Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига қарийб 200 тадан содир этилган жиноятлар тўғри келди
2024 йилда мамлакатда 132 298 та жиноят содир этилган. Жиноятчиликнинг асосий улушини ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари ташкил этиб, уларнинг 59,4 фоизи ёшлар ва 36,1 фоизи илгари судланганлар томонидан содир этилган.
2024 йилда республикада содир этилган умумий жиноятларнинг 92,4 фоизи фош этилган. Қидирувдаги шахсларнинг 8 736 нафари ушланган ва бедарак йўқолганларнинг 567 нафари топилган.
Бу ҳақда 26 феврал куни Сенатда ўтган Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида Ички ишлар вазирлиги масъуллар ахборотида айтиб ўтилди.

Жумладан, мажлисда ИИВнинг 2024 йилда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси борасида тегишли вазирлик ва идоралар билан олиб борган ҳамкорликдаги ишлари юзасидан ахбороти эшитилди.
Вазирлик маълумотига кўра 2024 йилда ходимларнинг ташаббуси билан 27 953 та жиноят аниқланган бўлиб, мазкур амалиёт 23,4 фоизга яхшиланган.

Бундан ташқари, 3 880 нафар шахслар томонидан содир этилган 3 293 та коррупция ва иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар аниқланиб, улар оқибатида етказилган 239 млрд 584 млн сўм миқдоридаги зарар ундирилиши ҳамда одам савдоси жиноятини содир этган 219 нафар шахсга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланган.
Бевосита маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилган. Натижада жами маҳаллаларнинг 30,6 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган. Ўз навбатида, жиноятлар қайд этилган маҳаллаларнинг 14,3 фоизи “қизил” тоифага киритилган.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган 54 минг нафардан ортиқ хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Оилавий муаммолар ва зўравонликка дуч келган хотин-қизларнинг 625 нафари аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига жойлаштирилган.
Муҳокама жараёнида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси йўналишида муайян камчиликлар, ўз ечимини кутаётган масалалар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Хусусан, 2024 йилда мамлакатда 132 298 та жиноят содир этилган. Жами жиноятлар сони мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига қарийб 200 тадан тўғри келган.
Олди олиниши лозим бўлган жиноятлар сони ҳанузгача жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда.

Олди олиниши мумкин бўлган жиноятчиликнинг асосий улушини ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари ташкил этиб, уларнинг 59,4 фоизи ёшлар ва 36,1 фоизи илгари судланганлар томонидан содир этилган.
Бундан ташқари, жиноятларнинг 7 мингдан ортиғи ишсизлар томонидан содир этилгани, жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари ҳам самарали ҳал этилмаётгани айтиб ўтилди.
Киберхавфсизлик йўналишида 58,8 мингта жиноят содир этилгани ва уларнинг 97,7 фоизи фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пулларни қўлга киритиш билан боғлиқлигини танқид остига олди.
Шу билан бирга, мажлисда барчамизни ташвишга солаётган яна бир масала – йўл-транспорт ҳодисаларининг сони юқорилигига ҳам эътибор қаратилди.

Қўмита раисининг сўзларига кўра автомобил йўлларида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари сони, унда жароҳатланганлар ва вафот этганлар сони 2023 йилга нисбатан камайишга эришилган бўлса-да, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат ҳали ҳам тўлиқ ва самарали ўрнатилмаган.
Оқибатда ҳисобот даврида 9 364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, 8 901 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 203 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг 47,1 фоизи ҳайдовчилар томонидан пиёдага йўл бермаслик ҳамда 22,8 фоизи белгиланган тезликка, 3,7 фоизи ухлаб қолиши ва 3,6 фоизи светофорга амал қилмаслик оқибатида содир бўлган.
Республика ҳудудида шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда йўловчи ташувчи автобусларни назорат қилиш бўйича ўтказилган махсус рейд тадбирларида автобусни маст ҳолда бошқариш билан боғлиқ 61 та ҳолат аниқланган.
Кўриб чиқилган масала юзасидан Қўмитанинг аниқ таклиф ва тавсиялари акс эттирилган тегишли қарори қабул қилинди.


Мавзуга оид
13:30 / 16.06.2026
Тошкентда мактаб ўқувчилари иштирокидаги жиноий гуруҳ ушланди
19:45 / 13.06.2026
Сенат аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
15:29 / 13.06.2026
Сенат Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонунни рад этди
20:25 / 10.06.2026