Амалдорлар қамоқхонада, тожиклар ҳам АЭС қуради, Қозоғистонга Россия дрони қулади – Марказий Осиё ҳафта ичида
Қозоғистонда амалдорлар қамоқхоналарга экскурсияга олиб борилмоқда. Ўтган ҳафта чегара очилгач тожик савдогарлари Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги бозорларга фаол қатнамоқда. Қозоғистон ҳудудига Россия дрони келиб тушди, бу дрон Теҳрондан олинган. Тожикистон ва Туркманистон президентлари Рамазон ва Наврўз муносабати билан маҳкумларни афв этишди. Душанбе ҳам Россия билан кичик АЭС қуриши мумкин.
Амалдорлар қамоқхоналарга экскурсияга олиб борилмоқда
Қозоғистонда амалдорлар ва давлат улуши бор ташкилотлар ходимлари қамоқхоналарга экскурсияга олиб борилмоқда. Улар маҳбусларнинг камералари, тергов хоналари ва маҳкумларнинг сайр қилиш жойларини кўздан кечиришяпти. Бу ҳақда Қозоғистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги жамоатчиликка маълум қилган.
Коррупция оқибатларини акс эттирувчи “шок терапияси” кўринишидаги бундай профилактик тадбирда 2 510 нафар давлат хизматчиси иштирок этган.
Агентлик расмий вакили Биғайдаровнинг сўзларига кўра, жазони ижро этиш муассасаларига давлат органлари раҳбарлари, туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, турли босқичдаги ҳокимликлар аппарати бошқармалари ва бўлимлари раҳбарлари ҳам олиб борилган.
“Бу усуллар билан биз давлат хизматчиларини қўрқитишни мақсад қилмаганмиз. Асосий ғоя - ҳар бир давлат сектори ходими коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари ҳақида тасаввурга эга бўлиши, қонунни бузган тақдирда уни нима кутаётганини англатиш”, дейди Антикоррупция агентлиги вакили.
Россиянинг Эрондан олган дронларидан бири Қозоғистонга қулади
Россия учирган “Shahed” дрони Қозоғистонга қулади. Маҳаллий нашр Kazinform’нинг ёзишича, Ғарбий Қозоғистон вилоятида “Shahed” дронига ўхшаш учувчисиз учиш аппарати топилган.
Дрон Россия билан чегарадош Тасқалъа туманида топилган. Унинг узунлиги 300 сантиметр. Полиция департаменти ваколатли хизматлар билан ҳамкорликда ташқи кўриниши дронга ўхшаш аппарат аниқлангани юзасидан текширув ўтказмоқда.
Объект узоқ ҳудудга, аҳоли пунктларидан узоқ жойга тушган ва бутунлай сақланиб қолган, кўринадиган зарарлари йўқ. Ҳодисанинг барча тафсилотлари аниқланмоқда, дейилади полиция департаменти баёнотида.
Дрон ташқи кўринишидан Россиянинг “Shahed”ига ўхшашлигини ва ҳатто тегишли белгига эга эканини кўриш мумкин. Ҳарбий шарҳловчи Амангелди Курмет учувчисиз учиш аппарати Эроннинг “Shahed 136” дрони эканини ёзмоқда. Маълумот учун айтиш керакки, Россия мазкур дронлардан Украинага қарши ҳужумларда кенг фойдаланиб келмоқда.
Қурилманинг бир қанотига сариқ рангда “Геран” ёзуви туширилган. Мутахассис Россияга етказиб берилаётган Эроннинг “Shahed” ҳарбий дронлари “Геран” деб аталишини ҳам эслатди.
Қулаган қурилма, шубҳасиз, Эроннинг “Shahed 136” дрони. Барча характерли белгилари акс этган. Эҳтимол, у бироз ўзгартирилган бўлиши мумкин. Унинг модификациясини текшириш зарур. Лекин “Геран” бу — “Shahed 136” дрони, дейди таҳлилчилар.
Маълумотларга кўра, Эрон биринчи марта “Shahed 136” дронини 2020 йилда намойиш қилган. Бу қурилмани кўпинча “камикадзе-дрон” деб ҳам аташади. 2022 йилда Эрон ушбу дронларни Россиянинг қуролли кучларига етказиб бера бошлаган. Россия номини “Геран-2” деб ўзгартирган ва уларни Украина билан урушда мана ишлатиб келмоқда. 2023 йилдан бошлаб Москва Эрон дронларини ўз ҳудудида ишлаб чиқаришга ҳам киришди.
Чегара очилиб, савдогарлар фаоллашди
Ўтган ҳафта Тожикистон ва Қирғизистон президентлар чегара келишувига имзо чекканини хабар қилгандик. Бу ҳафтадан тожик тадбиркорлари Қирғизистон савдо пунктлари ва бозорларида пайдо бўлди. Маҳаллий қирғиз нашри “Турмуш”нинг хабар беришича, тожиклар Бoткен вилоятига серқатнов бўла бошлади. Масалан, 19 март куни Қадамжай райони Ак-Турпак қишлоғида жойлашган бозорда маҳаллий аҳоли кўплаб тожик фуқаролар ва савдогарларни учратишган.
Бу бозорда асосан гуруч ва қуритилган мевалар, хусусан, ўрик улгуржи савдода сотилади ва нархлар анча арзон. Чегара ёпилишидан аввал тожикистонликлар бу бозорга доимий келарди ва маҳсулот етказиб берарди.
Тожикистондаги Исфарин районида яшовчи Қурбанхон Ахунованинг айтишича, авваллари у бу бозорга жуда тез-тез келган. Лекин узоқ муддат давомида Қирғизистон эшиклари биз учун ёпилди, бозорлари ҳам. Ўтган ҳафта чегара очилганини бизникилар жуда яхши қабул қилди, энди мана, бозор ҳам очиқ, дейди сотувчи. У савдо энди тўхтамаслигидан умидвор. Икки президентлар кўришганда ҳам бундан буёғига ер талашмасдан савдони кучайтиришга аҳдлашган. Яқин орада Душанбе ва Бишкек ўзаро товар айланмаси ҳажмини 500 млн долларга чиқармоқчи.
Қирғиз нашрининг ёзишича, ростдан ҳам давлатдаги энг катта гуруч бозори Бoткен вилояти, Қадамжoй райони Ак-Турпак қишлоғида жойлашган. Ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари бу бозорга минтақанинг ҳар бир давлатидан сотувчи ва олувчилар келади. Ҳисоб-китоб қилинишича, ҳар куни деярли 200 тонна гуруч сотилади, нархлар ҳам улгуржи баҳода. Катта ҳисобда гуруч Ўзбекистон ва Россияга экспорт қилинади, деб ёзади маҳаллий нашр. Бозор маълумотларига кўра, кунига биргина гуруч савдосининг ўзи 19 миллион сомдан 50 миллион сомгача етади.
Раҳмон ва Бердимуҳаммедов ўз давлатида маҳкумларни афв этди
Туркманистон президенти қадр кечаси муносабати билан 321 маҳкумни афв этди. Маҳаллий туркман нашрларининг ёзишича, президент 20 март куни бу тўғрисидаги қарорга имзо чеккан. Маълум бўлишича, президент Сердар Бердимуҳаммедов ўтган йили қадр кечасида 356 нафар Туркманистон фуқаросини ҳам афв этиб, оиласи бағрига қайтарган. Ўтган 2024 йилда давлатда жами 1368 нафар маҳкум озод қилинган.
Тожикистон президенти эса Наврўз муносабати билан 897 нафар маҳкумни афв этди. У ҳам 20 март куни қарор имзолаган ва озодлик маҳрум қилинган, кичик ва ўртача оғир жиноятлар, оғир жиноятлар содир этган шахсларнинг 897 таси афв қилиниши белгиланган.
Сариқ рўмол ўраш талаби ёлғон бўлиб чиқмоқда
Туркманистондаги маҳаллий нашрлар турмушга чиқмаган қизларнинг иш жойларида сариқ рўмол ўраб юришлари мажбурий бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этмоқда. Ўтган ҳафта қатор хорижий ОАВ Туркманистонда яшовчи қизлар ва аёллар бундан кейин аниқ кийимга ҳам эга бўлиши, хусусан турмушга чиқмаган қизлар иш жойида сариқ рўмол боғлаб юриши мажбурий экани, акс ҳолда эса ишдан ҳайдалишини ёзганди. Бу ҳафта давомида эса давлат ичкарисидаги медиа буни рад қилмоқда.
Ашхобод, Лебап ва Дашоғуздаги журналистлар бундай гап йўқлигини айтган. Масалан, Лебап вилояти маданият бўлими ходими бу ҳақида аввал эшитмагани, унга ҳам янгилик бўлганини билдирган. Ашхободдаги телевидение ходими ҳам бундай топшириқ олмаганини айтган. Турмушга чиқмаганлар сариқ рўмол боғламаяпти, аксинча аввалгидек дўппи кийиб, сочини икки ўриб юради, дейди Ашхободдаги журналист. Айтилишича, Ашхободда сариқ шарф ўраб юриш мода бўлганмиш ва шу масала гап-сўзларга сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Эҳтимол, бу йил учун режалаштирилган тантанали тадбирларда бундай кийиниш коди жорий қилинар, лекин кундалик қоида сифатида эмас, фақат давлат тадбирларга тегишлидир, деган Ашхобод ҳокимлиги ходими. Kun.uz журналисти Туркманистондаги баъзи медиа вакилларига алоқага чиқаркан, улар бу мавзуда гапиришни истамасликларини, сариқ рўмол буйруғи эса борлигини айтишди.
Тожикистон ҳам Россия билан кичкина АЭС қуриши мумкин
Тожикистон Россиянинг кам қувватли атом электр станциясини қуриш таклифини ўрганмоқда. Бу ҳақида “Росатом” раҳбари Алексей Лихачевга таяниб “ТАСС” хабар берди.
“Дўстларимиз ихчам тоғ-кон лойиҳалари манфаати йўлида паст қувват билан боғлиқ таклифимизни ўрганмоқда. Айнан мана – 40-50 мегаватт уларни қизиқтирмоқда. Тўғриси, бу музокараларнинг дастлабки босқичи, деб айтган бўлардим”, деган “Росатом” раҳбари.
Алексей Лихачевнинг қўшимча қилишича, Россия ва Тожикистон бир неча йиллардан буён экологик лойиҳалар бўйича фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда – бу СССРнинг уран лойиҳалари меросини йўқ қилиш, конлар ва бойитиш иншоотларини мелиоратив ҳолатини яхшилашни ҳам ўз ичига олади.
2023 йилда Росатом Тожикистон билан республикада катта ёки кичик қувватли атом электр станциясини қуриш масаласини муҳокама қилишга тайёрлиги ҳақида хабар берилган эди .
Афғон болалари оғир меҳнат қилишга мажбур
Афғонистондаги иқтисодий қийинчиликлар давлатда ёш болаларнинг оғир меҳнатга жалб қилинишини кўпайтирмоқда. Одамлар “Толибон”дан уларга таълим олиш ва оилаларини қўллаб-қувватлаш имконини кутганди, бироқ вазият ундан баттар. Маҳаллий афғон нашри – Tolo news’га кўра, Кобулдаги болалар оғир меҳнат билан шуғулланишда давом этмоқда. Шундай жойлардан бири бу автомобил таъмирлаш устахоналари бўлиб, ёш болалар оғир асбоблар орасида ишлайди.
Оиласи рўзғорини тебратиш учун тонгдан кечгача ишлаётган Билол ва Усмон ана шундай таъмирлаш устахоналаридан бирига ишга жойлашди.
“Иқтисодий муаммоларимиз бор. Ҳукуматдан бизга ёрдам беришини ва таълим олишимизга имкон сўраймиз” дейди Билол.
“Эрталаб соат 8 да мактабга бораман. Дарсдан кейин ишлагани дўконга қайтаман ва уйга нимадир олиб кетаман. Кунига 100 афғон пул топаман, дейди Усмон.
Билол ва Усмон каби кўплаб болалар афсуски, оғир меҳнат билан машғул.
“Оғир меҳнатнинг болаларга жиддий психологик таъсиридан бири шундаки, уларда ташвиш пайдо бўлади, бу эса охир-оқибат зўравонликка олиб келади”, - дейди университет олими Навидадулла Данишёр.
Меҳнат ва ижтимоий ишлар вазирлиги матбуот котиби Самиулла Иброҳимийга кўра, бу болаларнинг аксарияти оғир меҳнат билан аввалдан шуғулланган, аммо улар вазирлик сиёсати ва шартларига кўра болалар уйларига жойлаштирилмоқда.
Мамлакатнинг кўплаб ҳудудларидаги қашшоқлик ва ишсизлик болаларни оғир меҳнатга мажбурлашнинг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда.
Тавсия этамиз
“Контрактга кирсанг ўқита олмаймиз дейишган” – oрзулар йўлида стереотипларни енгиб ўтган навоийлик қиз ҳикояси
Жамият | 20:50 / 25.03.2025
АЭСда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг нархи қанча бўлади?
Ўзбекистон | 18:04 / 25.03.2025
ЖЧ-2026 саралаши: Эронга қарши ўйин олдидан
Спорт | 15:16 / 25.03.2025
Киевга яна зарба берилди. Қурбонлар бор
Жаҳон | 13:57 / 23.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Дубайда қийин аҳволда қолган аёллар Ўзбекистонга қайтарилди
Жамият | 11:03
-
Ҳусийчилар Қизил денгизда АҚШ ҳарбий кемаларига зарба берилганини маълум қилди
Жаҳон | 10:49
-
Варшава университетида ўзбек тилини ўқитиш тизими жорий этилади
Ўзбекистон | 10:24
-
Қозоғистонда илк ғалаба, Норвегия Исроилга 4 та гол урди. Европада кун ўйинлари
Спорт | 10:15
Мавзуга оид

11:43 / 16.03.2025
Чегара можаросига нуқта, Wizz air'дан норози туркман ва Душанбеда совет аскари стелласи – Марказий Осиё ҳафта ичида

12:00 / 09.03.2025
Норози туркман деҳқонлари, Тожикистонда кузатувчиларсиз сайлов, аэропортдаги қаҳрамонлик ва “свет”сиз Кобул – Марказий Осиё ҳафта ичида

12:43 / 02.03.2025
Қозоғистонда ҳашамат солиғи, Афғонистонда қиммат интернет ва Туркманистонда тақчил ёғ - Марказий Осиё ҳафта ичида

15:30 / 23.02.2025