Жаҳон | 13:34 / 11.03.2025
6279
9 дақиқада ўқилади

Трамп ва Нетаняҳу ўртасида совуқчилик, алавийларни бостириб, курдлар билан келишган Сурия ва Саудияда кутилаётган музокаралар — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Трамп ва Нетаняҳу ўртасида совуқчилик

АҚШ ва Исроил муносабатларида таранглик кучаймоқда. АҚШ вакилларининг ҲАМАС билан бевосита музокараларга киришгани Исроил ҳукуматида норозилик уйғотган.

Вашингтон расмий вакили Адам Бёлер ҲАМАС вакили билан учрашиб, гаровга олинганларнинг тақдирини муҳокама қилган. Исроил бу ҳаракатни танқид қилиб, АҚШ ҳукуматидан ишончсизлик билдиришини талаб қилди. Бёлер эса CNN эфирида: «Биз Исроилнинг агентлари эмасмиз, ўз манфаатларимиз бор», — деб таъкидлади.

Исроил вазирларидан Ави Дихтер бу ҳаракатни хавфли деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, бундай ташаббуслар Исроил билан мувофиқлаштирилмаган ва жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

Бу орада Исроил Қатарда ҲАМАС билан музокараларни давом эттиришни режалаштирмоқда. Агар келишувга эришилмаса, Ғазода ҳарбий ҳаракатлар қайтадан бошланиши мумкин.

Сурия: алавийларга ҳужум, курдлар билан келишув

Сурия ҳукумати Асад тарафдорларига қарши ҳужумларни якунлаганини эълон қилди. Латақия ва Тартус вилоятларида алавийлардан 1500 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, улар орасида тинч аҳоли вакиллари ҳам бор.

Суриялик таниқли актриса Нур Али ҳодисаларга бевосита гувоҳ бўлганини айтиб чиқди. Унга кўра, «Ҳайъат таҳрир аш-Шом» гуруҳи жангарилари томонидан алавийларнинг уйларига босқин уюштирилган. Актрисанинг таъкидлашича, ҳарбийлар фуқароларни ўлдирган ва уйларни ёқиб юборган.

«Ҳайят Таҳрир аш-Шом» жангарилари Кардаҳа шаҳрида алавийларни оммавий қирғин қилиб, уйларни ёққани акс этган видеоларни ҳам тарқатди. Кадрдаги жангари 300 нафар тинч аҳолини ўлдирганини эътироф этган. Шунингдек, ўликларни тоғга элтиб, қоядан ташлаб юборишаётгани тасвирлари ҳам пайдо бўлди. Амалдаги ҳукуматга қарши кучлар бу ҳолни жиноят изларини БМТ вакилларидан яширишга уриниш, деб изоҳлашган.

Туркиянинг Истанбул, Анқара ва бошқа йирик шаҳарларида алавийлар Суриядаги қирғинга қарши намойишга чиқиб, Анқарадан бу ҳолатга аралашишни талаб қилди.

Бу орада Сурия ҳукумати ва «Сурия демократик кучлари» ўртасида оташкесим ва ҳарбий кучларни бирлаштириш бўйича келишув имзоланди. Бу ҳақда 10 март куни Суриянинг муваффат президенти Аҳмад аш-Шаръа ва СДК қўмондонлиги расман эълон қилди.

Келишувга кўра, Сурия демократик кучлари таркибидаги асосий ҳарбий тузилмалар Сурия армиясига қўшилади. Бу эса Ироқ ва Туркия чегарасидаги ҳудудларни вақтинчалик ҳукумат назоратига ўтказишга йўл очади.

Зеленский Трампдан узр сўради

Украина президенти Владимир Зеленский Доналд Трампга расман узрнома йўллаган. Бу ҳақда АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Fox News эфирида маълум қилди.

Унга кўра, Зеленский Оқ уйдаги можароли учрашувдан сўнг Трампга мактуб йўллаб, кечирим сўраган. Бу ҳаракатни Уиткофф «муҳим қадам» деб баҳолади.

28 феврал куни Оқ уйдаги учрашувда томонлар ўртасида тортишув келиб чиққан. Трамп ва унинг ўринбосари Жей Ди Вэнс Зеленскийни АҚШ ёрдамига миннатдорлик билдирмаганликда ва тинчлик музокараларига тайёр эмасликда айблаган. Украин делегацияси учрашувни муддатидан олдин тарк этган.

4 март куни Зеленский АҚШ қурол етказиб беришни тўхтатганидан сўнг Трамп билан ҳамкорликка тайёрлигини билдириб, музокараларга тайёр эканини эълон қилди.

Шу ҳафтада Саудия Арабистонида АҚШ ва Украина делегациялари музокара ўтказиши режалаштирилган. Зеленский аллақачон Саудия Арабистонига учиб борган.

Украина бўйича оташкесим музокаралари

Украина Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган музокараларда АҚШни ҳарбий ва разведка соҳасидаги ёрдамни қайта тиклашга кўндиришга уринмоқчи, деб ёзмоқда Financial Times. Нашр манбаларининг маълум қилишича, бунинг учун Киев Россияга қисман ўт очишни тўхтатишни таклиф қилмоқчи.

Financial Times’га кўра, Киевнинг қисман сулҳ таклифи дронлар ва узоқ масофага зарба берадиган ракеталардан фойдаланишни тақиқлаш, шунингдек, Қора денгизда ҳарбий ҳаракатларни чеклашни ўз ичига олади.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио исталган тинчлик келишуви доирасида Украина ҳудудий ён беришга мажбур бўлишини таъкидлади. Шу билан бирга, у Россия ҳам урушни тўхтатиш ёки унинг шаклини ўзгартириш учун «қийин қарорлар қабул қилиши» лозимлигини айтди.

