Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроил Сурияга авиаҳужум уюштирди

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Суриянинг Даръа вилоятидаги ҳарбий позицияларга ҳаво зарбалари берди. Ҳужум 12-бригада жойлашган Изра шаҳри ва 89-полкнинг артиллерия баталйони жойлашган Жабаб маҳалласида амалга оширилган.

Исроил телеканали Channel 14 ҳаво зарбаларини тасдиқлаб, ҳужумда қурол-аслаҳа омборлари, радиолокация тизимлари, танклар ва артиллерия нишонга олинганини маълум қилди.

Сурияда Башар Асад режими қулаганидан сўнг, Исроил Жўлан тепаликларидаги буфер ҳудудни эгаллаб, 1974 йилги келишувни бузган. Охирги ойларда Исроил авиацияси Суриядаги ҳарбий объектларга бир неча юзлаб зарбалар берган.

Куни кеча мамлакат шимолий шарқида курдлар билан келишув имзолаган Суриянинг янги ҳукумати друзлар истиқомат қиладиган ас-Сувайда вилоятида маҳаллий етакчилар ва аҳоли билан минтақани давлат институтларига қўшиш борасида келишувга эришган.

Ҳужжатга кўра, Сувайданинг кучишлатар тизими Сурия ички ишлар вазирлиги тузилмасига интеграция қилинади.

Келишув имзолангач, Сурия друзлари вилоят маъмурияти биноси устида Суриянинг янги байроғини кўтариб, мамлакат бирлигини қўллаб-қувватлашди.

Покистонда жангарилар 450 йўловчини гаровга олди

Покистоннинг Балужистон вилоятида «Балужистон озодлик армияси» жангарилари йўловчи поездини ўққа тутиб, уни тўхтатиб қолди.

Ҳужум натижасида поезд машинисти яраланган, 450 дан ортиқ йўловчи эса гаровга олинган.

Маълумотларга кўра, жангарилар темирйўлни портлатиб, поездни Сиби туманида тўхтатиб, назоратга олган. Отишма содир бўлган жойда полиция кучлари тўпланган, яқин атрофдаги шифохоналарда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

«Балужистон озодлик армияси» 1970-йилларда ташкил топган ва Покистон, АҚШ, Буюк Британия, Евроиттифоқ ҳамда Хитойда террорчи гуруҳ сифатида тан олинган. Жангари гуруҳ томонидан минтақада бундай ҳужумлар аввал ҳам бир неча бор марта амалга оширилган.

Жиддада АҚШ ва Украина музокаралари ўтказилди