Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа Иттифоқи АҚШдан янги божлар ҳақида ёзма билдиришнома олмади
Европа Иттифоқи ўз экспортига божлар киритиш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпти, бироқ Европа бизнеси манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлса, жавоб қайтаради, дея маълумот берди Еврокомиссия.
Европа Иттифоқи ҳали АҚШдан Европа Иттифоқининг пўлат ва алюминийсига қўшимча божхона тўловларини жорий этиш тўғрисида ёзма хабарнома олмаган ва шунинг учун қўшимча тафсилотларни аниқламай туриб, ҳеч қандай жавоб чораларини кўрмоқчи эмас. Бу ҳақда 10 феврал, душанба куни Еврокомиссия (ЕК) маълум қилди. ЕК таъкидлаганидек, ҳозирда «Европа Иттифоқи ўз экспортига тарифларни жорий қилиш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпти». «Биз Европа бизнеслари, ишчилари ва истеъмолчилари манфаатларини асоссиз чоралардан ҳимоя қилиш учун жавоб берамиз», — дейилади ҳужжатда.
Шу билан бирга, Европа Комиссияси «тарифларни жорий этиш ноқонуний ва иқтисодий жиҳатдан тескари бўлишини, айниқса, Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан трансатлантик савдо ва инвестициялар орқали яратилган чуқур интеграциялашган ишлаб чиқариш занжирлари»га зарар етказишини таъкидлади.
«Тарифлар моҳиятан солиқ ҳисобланади. Қўшма Штатлар тарифларни жорий қилиш орқали ўз фуқароларини солиққа тортади, бизнес харажатларини оширади ва инфляцияни кучайтиради. Божлар ҳам иқтисодий ноаниқликни кучайтиради ва глобал бозорларнинг самарадорлиги ва интеграциясини бузади», — дейилади баёнотда.
Макрон Трампни ЕИ билан савдо урушига киришмаслик ҳақида огоҳлантирди
Франция президенти Эммануэл Maкрoнга кўра, АҚШнинг Европа Иттифоқи товарларига божлар жорий этиши инфляциянинг ошишига олиб келиши билан Америка иқтисодиётига зарар етказиши мумкин. Maкрoн 10 феврал куни CNN телеканалига берган интервюсида Вашингтонни Европа Иттифоқи билан савдо урушини бошлаш ўрнига Хитой, Яқин Шарқдаги инқироз ва Украинадаги урушга қарши туришга эътибор қаратишга чақирди.
«Европа сизнинг иттифоқдошингиз ва агар сиз Европа сармоя, мудофаа ва хавфсизлик масалаларида кўпроқ иштирок этишини истасангиз, тараққиётга умид қилсангиз, бу АҚШ манфаатларига мос келади, деб ҳисоблайман, божлар билан таҳдид қилиб, Европа иқтисодиётига зарар етказмаслигингиз керак», деб таъкидлади Франция президенти.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Европа Иттифоқига божхона тўловлари билан таҳдид қилиб, Европа билан савдо тақчиллигини камайтириш зарурлигини айтиб ўтганди. Европа Иттифоқи тегишли жавобга тайёр эканини маълум қилди. Бир кун аввал Трамп барча давлатлар учун истисносиз АҚШга пўлат ва алюминий импортига 25 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилди. Унинг биринчи президентлик давридаги худди шундай ҳаракат АҚШ ва Брюссел ўртасида кескин савдо можаросига олиб келди. Ўшанда Европа Иттифоқи бир қатор Америка товарлари, жумладан, Harley-Davidson мотоцикллари ва Levi Strauss кийим-кечак брендига ўзининг махсус божларини ўрнатди.