Рубионинг сўзларига кўра, АҚШ Киевга тинчлик шартларини қўйишни режалаштирмаяпти. Вашингтоннинг мақсади — Украина «қанчалик узоқроқ боришга тайёр» эканини билиш ва уни Россия позицияси билан солиштириш. Шунингдек, Давлат котиби АҚШ ёрдамининг вақтинча тўхтатилганига изоҳ бериб, президент Трамп можарони бартараф этиш учун икки томонни музокара столига олиб келиш учун «барча мавжуд воситалардан фойдаланишга тайёр эканлигини» қайд этди.

Трамп: «Украинани АҚШ ёрдами ҳам қутқаролмайди»

АҚШ президенти Доналд Трамп Украинага ёрдам тикланиши учун Володимир Зеленскийдан катта ён беришларни кутмоқда. Fox News билан суҳбатда у Украина ҳатто Америка қўллови билан ҳам омон қолмаслиги мумкинлигини билдирди.

Трамп Зеленскийни АҚШдан маблағ олишни осонлик билан уддалаганликда ва шунга муносиб миннатдорлик билдирмаганликда айблади. «У пулларни конфетдек олиб кетди», — деди у Байден маъмурияти даврида Украинага берилган миллиардлаб долларда ўлчанадиган ёрдам ҳақида гапирар экан.

NBC News маълумотига кўра, Трамп энди Киевдан нафақат нодир ресурслар бўйича битим, балки Россия билан музокараларга тайёрлигини, шунингдек, оккупация қилинган ҳудудлар бўйича ён беришларни ҳам талаб қилмоқда.

Bild нашрининг ёзишича, токи Зеленский Украина президенти лавозимини тарк этмас экан, Трамп Украинага ҳарбий ёрдамни тикламайди. Нашрга кўра, АҚШ президенти Зеленский сиймосида ҳамкорни эмас, тўсиқни кўрмоқда ва уни лавозимдан кетишга мажбур қилади.

Канада ва Британия Трампдан норози

Канада бош вазири Жастин Трюдонинг ўрнини эгаллаши кутилаётган либералларнинг янги етакчиси Марк Карни «Канада ҳеч қачон АҚШ таркибига кирмаслиги ва савдо урушида Вашингтонга кескин жавоб қайтариши»ни эълон қилди.

Карни ўз нутқида Трампни «безори» деб атаб, Вашингтон томонидан божларнинг жорий этилишига жавобан «долларга қарши доллар» принципини таклиф қилди. У АҚШни «Канадага нисбатан ҳурмат кўрсатмагунча» шундай жавоб қайтариш зарурлигини билдирди.

Шунингдек, Карни Канада иқтисодиётида жиддий ўзгаришлар зарурлигини таъкидлаб, миллий суверенитетни ҳимоя қилишнинг муҳимлигини алоҳида урғулади. У аввал ҳам Украинани қўллаб-қувватлашини билдирган эди.

Лондон эса АҚШ президенти Трампнинг Россия билан гўё қудратли давлат сифатида мулоқот олиб бориши ва энг яқин иттифоқчиларни менсимаслиги туфайли қаттиқ ғазабланмоқда. Бу ҳақда Россия Ташқи разведка хизмати маълум қилди.

Буюк Британия ҳукумати ушбу вазиятда биринчи навбатда Оқ уйнинг Украина бўйича тинчликпарварлик ҳаракатларини бузишни мақсад қилган. Британия оммавий ахборот воситалари ва тегишли нодавлат ташкилотларига Трампни «тинчликни сақлашда ёмон ном қозонган ва Кремлнинг манипуляцияларига осон учрайдиган шахс» сифатида кўрсатиш вазифасини юклаган.

Украина дунёдаги энг йирик қурол импортчиси

Украина қурол-яроғ хариди бўйича дунёда етакчи давлатга айланди. Стокҳолм тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) маълумотларига кўра, 2020–2024 йилларда мамлакатнинг қурол импортидаги улуши 8,8 фоизни ташкил этган.

Россия билан уруш Украина қуролланишини кескин оширди. АҚШ Киевнинг асосий қурол-яроғ етказиб берувчиси бўлиб, мамлакат импорт қилиб олган қуролнинг 45 фоизини таъминлади. Германия ва Полша эса мос равишда 12 ва 11 фоизлик улушга эга.

Жаҳон қурол бозоридаги мувозанат ҳам ўзгарди. АҚШ қурол экспортини 43 фоизга ошириб, етакчиликни сақлаб қолди. Россия эса санкциялар ва ички эҳтиёжлар сабабли 64 фоизлик йўқотишга учради. Шу боис Франция 9,6 фоизлик улуш билан иккинчи ўринга чиқди, Россия эса қурол-яроғ савдосида 7,8 фоизлик натижа билан учинчи ўринга тушиб қолди.

Қора денгизда экологик фалокат

Россиянинг Қора денгиз ҳудудида мазут тўкилгани оқибатида 4000 дан ортиқ қушлар ва дельфинлар нобуд бўлди. Керч бўғозида «Волгонефт-239» ва «Волгонефт-212» танкерлари ҳалокатга учраганидан сўнг денгизга 4000 тонна нефт маҳсулотлари оқиб чиққан.

Краснодар ўлкасида биргина март ойида 22 делфин ўлик ҳолда топилди. Экологлар сўнгги икки ой ичида 87 делфин ва 4123 қуш ҳалок бўлганини тасдиқлади. Шу билан бирга, 7815 та қушни қутқаришга муваффақ бўлинган.

Оқибатларни бартараф этиш учун 384 км узунликдаги соҳил тозаланган, 150 минг тонна ифлосланган қум ва тупроқ чиқарилган. Мазут оқиб келган ҳудудларда хавфли бензапирен моддаси аниқланган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид