Жаҳон | 19:51 / 03.03.2025
3337
2 дақиқада ўқилади

Германияда машина одамлар устига ҳайдалди. Ҳалок бўлганлар бор

Таъкидланишича, автомобил Манҳейм шаҳридаги Galeria Kaufhof савдо маркази яқинидаги одамларни босиб кетган. Машина ҳайдовчиси қўлга олингани айтилмоқда.

Фото: AP

Германия жануби-ғарбидаги Манҳейм шаҳрида автомобил одамлар устига ҳайдалди, деб хабар беради маҳаллий Mannheim 24 нашри. Маълумотларга кўра, қора йўлтанламас шаҳар маркази бўйлаб катта тезликда ҳаракатланган; бир неча киши жароҳат олган.

Манҳейм шаҳридаги университет шифохонаси интенсив терапия бўлинмасида «тревога» эълон қилинган. Mannheimer Morgen нашрининг ёзишича, ҳодиса оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган. Bild’нинг хавфсизлик хизматидаги манбаларига таяниб маълум қилишича, ҳалок бўлганлар сони икки кишини ташкил этмоқда.

Таблоид маълумотларига кўра, автомобил Galeria Kaufhof савдо маркази яқинидаги пиёдалар ҳудудида бўлган одамларни босиб кетган. Мазкур ҳудудда, шунингдек, ярмарка фаолият юритмоқда. Машина ҳайдовчиси қўлга олингани айтилмоқда.

Манҳейм полициясининг қайд этишича, шаҳар марказида операция ўтказилмоқда. ОАВга кўра, Манҳеймда йўл ва кўприклар ёпилган, шаҳар устида вертолёт айланмоқда.

Бу Германияда уч ой ичида учинчи маротаба одамлар устига машина ҳайдалишидир. 20 декабр куни Магдебургдаги рождество ярмаркасида юз берган воқеа оқибатида беш киши ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ инсон жароҳат олганди.

13 феврал куни эса машина Мюнхенда ўтказилган касаба уюшмалари намойиши иштирокчилари устига ҳайдалган эди. Оқибатда 28 киши жароҳат олганди. Полиция автомобилни бошқарган 24 ёшли афғонистонликни қўлга олган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид