Жаҳон | 13:37 / 14.02.2025
1749
2 дақиқада ўқилади

Трамп Россия ва Хитой билан ядровий қурол назорати бўйича музокаралар ўтказмоқчи

АҚШ президенти Россия ва Хитой билан ядро қуролларини назорат қилиш бўйича музокаралар ўтказмоқчи. Трамп Путин ва Си билан уч томонлама учрашув ҳақида ўйлаяпти.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп Россия ва Хитой билан ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича музокаралар ўтказмоқчи. Америка етакчиси 13 феврал, пайшанба куни Оқ уйнинг Овал кабинетида тегишли баёнот билан чиқди.

Сиёсатчи охир-оқибат уч давлат ҳам мудофаа бюджетларини ярмига қисқартиришга келишиб олишига умид қилмоқда, дея хабар беради AP агентлиги.

«Бизга янги ядровий қуроллар (ЯҚ)ни ишлаб чиқишнинг ҳожати йўқ, бизда уларнинг кўпи бор... Биз ҳаммамиз кўп пул сарфлаймиз, уни бошқа нарсаларга йўналтиришимиз мумкин эди, бу эса, умид қиламанки, анча самаралироқ», — дея таъкидлади у.

Уч томонлама формат

Америка етакчиси, шунингдек, Россия ва Хитой раҳбарлари Владимир Путин ва Си Жинпинг билан уч томонлама учрашувни тасаввур қилаётганини таъкидлади, дея аниқлик киритди dpa агентлиги.

Трамп Яқин Шарқ ва Украинада «ҳамма нарсани ҳал қилишимиз» биланоқ тегишли форматдаги музокаралар бошланиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Ўзининг биринчи муддати давомида Трамп Хитойни ядровий қуролларни қисқартириш бўйича музокараларга жалб қилишга уриниб кўрди, аммо муваффақиятсизликка учради, деб эслатади AP.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид