қисмидан турибтўпни нариги дарвоза томон етказиб берди, рақиб ҳимоячилари ортига очилган Фермин Лопес яккама-якка вазиятдан фойдаланди, ўйиннинг қолган қисмида у яна бир гол уриб, икки голга узатма берди.

Испаниядаги статистикачилар дарҳол «Барса» охирги марта қачон 15-дақиқага қадар учта гол ургани (2008) ва танаффусгача бешта гол ургани (2015) ҳақидаги маълумотларни қидириб топишди. Аммо бу кечадаги асосий рақам — каталонияликлар бу мавсумдаги голлари сонини 100 дан оширгани бўлди. Юбилей голга иккинчи бўлимда майдонга туширилган Левандовски муаллифлик қилди. «Барса» бу довондан ўтиши учун 32 ўйин етарли бўлди.

Италия: Индзаги Аллегридан ўзиб кетди

«Милан» — «Парма» 3:2
Голлар:
Пулишич (38, пеналти), Рейндерс (90+2), Чуквуэзе (90+5) — Канчелери (24), Дел Прат (80).
«Милан» – Менян, Тео (Бартезаги, 46), Павлович, Габбия, Калабрия (Йович, 77), Рейндерс, Фофана (Чуквуэзе, 57), Муса, Леау (Бинносир, 46), Пулишич, Мората (Абраҳам, 57).
«Парма» – Сузуки, Валери, Валенти, Волякко, Дел Прато, Зом, Эрнани (Ҳаж Муҳаммад, 70), Михэилэ (Левик, 77), Ман (Алмквист, 69), Канчелери (Эно, 83), Журич (Камара, 70).
Огоҳлантиришлар: Павлович (12), Волякко (33), Зом (37), Фофана (43), Дел Прато (45+1), Ҳаж Муҳаммад (74), Эно (85).

«Милан» мавсумнинг энг беқарор жамоаларидан бири. Гоҳ «Ювентус»га ожизлик билан ютқазади, гоҳ ЕЧЛда ғалабали серия қайд этади. «Парма» билан ўйин ҳам жамоанинг ҳозирги ҳолатини ифода этиб беради. Россонерилар ташаббусга эгалик қилиб, аста-секинлик билан босимни ошириб боришди. Якунда эса меҳмонларнинг илк жиддий ҳужуми Канчелери тўпни олис бурчакка аниқ йўллаши билан якунланди. Моратанинг тезкор жавоб голи эса офсайд туфайли бекор қилинди. Фақат бўлим охирларида Пулишич пеналтидан ҳисобни тенглаштирди.

Миланликлар иккинчи бўлимга Рафаэл Леау ва Эрнандессиз чиқишди. Мезбонлар кучли босим уюштириб, рақибни жарима майдонига қамал қилиб қўйди, аммо ўйин охирларига келиб «Парма» рақибни қарши ҳужумларда жазолай бошлади. Менян Алмквист билан яккама-якка вазиятда қутқарди. Кейин яна бир ажойиб сейв амалга оширди, аммо қайтган тўпга етиб келган Делпратонинг зарбаси қаршисида ожиз қолди. Шармандали мағлубият яқиндек эди, аммо Сержиу Консейсау жамоаси ирода кўрсатди.

Аввалига Павловичнинг голи офсайд туфайли бекор қилинди, миланликлар эса тўхтаб қолишмади ва қўшимча дақиқаларда Рейндерс ҳисобни тенглашдирди, ўйин якунланиши арафасида Чуквуэзе «Сан-Сиро»га йиғилганларни ақлдан оздирди. 90-дақиқадан кейин деярли бой берилган ўйинда икки гол — бунақаси «Милан» билан аввал бўлмаганди. ЕЧЛда муҳим ўйин ва «Интер»га қарши дерби бўлиб ўтадиган қийин ҳафта арафасида бу камбэк жамоада ўзига бўлган ишончни орттириши тайин.

«Лечче» — «Интер» 0:4
Голлар:
Фраттези (6), Мартинес (39), Думфрис (57), Торимий (61, пеналти).
«Лечче» – Фалконе, Доргу, Жан, Баскиротто, Гилбер, Перре (Каба, 72), Кулибали (Рамадани, 46), Ҳелгасон, Моренте (Карлссон, 83), Крстович (Бурнете, 86), Перотти.
«Интер» – Зоммер, Бастони, де Врей (Биссек, 46), Дармиан, Карлос Аугусто, Мхитарян (Барелла, 58), Зелински, Фраттези (Аслани, 75), Думфрис (Бюкенен, 62), Тюрам, Мартинес (Торимий, 59).
Огоҳлантиришлар: де Врей (16), Торимий (82).

«Интер» эса «Лечче» майдонидаги ўйинни илк дақиқалардан ҳужумкорлик билан бошлади ва тезкор гол урилди. Анчадан буён голсиз серия қайд этаётган, аммо Симоне Индзаги ишонч билдиришда давом этаётган Фраттези Тюрамнинг узатмасига оёқ қўйиши етарли бўлди. Ушбу жуфтлик яна бир гол уюштирди, аммо кичик офсайд халақит берди. Бўлим охирида Лаутаро Мартинес меҳмонларнинг устунлигини оширди. Аргентиналик ҳужумчи жамоа сафидаги 112-голи билан ватандоши Мауро Икардини ортда қолдириб, «Интер»нинг хорижлик тўпурарлари рўйхатида иккинчи ўринга чиқди.

