Жаҳон | 22:44 / 07.03.2025
3053
2 дақиқада ўқилади

Полшада барча эркаклар ҳарбий йиғинлардан ўтиши мажбурий бўлади

Полша бош вазири Доналд Туск ҳозирги 200 минг кишилик армияни 500 минг кишига етказиш кераклигини айтди.

Фото: Getty images

Полшада барча эркаклар учун ҳарбий тайёргарликни мажбурий қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Сеймдаги чиқиши давомида мамлакат бош вазири Доналд Туск маълум қилди.

«Биз жорий йил охирига қадар Полшадаги ҳар бир эркак тайёргарликдан ўтган бўлиши ва ушбу захира потенциал таҳдидларга мос келишини таъминловчи қонун лойиҳасини тайёрлашга ҳаракат қиламиз», — дейди бош вазир Туск.

Полша ҳукумати раҳбарининг маълум қилишича, ҳозирги 200 минг кишилик армияни 500 минг кишига етказиш, жумладан, захирадагилар сонини ҳам ошириш керак. Шу билан бирга, ҳукуматнинг ҳисоблашича, аёллар ҳам ҳарбий хизматдан ўтиш ҳуқуқига эга, аммо «уруш асосан эркаклар майдонлигича қолмоқда».

Туск ўз чиқиши давомида мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизига қадар ошириш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Бундан олдин Полша мудофаага йўналтириладиган маблағларни ЯИМнинг 4,7 фоизига қадар оширишни эълон қилганди — бу НАТО давлатлари орасидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Аввалроқ Полша бош вазири 155 миллиард евролик рекорд сармоялар ҳақида эълон қилганди. Унинг катта қисми хавфсизликка йўналтирилади.

Мавзуга оид