Бундай об-ҳаво шароитида қишлоқ хўжалиги экинлари ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шундай экан, жазирама иссиқнинг стрессли таъсирини юмшатиш учун агротехник тадбирларни илмий асосда ўтказиш зарур.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фермерлар ва деҳқонларга қатор тавсияларни берди.

Жумладан, даладаги ишларни эрталаб соат 10:00 гача бажариш, соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган иссиқ вақт оралиғида эса ишларни тўхтатиш, дала шароитида ишлаётганлар учун қуёшда қолган пластик идишлардаги сувдан фойдаланмаслик, тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаслик айтилди.

Пахтачиликда

Ғўзани жазирама иссиқ ва сув танқислигига чидамлилигини ошириш учун биостимуляторлар, суспензиялар, аммиакли селитра билан озиқлантириш, томчилатиб суғориш, ва қатор ораларига маҳаллий ўғитлар билан мулчалаш тавсия этилади. Биостимуляторлар ва суюқ ўғитлар (бор, молибден, рух, мис, темир, марганец, кобальт, азот, фосфор) билан баргдан озиқлантириш, шунингдек, зараркунандаларга қарши махсус препаратлар қўллаш зарур.

Дала четидаги ариқ, зовур, тут дарахтлари атрофлари бегона ўтлардан тозаланиб, 2-3% ИСО қайнатмаси билан ишлов берилиши керак. Сув сепиш машиналари ёрдамида дала атрофида микроиқлим яратиш ҳамда зарарли ҳашаротларнинг кўчишини олдини олиш муҳим.

Эгатлаб суғориладиган майдонларда ўғитлар 2-4 чинбарг ҳолатида 50 кг/га азотли, шоналаш даврида эса 75 кг/га азотли ва 50 кг/га калийли ўғитлар билан озиқлантириш тавсия қилинади. Тунда суғориш, тупроқ намлигини сақлаш ва сувнинг беҳуда буғланишини камайтиришга ёрдам беради. Интенсив технологияда парваришланаётган ғўза майдонларида томчилатиб суғориш 3-4 соат давомида 100-120 м³/га миқдорида тез-тез амалга оширилиши керак.

Ғаллачиликда

Марказий ва шимолий ҳудудларда ғалланинг ўртапишар ва кечпишар навларини экилган майдонларни тунда шарбат усулида суғориш тавсия этилади. Тоғ ва тоғ олди ҳудудларида эса, ҳаво ҳарорати 30°C дан ошмаган пайтларда, эрталаб соат 10:00 гача ёки кечқурун 17:00 дан кейин биостимуляторлар орқали баргдан суспензия усулида озиқлантириш зарур.

Шоличиликда

Ҳарорат 38–40°C дан ошганда тупроқни доимий нам ҳолда сақлаш, яъни сув сатҳи 5–10 см атрофида бўлиши лозим. Сув ресурсларини тежаш мақсадида ротацион суғориш ва тик қудуқ, зовур сувларидан фойдаланиш тавсия этилади.