Жаҳон | 19:47 / 31.01.2025
3838
3 дақиқада ўқилади

Россия фойдасига жосуслик қилишда айбланаётган Болгария фуқароси Лондон судида кўрсатма берди

Косметолог сифатида фаолият юритиб келган 30 ёшли Ваня Габерова «Интерпол учун ишлаяпман» деб ўйлаган. Жосусликда гумонланаётган яна бир фигурант унга «кузатув бўйича топшириқлар» бериб келган.

Фото: PA Media

Буюк Британия ҳукумати Россия фойдасига жосуслик қилишда айблаган болгариялик 30 ёшли Ваня Габерова суддаги кўрсатмасида «Интерпол учун ишлаяпман», деб ўйлаганини маълум қилди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Олд-Бейли судида Габерова жосусликда айбланаётган бошқа гумонланувчи — 43 ёшли Бизер Жамбазов билан муносабатларига оид айрим тафсилотлар ҳақида гапирди. Аёлнинг сўзларига кўра, улар 2021 йил августда учрашишни бошлаган, шундан кейин эркак унга «кузатув бўйича топшириқлар» беришни бошлаган.

Тиббий курер бўлиб ишлаган Жамбазов унга Интерпол ходимининг сохта гувоҳномасини кўрсатган. Шунингдек, у Габеровага полицияга ишга жойлашишда ёрдам беришини айтган. «Мени ҳибсга олишганида ҳам [2023 йил февралда] нимадир нотўғри экани ҳақида ўйламадим», — дейди Габерова.

Шундан кейин у Габеровага Христо Грозевнинг (болгариялик журналист) терговини кузатаётгани, у коррупцияга алоқадор эканини айтган. 2021 йил 12 сентябр куни улар биргаликда Валенсияга учиб келган — Грозев ҳам шу ерда бўлган. Габерова аэропорт автотураргоҳида уни кузатиш бўйича топшириқ олган, сўнг Грозев тўхтаган меҳмонхонагача ортидан борган.

Габерова кузатув вазифаси тайёргарликдан ўтмаган одамга топширилганини нима учун ўйлаб кўрмагани тўғрисидаги саволга қуйидагича жавоб қайтарган: «Жамбазовда ҳамма нарсага жавоб бор эди». Хусусан, унинг айтишича, «тайёргарликдан ўтмаган одамлар кузатувни яхшироқ эпларкан, чунки улар одамлар орасида ажралиб турмайди».

Россия фойдасига жосуслик қилиш иши бўйича олти киши гумонланмоқда. Габерова ва Жамбазовдан ташқари, Катрин Иванова, Тихомир Иванчев, Орлин Русев ва Иван Стоянов. Уларга қарши жиноият иши очилгани тўғрисида 2023 йил сентябрда маълум бўлган.

Жамбазов ўз айбига иқрор бўлган. Унинг сўзларига кўра, эркак Русев бошқарган жосуслик тармоғи таркибида вазифаларни бажариб келган. Ўз айбига иқрор бўлган Русев Ян Марсалекка ишлаганликда айбланмоқда (Марсалек — Wirecard молиявий стартапининг собиқ бош директори, у компания ҳисобларидан 1,9 миллиард евро ўғирлашда гумон қилинмоқда).

2024 йил декабрда ишга алоқадор шахслар судда The Insider асосчиси, россиялик журналист Роман Доброхотовни ўлдиришга тайёргарлик кўрганини маълум қилган.

Габерова косметолог бўлиб ишлаган. У киприк ўстириш бўйича мутахассис.

Мавзуга оид