«Ёмондан ёмонлар учун». Трамп ноқонуний мигрантларни Гуантанамога юборишни буюрди
Доналд Трамп АҚШнинг Гуантанамодаги ҳарбий-денгиз базасини ноқонуний мигрантларни жойлаштириш учун тайёрлашга фармон берди. АҚШ президентининг сўзларига кўра, базада бунинг учун 30 минг ўрин мавжуд. Бу қарор Лейкен Райли қонуни имзоланиши фонида қабул қилинди ва Трампнинг иммиграция сиёсатини амалга оширишдаги навбатдаги қадам бўлди.

Фото: Getty images
Оқ уй сайтида эълон қилинган меморандумга кўра, Доналд Трамп мудофаа вазири ва ички хавфсизлик вазирига Американинг Гуантанамо бўғозидаги базасида ўн минглаб мигрантларни жойлаштириш учун миграция маркази яратиш чораларини кўришга топшириқ берган. Президент «АҚШ ҳудудида ноқонуний бўлиб турган хорижликлар»ни сақлаш учун жойлар билан таъминлашни сўраган.
«Одамларнинг кўпчилиги бу ҳақда билмайди ҳам. Америка халқига таҳдид солувчи энг шафқатсиз нолегал жиноятчиларни назорат остида сақлаш учун Гуантанамода 30 000 жойимиз бор. Бу имкониятларимизни икки баравар оширади», — деган шу куниёқ Трамп.
Ҳужжатга кўра, бундай жойларни кенгайтириш «чегара орқали босқинни тўхтатиш, жиноятчи картелларни йўқ қилиш ва миллий суверенитетни тиклаш» учун зарурдир.
Мигрантлар учун Гуантанамо
Американинг Куба кўрфазида жойлашган Гуантанамо портидаги базаси биринчи навбатда терроризмга қарши курашиш доирасида қўлга олинган шахслар сақланадиган ҳарбий қамоқхона сифатида машҳур. Бундай тоифадагилар қамоқхонада ҳеч қандай жиноий айбловларсиз номаълум муддатгача ушлаб турилиши мумкин.
Ҳуқуқ фаоллари бир неча бор Гуантанамода қийноқлар қўллангани ҳақида хабар беришган, президент Барак Обама ўз президентлиги даврида қамоқхонани ёпишни ваъда қилган, аммо бу амалга ошмаганди. Америка матбуоти хабарларига кўра, у ерда ҳозирга келиб атиги 15 маҳбус қолган.
BBC’нинг Марказий Америка бўйича мухбири Уилл Грант эслатишича, бу база ҳудудида ҳарбий қамоқхонадан ташқари алоҳида миграция маркази ҳам бор. Шу вақтгача бу марказда асосан АҚШ ҳудудига денгиз орқали ноқонуний киришга уринганида ушланган кишилар сақлаб келинган.

Трампнинг Гуантанамода ўн минглаб мигрантлар учун жой тайёрлаш ҳақидаги қарорига «чегара ҳукмдори» (Border Czar) Том Ҳоман (у чегара назорати ва ноқонуний иммиграция билан курашишда асосий куратор ҳисобланади) муносабат билдирган. Унинг сўзларига кўра, қарорни ижро этиш учун мавжуд миграция маркази кенгайтирилади. Кубада жойлашган объектни Майамидан бошқариладиган миграция маркази бошқаради.
Аввалроқ янги мудофаа вазири Пит Ҳегсет Пентагон сақлаш марказларини «жуда тез» ташкил этиши мумкинлигини ва Гуантанамо бунинг учун «идеал жой» эканини айтганди.
Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм эса база у «ёмонларнинг ёмонлари»ни ҳибсда сақлаш учун захирага олиниши мумкинлигини айтган.
Шу билан бирга, CNN агентлиги қайд этишича, ҳозирда базада ўн минглаб кишиларни жойлаштириш имконияти йўқ. Бундан ташқари, АҚШ кўрфазга марказ фаолиятини таъминлаш учун кўп миқдорда ҳарбий ходимларни ҳам юбормоқда.
Куба ҳукумати дарҳол бу режани қоралаб чиқди. Куба президенти Мигел Диас-Канел АҚШнинг янги ҳукумати минглаб мигрантларни Гуантанамога юбориш режаси ҳақида эълон қилиб, «шафқатсизлик актини содир этганини» билдирди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Бруно Родригес Парриля эса бу ғоя «инсонийликка ва халқаро ҳуқуққа ҳурматсизликни намойиш этиши»ни айтган.
Лейкен Райли қонуни
Трамп Гуантанамодаги қамоқхонани қайта жиҳозлаш ниятини Лейкен Райли номидаги қонунни имзолаш чоғида билдирган. Бу қонун ташаббуси 2024 йил февралида Жоржия штатида Венесуэладан бўлган ноқонуний мигрант Хосе Ибарра томонидан ўлдирилган талаба қиз шарафига номланган. Ибарра АҚШдан бошпана сўраган ва ўз сўрови иммиграция судида кўриб чиқилгунига қадар озодликда қолиш имконига эга бўлган. Аввалроқ уни бошқа жиноятлар учун қўлга олишганди.
Райлини ўлдиргани учун суд Ибраррани умрбод қамоқ жазосига ҳукм этди.

Лейкен Райли қонуни АҚШда ноқонуний бўлиб турган хорижликлар ўғрилик ёки зўравонликда гумон қилинганида ҳуқуқ-тартибот органлари уларга ҳеч қандай айблов эълон қилмасдан туриб ҳам қўлга олишини кўзда тутади. Бундан ташқари, у штатлар прокурорларига иммиграция қонунларига риоя этмаганлик учун штатларига зарар етказилган деб ҳисоблаган ҳолатларда федерал ҳукуматни судга беришга имкон беради.
Мазкур ҳужжат Доналд Трамп ўзининг иккинчи президентлик муддатини бошлаганидан буён имзолаган илк қонун бўлди. Конгресс ташаббусни бир ҳафта олдин қўллаб-қувватлаган, у республикачиларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинган.
Associated Press агентлиги қайд этишича, кўплаб демократлар Лейкен Райли қонуни қабул қилиниши дўконлардаги ўғрилик каби майда жиноятлар учун ҳам ёппасига ҳибсга олиш ҳолатларига олиб келиши туфайли ушбу ташаббусга қарши чиққан.
Тавсия этамиз
Муддат қўювчи Трамп: бунинг охири борми?
Жаҳон | 22:09 / 24.04.2025
Тошкентда автомобилни рўйхатдан ўтказиш учун онлайн ариза бериш мумкин бўлди
Ўзбекистон | 20:34 / 24.04.2025
Стоматология поликлиникалари хусусийлаштирилади
Ўзбекистон | 10:56 / 24.04.2025
Божхонадаги чекловлар: фуқаро божни тўлай олмаса, нима бўлади?
Ўзбекистон | 22:43 / 23.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Камаядиган божсиз лимит, сотиладиган заводлар ва Лавровнинг нолиши — ҳафта дайжести
Ўзбекистон | 23:15 / 26.04.2025
-
2024 йилнинг энг очиқ ва энг ёпиқ давлат ташкилотлари маълум қилинди
Ўзбекистон | 21:57 / 26.04.2025
-
Дафн маросими ва уруш
Жаҳон | 21:30 / 26.04.2025
-
Класико интригалари. «Барса»да ҳам бўш нуқталар бор, «Реал» эса ҳакамларга жиддий босим уюштирди
Спорт | 19:27 / 26.04.2025
Мавзуга оид

21:30 / 26.04.2025
Дафн маросими ва уруш

15:38 / 26.04.2025
Трампнинг янги режаси, Путиннинг сулҳи, Киевнинг талаблари — Геосиёсий ҳафта таҳлили

13:54 / 26.04.2025
Ғарбий соҳилдаги қувғинлар, Фаластин учун курашаётган Ҳарвард ва портлатилган рус генерали — кун дайжести

12:04 / 26.04.2025