Жаҳон | 20:25 / 30.01.2025
5042
2 дақиқада ўқилади

Исроил фаластинлик маҳбусларни озод этишни тўхтатиб қўйди

Бинямин Нетаняҳу офисининг маълум қилишича, фаластинлик маҳбусларни озод этиш жараёнлари тўхтатилган. Исроил томони Қатар ва Мисрдаги воситачилар билан боғланиб, гаровдагиларнинг хавфсиз шароитда озод этилиши учун кафолат талаб қилган.

Фото: AP

Исроил ҳукумати ҲАМАСнинг гаровдаги исроилликларни озод этиш жараёнига норозилик билдириб, фаластинлик маҳбусларни озод этишни тўхтатиб қўйиш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу офиси баёнотига таяниб The Times of Israel хабар берди.

Қайд этилишича, фаластинлик маҳбусларни озод этиш кейинги гаровдагилар гуруҳи хавфсиз шароитда озод этилиши кафолатлари олинмагунга қадар тўхтатилади.

«Исроил воситачилардан бунга эришишни талаб қилади», — дейилади Нетаняҳу офиси баёнотида.

Таъкидланишича, ичида фаластинлик маҳбуслар бўлган автобуслар қамоқхона ҳудудидан чиқиб кетаётганида жараён тўхтатиб қўйилган.

30 январ куни гаровдаги Исроил фуқаролари — Арбел Йехуд ва Гади Моше Мозес Қизил Хочга топширилаётганда уларни оломон қуршаб олган. Исроил томони Қатар ва Мисрдаги воситачилар билан боғланиб, бундан норози эканини билдирган.

«Гаровга олинганлар озод этилаётганида содир бўлган даҳшатли манзарани кескин қоралайман», — деган Нетаняҳу.

30 январ куни ҲАМАС гуруҳи Қизил Хоч ходимларига Исроил фуқаролари — Агам Бергер, Арбел Йехуд ва Гади Моше Мозесни, шунингдек, беш нафар Таиланд фуқаросини топширди. Бунга жавобан Исроил қамоқхонадан 110 нафар фаластинлик маҳбусни озод этиши керак эди.

Тайёрлаган:  Фозилбек Юсупов

Мавзуга оид