Иккинчи бўлимда Фраттези пеналти ишлаганида сардор голлари сонини ошириши мумкин эди, аммо у бу вақтга келиб захирага олинганди ва 11 метрлик нуқтага унинг ўрнига тушган Торимий яқинлашиб, ҳисобни янада йириклаштирди. Мураббий Лаутарони ЕЧЛ ўйини учун асради, аммо ҳужумчи майдонни тарк этишидан олдин шедевр паси билан ҳисоб йириклашишига ҳисса қўшганди. У ортида шериги очилаётганини ҳис қилиб, товони билан пас узатди, Думфрис эса тўпни олис бурчакка айлантириб йўллади. Индзагининг А сериядаги 200-ғалабаси чиройли кўриниш олди, Симоне юбилей ғалабага Массимилиано Аллегридан кўра тезроқ фурсатда эришиб, унинг рекордини янгилади.

«Удинезе» — «Рома» 1:2
Голлар:
Лукка (38) — Пеллегрини (50, пеналти), Довбик (64, пеналти).
«Удинезе» – Сава, Туре (Кабаселе, 7), Бийол, Кристенсен, Земура, Пайеро (Пафунди, 77), Карлстрем (Атта, 65), Ловрич (Эккеленкамп, 66), Модешту (Санчес, 78), Лукка, Товен.
«Рома» – Свилар, Ндика, Манчини, Челик (Шомуродов, 46), Балданзи (Ал-Шаъровий, 58), Анҳелино, Пеллегрини (Кристанте, 81), Коне, Пизилли, Ренсх (Залевски, 70), Довбик (Дибала, 81).
Огоҳлантиришлар: Челик (21), Пеллегрини (37), Карлстрем (52), Атта (80).

Римликлар аста-секин ўзига келмоқда. Раниери бошқарувидаги жамоа беш ўйинлик мағлубиятсиз серия қайд этмоқда, бу орқаликда «Милан» билан дуранг ўйналди (1:1), «Лацио»га қарши дербида ғалабага эришилди (2:0), «Парма» дарвозасига жавобсиз бешта гол урилди. Аммо Удинедаги ўйиннинг биринчи бўлими меҳмонлар учун муваффақиятсиз кечди, жамоа ўз имкониятларидан фойдалана олмади, бўлим охирида эса гол ўтказиб юборилди. Танаффусда мураббий Шомуродовни майдонга ташлашга қарор қилди ва бу жамоа ўйинини кучайтирди, иккинчи бўлим бошида Пеллегрини пеналтидан ҳисобни тенглаштирди, бироз ўтиб ўзбекистонлик ҳужумчи майдон марказида рақибдан тўпни олиб қўйди ва Довбик билан пас алмашганидан сўнг Ал-Шаъровийни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди, рақиб посбони эса қўполлик ишлатишга мажбур бўлди, украиналик ҳужумчи белгиланган 11 метрлик жарима зарбасидан ғалаба голини урди. Римликлар энди турнир жадвалида тўққизинчи ўринга кўтарилиб олди ва еврокубоклар йўлланмаси учун курашни давом эттирмоқда.

Кун статистикаси

Жозе Моуринио фаолиятида 2-марта ўз туғилган кунида чемпионат ўйинида ғалаба қозонди. 2002 йилда «Порту» «Маритиму» устидан ғалабага эришганди, якшанба оқшомида эса «Фенербаҳче» «Гезтепе»дан устун келди (3:2).

«Порту» миллий биринчиликда 5 турдан буён ғалаба қозона олмаяпти. Бу «аждарлар»нинг 2016/17 йиллар мавсумидан буён энг ёмон серияси, ўшанда жамоа Нуну Эшпириту Санту бошқарувида қаторасига беш ўйинда дуранг қайд этганди.

Якшанба куни «Лестер»га ютқазган «Тоттенҳэм» 7 ўйиндирки ғалаба қозона олмаяпти (=1-6). Бу «шпорлар»нинг 2006 йилдан буён энг ёмон серияси.

«Фенербаҳче» ҳужумчиси Ан-Носирий бу мавсумда бош билан 7 та гол урди. Бу Европа лигаларидаги энг юқори кўрсаткич.

«Брентфорд» вингери Дамсгор 8 голли узатма берди. Даниялик футболчи клубнинг АПЛдаги рекордини ўрнатди.

Пиер Сажа бош мураббийликка тайинланганидан буён «Лион» 100-голини урди. Аммо «тўқувчилар» «Нант» билан ўйинда ғалабали ҳисобни ушлаб қололмади (1:1) ва ўз мураббийи бошқаруви давридаги энг ёмон оралиқни бошдан кечирмоқда (=4-1).

«Астон Вилла» ҳужумчиси Олли Уоткинс АПЛда самарали ҳаракатлари бўйича 100 (69+31) балл тўплади.

 

Мавзуга оид

Эълонлар

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди