Жаҳон | 14:15 / 07.03.2025
8889
9 дақиқада ўқилади

ҲАМАСдан Трампга, Путиндан Макронга жавоблар, Залужнийнинг баёнотлари ва Саудияда кутилаётган музокаралар — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

ҲАМАС Трампнинг таҳдидларига жавоб қайтарди

ҲАМАС вакили Ҳазим Қосим АҚШ президенти Доналд Трампнинг сўнгги баёнотлари Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш ва асирлар алмашинуви келишувини хавф остига қўяётганини маълум қилди.

Қосимнинг айтишича, Трампнинг таҳдидлари Исроилни келишув шартларини бузишга рағбатлантирмоқда. Унинг сўзларига кўра, ҲАМАС биринчи босқич бўйича барча мажбуриятларни бажарган, аммо Исроил иккинчи босқични амалга оширишдан бош тортмоқда.

«АҚШ бу келишувнинг кафилларидан бири эди. Ҳужжат барча асирларни уч босқичда озод қилишни кўзда тутади. ҲАМАС ўз мажбуриятларини бажарди», — деди Қосим ва Вашингтонни Исроилга босим ўтказиб, уни музокараларга қайтаришга чақирди.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social саҳифасида Исроилдан барча асирларни озод қилишни талаб қилди ва ҲАМАС аъзолари ҳеч қаерда ўзини хавфсиз ҳис қилмаслигини таъкидлаган эди. Шу билан бирга, АҚШ яқинда 3 млрд долларлик ҳарбий ёрдамни Исроилга тақдим этишни тасдиқлади.

Британия Сурияга айрим санкцияларни бекор қилди

Буюк Британия ҳукумати Суриянинг 24 та ташкилотига, жумладан, Марказий банки ва нефт компанияларига нисбатан санкцияларни бекор қилди. Бу ҳақда мамлакат Молия вазирлиги маълум қилди.

Саккизта банк, шу жумладан Саноат банки ва Сурия тижорат банки, шунингдек Al Furat, General Petroleum Corporation, Syria Trading Oil Company каби нефт компаниялари «қора рўйхат»дан чиқарилди. Syrian Arab Airlines авиакомпаниясига нисбатан чекловлар ҳам олиб ташланди.

Санкцияларнинг бекор қилиниши Сурияда ҳокимият ўзгаргани билан боғлиқ. Декабр ойида Башар Асад ҳукумати ағдарилгандан сўнг, Британия чекловларни юмшатиш ниятида эканини маълум қилганди. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи Суриядаги янги ҳокимиятнинг қарорларига қараб ўз санкция сиёсатини белгилашини билдирган.

Путиндан Макронга жавоб

Россия президенти Владимир Путин Франция раҳбари Эммануэл Макрон Россия ҳақидаги баёнотларига жавобан 1812 йилдаги Наполеон юришининг муваффақиятсизлиги ҳақида эслатди.

Москвада «Ватан ҳимоячилари» фонди вакиллари билан учрашувда Путин Смоленск ва Наполеон урушлари музейи ҳақида гапириб, «баъзи кишилар ўша даврларни орзу қилади, аммо оқибатни унутиб қўяди», деди. У Франция Россияни забт эта олмагани ва бу сафар ҳам муваффақиятга эришолмаслигини таъкидлади.

«Бундай жасур йигитлар билан, сизларнинг фарзандларингиз ва дўстларингиз билан Россияни забт эта олмайди», — деди у рус аскарининг онасига мурожаат қилиб.

Макрон чоршанба куни халққа мурожаатида Россияни Франция ва Европага таҳдид деб атаган ҳамда ядровий тийиб туриш бўйича стратегик муҳокамалар бошланганини эълон қилган эди.

Украина ва АҚШ Саудияда музокаралар ўтказади

Украина президенти Володимир Зеленский Киев ва Вашингтон музокара гуруҳлари ишни қайта бошлаганини ва Саудия Арабистонида «мазмунли учрашув» бўлишини кутаётганини маълум қилди.

Fox News ва Axios маълумотларига кўра, музокаралар 12 март куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида ўтказилади. АҚШ делегациясига давлат котиби Марко Рубио, Миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Майк Уолтц ва президент Доналд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф бошчилик қилади. Украина томонидан президент офиси раҳбари Андрей Ермак иштирок этади.

AFP агентлиги музокаралар 11 мартда Жиддада ҳам бўлиши мумкинлигини хабар қилди. Учрашувда тинчлик келишувининг асосий йўналишлари ва ўт очишни вақтинча тўхтатиш масаласи муҳокама қилинади.

Залужний: «Украинада фронтда одам қолмади»

Украина Британиядаги элчиси, собиқ Бош қўмондон Валерий Залужний армияда одам етишмовчилиги жиддий даражага етганини ва уруш мамлакат учун истиқболсиз тўқнашувга айланганини маълум қилди.

Лвивдаги чиқишида у мобилизация ресурслари тугаганини ва ҳатто аёлларни оммавий жалб қилиш ҳам етарли бўлмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, украин армияси 50 минг аскарни йўқотган, 300 мингдан ортиқ ҳарбий яраланган. Уруш Украина учун фақат йўқотишлар келтираётганини қайд этди.

Залужний Россиянинг йўқотишлари ҳақида ҳам маълумот бериб, у ерда 250 мингдан ортиқ ҳарбий ҳалок бўлганини, лекин кўп сонли аҳоли ва мажбурий мобилизация тизими туфайли Москва фронтда устунликни сақлаб қолаётганини айтди.

Валерий Залужний АҚШни Ғарб бирдамлигини бузиш ва Европа хавфсизлигини хавф остида қолдиришда ҳам айблади.

«АҚШ жаҳон тартибини вайрон қилмоқда. Вашингтон Ғарб бирлигини шубҳа остига қўйди», — деди у. Залужний НАТОнинг заифлашуви Россияга Европа устидан устунлик беришидан хавотир билдирди.

Залужний айни пайтда Украинадаги энг машҳур шахс бўлиб қолмоқда. Socis агентлигининг феврал ойи сўровларига кўра, унга 73,3 фоиз фуқаролар ишонч билдирган. Унинг рейтинги 51,3 фоиз қўлловга эга ҳарбий разведка раҳбари Кирил Буданов ва амалдаги президент Володимир Зеленскийнинг 39,6 фоизлик кўрсаткичларидан юқори.

Брюсселда Европа мудофааси муҳокама қилинди

Европа Иттифоқи раҳбарлари Брюсселдаги фавқулодда саммитда Европа мудофаа салоҳиятини ошириш ва Украинани қўллаб-қувватлаш чораларини муҳокама қилди. Саммитда мудофаа харажатларини ошириш ҳақида келишувга эришилди. Бу қарор АҚШ президенти Доналд Трампнинг Европа ўз хавфсизлигини мустақил таъминлаши кераклигини билдирганидан сўнг қабул қилинди.

Германиянинг эҳтимолий канцлери Фридрих Мерц ва Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта Европа ҳарбий қудратини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Франция президенти Эммануэл Макрон эса Европа хавфсизлигида Франциянинг ядровий потенциали ролини муҳокама қилишни таклиф қилди.

Саммитда АҚШнинг Украинага ёрдамни тўхтатишига жавобан Киевни қўллаб-қувватлаш стратегияси ҳам муҳокама қилинди. Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Украина президенти Володимир Зеленский билан биргаликда Европа хавфсизлиги тобора катта таҳдид остида эканини таъкидлади.

27 давлат раҳбарлари бюджет чекловларини енгиллаштиришга рози бўлди, бу ҳарбий харажатларни ошириш имконини яратади. Шунингдек, Еврокомиссия миллиардлаб евро сарфлаш имкониятини ўрганиши топширилди. Тахминларга кўра, бу чора-тадбирлар мудофаа йўлида 650 млрд евро ажратишга имкон беради. Шунингдек, 150 млрд евролик кредит дастури муҳокама қилинмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский Брюсселдаги учрашувдан сўнг «Тезкор тинчлик йўлидаги таклифлар» тайёрланаётганини эълон қилди.

Шу билан бирга, Венгрия ва Словакия одатдагидек саммит қарорларининг айрим бандларига қарши чиқмоқда.

Европа Хитойни тинчлик жараёнига жалб қиладими?

Европа АҚШ ва Россиянинг Украина бўйича бир томонлама келишувига йўл қўймаслиги учун Хитой билан ҳамкорлик қилиш имкониятини кўриб чиқиши лозим, деб ёзмоқда Chatham house.

Маълум қилинишича, Вашингтон Киевга ҳарбий ёрдамни қисқартириб, Москва билан музокараларга мойиллик билдираётган бир пайтда, Европа ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун геосиёсий стратегик манёвр қилишга мажбур.

Хитойнинг Украинага нисбатан позицияси зиддиятли бўлса-да, у тинчлик музокараларида Европа ва Украина иштирок этиши тарафдори. Шу билан бирга, Пекин Россияга таъсир ўтказа олади ва Америка билан кескинликни пасайтиришда рол ўйнаши мумкин. Европа Хитой билан мулоқот қилиш орқали АҚШ босимига қарши кураша олади ҳамда ўз мудофаа салоҳиятини қайта тиклаш учун вақтдан ютади.

Европа бу ҳолни Хитойнинг халқаро имижини мустаҳкамлаш имконияти сифатида кўрсатиб, уни фаол иштирокка чорлаши мумкин.

Бироқ Европа Хитой билан ҳамкорликка тайёр бўлса, Пекинга айрим иқтисодий имтиёзлар бериш талаб қилиниши мумкин. Масалан, Хитойнинг Украинадаги урушдан кейинги тикланиш жараёнида иштирок этиши ва Хитой электр автомобилларига нисбатан Европадаги баланд бож тарифларини қайта кўриб чиқиш орқали.

Экспертларга кўра, Европа раҳбарлари дунё геосиёсий манзарасида кўп қутблилик ҳукмронлигини тан олиб, мувозанатли стратегик муносабатларни шакллантириши зарур. Ғарбдаги либерал тизимни дунё миқёсида ёйишга интилиш хато бўлиши мумкин. Агар Европа Хитойни музокараларга жалб қилишга тайёр бўлмаса, АҚШ ва Россиянинг бир томонлама битими унга оғир оқибатлар келтириши мумкин.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид