Жаҳон | 22:05 / 12.03.2025
2466
2 дақиқада ўқилади

Канада АҚШдан импорт қилинадиган 20,7 млрд долларлик товарларга бож жорий этади

Қўшимча божлар 13 мартдан кучга киради. Бу Трамп маъмурияти томонидан Канада пўлати ва алюминийсига нисбатан жорий этилган божларга жавоб ҳисобланади.

Фото: Reuters

Канада молия вазири Доминик Леблан 13 мартдан АҚШнинг 20,7 миллиард долларлик товарларига қўшимча 25 фоизли божлар жорий этилишини эълон қилди. Бу борадаги қарор Қўшма Штатлар томонидан пўлат ва алюминий импортида жорий этилган божларга жавобан қабул қилинган.

«Бугун мен Канада ҳукумати 2025 йил 13 мартдан бошлаб Қўшма Штатлардан 29,8 миллиард долларлик импорт товарларига 25 фоизли жавоб божларини жорий этишини эълон қиламан. Бу 12,6 миллиардлик пўлат маҳсулотлари ҳамда 3 миллиардлик алюминий маҳсулотларини, шунингдек, 14,2 миллиардлик [Канада долларида] АҚШдан импорт қилинадиган қўшимча товарларни ўз ичига олади», — дейди Леблан.

Канада — АҚШнинг энг йирик пўлат ва алюминий етказиб берувчиси. Доминик Леблан Трамп маъмурияти томонидан ушбу товарлар импортида 12 мартдан бошлаб жорий этилган божларни «асоссиз» деб атади.

Оттаванинг жавоб чоралари ҳақида Канада мезбонлик қилаётган G7 ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши аввалида эълон қилинди. АҚШ давлат котиби Марко Рубио савдо муносабатларини Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жоли билан муҳокама қилишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 4 март куни АҚШнинг Канада товарлари импортига 25 фоизли божлари кучга кирди. Бунга жавобан Оттава Америка товарларига ҳам шу каби божларни жорий этди. Шундан сўнг Доналд Трамп Канада маҳсулотлари учун божларни икки баробарга оширишни ваъда қилди, Жастин Трюдо эса Америка президентини савдо урушини бошлашда айблади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид