Жаҳон | 19:11 / 14.03.2025
1904
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС гаровдаги исроилликни озод этишга ва тўрт кишининг жасадини қайтаришга рози бўлди

Озод этиладиган гаровдаги шахс Идан Александр бўлиб, у Исроил Мудофаа армияси аскари ҳисобланади.

Фото: Getty images

ҲАМАС асли исроиллик бўлган АҚШ фуқароси Идан Александрни озод қилишга рози бўлди. Бу ҳақда ҲАМАС баёнотига таяниб, The Times of Israel хабар берди.

Идан Александр — Исроил Мудофаа армияси аскари. ҲАМАС 2023 йил 7 октябр куни Исроилга уюштирган ҳужуми вақтида уни гаровга олганди. Озод этилган собиқ гаровдагиларнинг сўзларига кўра, Идан Александр ерости туннелида сақланмоқда, етарлича овқатланмагани боис у озиб кетган.

ҲАМАС, шунингдек, тўрт нафар ўлдирилган гаровдагилар жасадини топширишга рози бўлган. Икки фуқаролиги бўлган ушбу шахсларнинг исмлари ошкор этилмаган.

ҲАМАС «иккинчи босқич масалалари бўйича музокараларни бошлаш ва ҳар томонлама келишувга эришишга тўлиқ тайёр эканини тасдиқлаб, Исроилни ҳам ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаришга чақирди».

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти март бошларида гаровдагиларни озод этиш бўйича ҲАМАС билан тўғридан тўғри музокараларни бошлаган эди. Давлат котиби Марко Рубио 10 март куни АҚШ президентининг гаровдагилар бўйича махсус вакили Адам Боулер ва ҲАМАС ўртасида алоқалар фақат бир мартагина бўлиб ўтгани ва ҳозирча ҳеч қандай натижа бермаганини маълум қилганди.

Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишувининг биринчи босқичи 1 март куни якунланган. Унда гаровдаги 33 нафар исроиллик 1890 нафар фаластинлик асир эвазига қайтарилди. Иккинчи босқич бўйича музокаралар эса ҳали бошланмади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид