Амударё ҳавзасида мавжуд ерусти сувларининг умумий қисқариши Қўштепа канали ва иқлим ўзгариши ҳисобига 2028 йилда 18,9 фоизгача, 2030 йилда 29,4 фоизгача етиши мумкин. Сув танқислиги минтақа учун жиддий оқибатларни келтириб чиқаради.
Марказий Осиё мамлакатлари кун тартибидаги энг ўткир ва долзарб мавзулардан бири – сув танқислиги. Аҳолининг табиий ўсиши ва сув истеъмоли кўпайиши, иқлим ўзгариши натижасида аномал иссиқ об-ҳаво янги меъёрга айланиб бораётгани, қорли кунлар сонининг қисқариши, шунингдек, сув ресурсларидан иррационал фойдаланиш бу муаммони чуқурлаштиряпти.
Юқоридаги сабабларнинг эҳтимолий оқибатларини юмшатиш учун имкон қадар курашиляпти. Аммо охирги йилларда яна бир жиддий муаммо пайдо бўлди – Қўштепа канали.
“Толибон” ҳукумати 2022 йил март ойидан бошлаб Балх вилоятида ўнлаб йиллар давомида “ухлаб ётган” орзуси – улкан канал қуришни бошлади. Узунлиги 285 км, эни 100 метр, чуқурлиги 8,5 метр бўлиши кўзда тутилган бу ирригация лойиҳасининг қиймати қарийб 700 млн долларни ташкил қилиши мумкин.
Каналнинг қурилиши уч босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, 2024 йилнинг охиридаги маълумотларга кўра, қурилишнинг иккинчи босқичида 81 фоиз ишлар якунланган. Канални тўлиқ қуриб битказиш 2028 йилга режалаштирилган.
Энг нозик нуқталар
Халқаро экспертларнинг фикрича, энди қурилишни тўхтатишнинг иложи йўқ. Масаланинг янада хавотирли жиҳати шундаки, агар қурилишда зарур ресурслар, масалан, цемент меъёридан кам ишлатилса ёки ишлар нотўғри лойиҳалаштирилса, сувнинг эҳтимолий йўқотилиши каррасига ошади. Юз минглаб куб метр сув ерга сингиб кетиб, тупроқ шўрланади. Шу жиҳатдан, зарарни минималлаштириш учун “Толибон” ҳукуматини канал қуриш жараёнида замонавий технологиялардан фойдаланишга ундаш, зарур техник талаблар ва мажбуриятлар қўйиш мақсадга мувофиқ.
Сўнгги йиллардаги Россия-Украина уруши, Яқин Шарқдаги нотинчликлар фонида глобал майдонда афғон муаммосига эътибор сусайиб кетди. Бу борадаги ташаббусни минтақа давлатлари ўз қўлига олиши лозим. Чунки “Толибон”нинг мураккаб муҳандислик ишларини уддалай олишига нисбатан саволлар бор.
Бундан ташқари, Амударё сувидан фойдаланиш ва уни тақсимлаш бўйича Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ўртасида имзоланган умумий келишув йўқ. 1946 йилда Кобулда совет иттифоқи ва афғон ҳукумати ўртасида Амударё бўйича музокаралар ўтказилган















