Жаҳон | 13:09 / 10.03.2025
3955
8 дақиқада ўқилади

Электрдан узилган Ғазо, Суджага газ қувури орқали ҳужум ва Трамп келиши билан янада бойиган россиялик миллиардерлар — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроил Ғазода электр таъминотини тўхтатди

Исроил Ғазо секторида электр энергияси узатилишини тўхтатди. Бу қарор энергетика вазири Эли Коэн томонидан қабул қилинди ва ҲАМАСга босимни ошириш ҳамда гаровга олинган 59 нафар шахсни озод этиш мақсадида амалга оширилди.

Коэнга кўра, Исроил ўз фуқароларини қайтариш ва ҲАМАС ҳукмронлигини йўқ қилиш учун барча воситалардан фойдаланади. Аввалроқ, Исроил Ғазога гуманитар ёрдам етказилишини ҳам тўхтатганди.

Тел Авив ҲАМАСни ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувнинг биринчи босқичини узайтиришдан бош тортганликда айблади. Ҳукумат бу келишув муддати тугаши билан Исроил армияси эксклавни тарк этиши кераклигини таъкидлаган эди. Нетаняҳу эса музокаралар натижасидан келиб чиқиб, Ғазода электр таъминотини бутунлай узиб қўйиш эҳтимолини ҳам истисно этмади.

Шунингдек, Исроилнинг ҳужумлари Ғазодаги 1244 та масжиддан 1109 тасига зарар етказгани маълум қилинди. Уларнинг орасида Умар буюк масжиди ва Ал-Ҳолдий масжидлари ҳам бор. Ғазонинг исломий мерослари вайроналарга айлантирилган, дейилади Ғазодаги вақф ва дин ишлари бўйича вазирлиги маълумотномасида.

Разведка маълумотларисиз Украина йўқотишларга учрамоқда

АҚШнинг Украинага разведка маълумотлари етказишни тўхтатиши Россияга фронтнинг муҳим нуқталарини босиб ўтиш имконини берди ва Украина армиясида оғир йўқотишларга сабаб бўлди.

Time нашрига кўра, бу қарор натижасида юзлаб украиналик ҳарбийлар ҳалок бўлган. Украиналик бир офицернинг таъкидлашича, АҚШ ўз мажбуриятларидан воз кечгани сабабли Украина армияси бир қатор асосий қуроллардан фойдалана олмаяпти, бу эса жангчиларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Айниқса, Россиянинг Курск областида вазият оғирлашган. Украина раҳбарияти ушбу ҳудудни Россия билан бўлажак музокараларда мустаҳкам позиция сифатида кўриб келаётган эди. Президент Зеленский Курскни Россияга босим ўтказиш учун стратегик ҳудуд деб ҳисоблаб келаётганди.

Аммо АҚШ разведка маълумотларининг йўқлиги украиналикларни россиялик бомбардимончи ва ҳужумчи самолётларини олдиндан аниқлаш имконидан маҳрум қилди, бу эса ҳарбийлар ва тинч аҳоли учун жиддий таҳдид туғдирмоқда.

Россия аскарлари Суджага газ қувури орқали ҳужум қилди

Россиялик ҳарбийлар Курск областида Украина кучлари ортидаги ҳудудга «Уренгой-Помари-Ужгород» газ қувури орқали яширинча ўтгани ҳақида хабар қилинмоқда.

Ҳарбий Телеграм-каналлар маълумотига кўра, россиялик аскарлар 13 км масофани диаметри 1,4 метрлик қувур ичида ҳаракат қилиб босиб ўтган. Улар кислород баллонлари ва сув захиралари билан таъминланган ҳолда Украина босиб олган ҳудудига кириб борган.

Бу усул Россия армиясига Суджа ҳудудида тўсатдан пайдо бўлиши ва Украина кучларини ҳимоясиз ҳолатда ушлаш имконини берган.

Украина Генштаби қувурдан фойдаланилганини тасдиқлади, аммо кенг миқёсли ҳужум ҳақидаги хабарларни рад этди. The Telegraph маълумотларига кўра, Россия фронт чизиғини икки йўналишда бузиб ўтгани боис 10 минг украин ҳарбийси қуршовда қолиш хавфига дуч келган.

АҚШ Россия флотини кузатишдан бош тортди

Кейинги қарорлари кўпроқ Россия манфаатини кўзлаб чиқарилаётган АҚШ ҳукумати Канаданинг Россия «яширин флоти»ни кузатиш учун G7 нинг махсус гуруҳини тузиш тўғрисидаги таклифини рад этди.

Bloomberg манбаларига кўра, таклиф G7 саммитида муҳокама қилиниши лозим бўлган ва АҚШ нафақат унга вето қўйган, балки қўшма баёнотдан Россияга нисбатан «санкциялар» жумласини ҳам чиқариб ташлашни талаб қилган.

Эслатиб ўтамиз, G7 саммити 12-14 март кунлари Канадада бўлиб ўтади.

Феврал ойида Financial Times газетаси ҳам Вашингтон G7 баёнотида Россияни «босқинчи» деб аташга қарши чиққанини хабар қилганди.

Шунингдек, 4 март куни АҚШ Канада товарларига 25 фоиз бож жорий этди. Оттава жавобан АҚШ маҳсулотларига шундай чора кўрди. Сўнгра яна бу қарор бир ойга сурилди. Доналд Трамп Канадага қарши божларни икки баробар оширишни ваъда қилган, Жастин Трюдо эса уни савдо уруши бошлаётганликда айблади.

Илон Маск Украина фронтини қулатиш билан таҳдид қилди

Илон Маск Starlink тизими Украина армияси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, агар у ўзига тегишли сунъий йўлдошли алоқани ўчирса, Украина қўшинларининг фронт чизиғи бир зумда қулайди.

Маск Украина уруши йиллар давом этган «боши берк кўчага кириб қолган қонли тўқнашув» эканини айтди ва мамлакат охирида мағлуб бўлишини тахмин қилди. «Буни тушунадиганлар ушбу қирғинни тўхтатишни истайди», — деди у.

Украина Starlink терминалларини биринчи марта 2022 йил февралда олган. SpaceX ушбу хизматни Украина армияси ва фуқаролик инфратузилмаси учун тақдим этган ва уруш давомида у ҳал қилувчи алоқа воситасига айланган.

Бу орада Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маскнинг бойлиги Tesla ва бошқа компаниялар акциялари котировкасининг пасайиши туфайли йил бошидан бери 102 миллиард доллардан ортиққа камайгани маълум қилинди.

Трамп келиши билан россиялик миллиардерлар янада бойиди

Доналд Трамп АҚШ президентлигига қайтганидан сўнг Илон Маск 100 млрд долларидан айрилган бўлса, шу муддат ичида Россиядаги миллиардерларнинг умумий бойлиги 16,5 млрд долларга ошган.

Bloomberg маълумотларига кўра, энг катта ўсиш Алишер Усмонов активларида кузатилган — унинг бойлиги 3,19 млрд долларга ошиб, эндиликда 16,4 млрд долларни ташкил этмоқда.

Владимир Потаниннинг бойлиги 2,22 млрд долларга ошиб, 30,1 млрд долларга етди. Федерация кенгаши аъзоси Сулаймон Керимов эса 1,68 млрд доллар даромад қилди.

Умумий ҳисобда, 2024 йил давомида энг бой 25 россияликнинг умумий бойлиги 18,5 млрд долларга ошган эди.

Расмий Вашингтон Москва билан муносабатларни яхшилашни кўриб чиқмоқда. АҚШ президентининг махсус вакили Кит Келлог Россия билан алоқаларни тиклаш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Трамп Россияга қарши янги санкциялар ва божлар жорий этиш масаласини ўрганмоқда.

АҚШ суди: Хитой Covid-19 учун жавобгар

АҚШнинг Миссури штати суди Хитой ҳукуматини Covid-19 тарқалиши тўғрисидаги маълумотларни яширганликда айбдор деб топиб, 24 млрд доллар жаримага тортди.

Суд қарорига асосан, расмий Пекин пандемия хавфини камайтириб кўрсатгани, шахсий ҳимоя воситаларини йиғиб, уларни монополия қилгани ва дунёда вирусга қарши чоралар кўришни қийинлаштиргани айтилади.

Миссури бош прокурори 2020 йилда ушбу даъвони киритган. Суд қароридан сўнг штат расмийлари Хитой активларини мусодара қилиш орқали жаримани ундиришга ваъда бермоқда. Хитой ҳукумати эса айбловни рад этмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2019 йил декабрда Уҳанда пневмония тарқалгани ҳақида маълумот олган. 2020 йил мартда Covid-19 пандемия деб эълон қилинди. Охирги маълумотларга кўра, 7 миллиондан ортиқ киши коронавирус қурбони бўлган.

АҚШда 15 йил ичида илк марта жиноятчи отилди

АҚШнинг Жанубий Каролина штатида 67 ёшли Бред Кит Сигмон отув йўли билан қатл қилинди. Бу АҚШда сўнгги 15 йил ичида илк маротаба ушбу усулда ижро этилган ўлим жазоси бўлди.

Маҳкум 2001 йилда ўзининг собиқ севгилисининг ота-онасини бейсбол таёқчаси билан ўлдиргани учун ўлимга ҳукм қилинган эди.

Сигмон электр курсиси ёки ўлимга олиб келадиган инъекциядан бош тортиб, отувни танлади. У махсус стулга ўтқизилиб, девордаги махсус тешиклар орқали ўқ узилди.

АҚШда отув орқали қатл кам учрайдиган жазо шакли бўлиб, бу мамлакатда 1977 йилдан бери тўртинчи ҳолатдир.

Ушбу қатлдан аввал қамоқхона олдида жамланган намойишчилар ўлим жазосига қарши плакатлар кўтариб чиқишди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид