Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ бош котиби Гутерриш Украинада «адолатли тинчлик» ўрнатишга чақирди
Украинадаги уруш «нафақат Европа тинчлиги ва хавфсизлигига, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асослари ва асосий тамойилларига ҳам жиддий таҳдид солади», деди Антониу Гутерриш.
Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий ҳужуми бошлаганининг уч йиллиги арафасида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш яна бир бор адолатли ва мустаҳкам тинчликка чақирди. «Етарли. Уч йиллик ўлим ва вайронагарчиликдан сўнг мен кескинликни зудлик билан юмшатиш ва жанговар ҳаракатларни тўхтатишга чақирувимни яна бир бор такрорлайман», — деб ёзди Гутерриш 23 феврал, якшанба куни X ижтимоий тармоғида.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби постидан келиб чиқадики, «адолатли тинчлик» деганда у «Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасида, БМТ Низоми, халқаро ҳуқуқ ва Бош Ассамблея резолюцияларига мувофиқ суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитликни тўлиқ қўллаб-қувватлайдиган» тинчликни назарда тутади.
«Украинадаги уруш нафақат Европадаги тинчлик ва хавфсизликка, балки БМТ асослари ва асосий тамойилларига ҳам жиддий таҳдид солади», — деди Гутерриш. «Мен адолатли ва кенг қамровли тинчликка эришишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни олқишлайман. БМТ бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр», — деди у.
Зеленский Украина бўйича тинчлик музокаралари ҳақида
Украина президенти Володимир Зеленский 14 феврал куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида сўзлаган нутқида Россия билан «жуда оғир» тинчлик музокараларини кутаётганини, лекин ҳар қандай вақтда «ҳақиқий музокараларга» тайёр эканлигини айтди.
Кейинчалик, 23 феврал куни Зеленский, Украинада тинчлик ўрнатилиши ёки Киевнинг НАТОга қўшилиши эвазига давлат раҳбари лавозимини тарк этишга тайёрлигини айтди. «Агар тинчлик Украина учун бўлса, агар сиз ҳақиқатан ҳам ўз лавозимимни тарк этишимга муҳтож бўлсангиз, мен тайёрман. Иккинчи ҳолат, агар шундай шартлар мавжуд бўлса, уни НАТОга алмаштиришим мумкин», — дея таъкидлади у.