Қамалда қолган ғазоликлар, қамоққа олинган Имомўғли ва коинотдаги жангни синаётган Хитой — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
ҲАМАС қуролсизланиш талабини рад этди
ҲАМАС вакили Ҳусам Бадран АҚШ махсус вакили Стив Уиткоффнинг қуролсизланиш ҳақидаги чақирувини «бемаънилик» деб атади ва ҳаракат Исроил босқини тугамагунча қаршиликдан воз кечмаслигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, фаластинликлар қуролли қаршиликка халқаро ҳуқуқлар доирасида ҳақли ҳисобланади. «Қаршилик — бу Фаластин халқи қуроли. Бу қурол — оккупацияга қарши туриш воситаси», — деди Бадран.
ҲАМАС Ғазодаги оташкесим ва асирлар алмашинуви бўйича музокаралар давом этаётганини тасдиқлади. Ҳаракат вакили Абдуллатиф ал-Кануга кўра, музокаралар АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф ҳамда бошқа воситачилар орқали олиб борилмоқда.
Ал-Кануга кўра, келишувга асосий тўсиқ — Бинямин Нетаняҳу. Унинг фикрича, Исроил бош вазири ўз ҳокимиятини сақлаб қолишни инсонлар ҳаётидан устун қўяди.
АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стивен Уиткофф аввалроқ ҲАМАСни радикал деб ҳисобламаслигини, аммо унинг Ғазо сиёсатида қатнашиши фақат тўлиқ қуролсизланишдан кейингина мумкинлигини айтганди.
ҲАМАС эса Ғазо бошқарувида иштирок этиш нияти йўқлигини билдириб, миллий келишув асосида ташкил этиладиган жамоатчилик қўмитасини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Уиткофф шунингдек, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу жамоатчилик фикрига қарши ҳаракат қилаётгани, мамлакат фуқаролари уруш эмас, асирларнинг озод этилишини устувор деб билаётганини қайд этган.
Бу орада Ғазодаги қурбонлар сони 50 мингдан ошгани хабар қилинди. Уларнинг 18 мингга яқини ёш болалар. Шунингдек, 12 минг 365 нафар аёллар ҳалок бўлган.
50 минг фаластинлик қамалда қолди
Исроил армиясининг Рафаҳ шаҳрига йўллаган янги ҳужумлари оқибатида 50 мингдан ортиқ тинч фуқаро қамал шароитида қолди. Бу ҳақда «ҲАМАС» ҳаракати расмий баёнот берди.
Маълумотга кўра, ҳужумлар Тел ас-Султон, Саудия ва ал-Бераксат маҳаллаларига қаратилган. Ҳаводан ва артиллериядан бомба ёғдирилгани сабаб юз минглаб одамлар хавфли вазиятда қолган. Шунингдек, Исроил кучлари Хон Юнус жанубидаги ал-Мавасий лагерини ҳам нишонга олган. У ерда кўчирилган аҳоли, шифокорлар ва тез ёрдам жамоалари жойлашган эди.
«ҲАМАС» бу ҳаракатларни тинч аҳолига қарши қилинган жиноят сифатида баҳолаб, халқаро қонунлар ва инсонпарварлик нормаларининг қўпол бузилганини таъкидламоқда.
Имомўғли қамалди, мухолифат оёққа қалқди
Истанбул суди шаҳар мэри Акром Имомўғлини коррупция иши бўйича қамоққа олишга қарор қилди. Суд жараёни якунлангунича у ҳибсда қолади.
Бу қарор Туркия бўйлаб тарқалаётган норозилик намойишлари фонида қабул қилинди. 19 мартдан бери давом этаётган намойишларда 300 дан ортиқ киши қўлга олинди. Анқара мэри бу ҳолатни «суд тизими учун шармандалик», деб атади.
Имомўғли мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси етакчиларидан бири бўлиб, у 2028 йили бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанга асосий рақиб сифатида кўрилаётган эди. У 2019 ва 2024 йилларда Истанбул мэри этиб сайланган.
Имомўғлининг олий маълумот дипломи ҳам бекор қилинди. Энди Туркия қонунлари сайловда қатнашиш учун олий маълумот тўғрисидаги дипломни ҳам шарт қилиб қўяди.
Туркиянинг кўплаб шаҳарларида Имомўғлининг ҳибсга олиниши ва қамоққа жўнатилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Намойишчилар “Биз Мустафо Камолнинг фарзандларимиз» деган шиорни баралла айтишмоқда.
Истанбул шаҳар ҳокими Акрам Имомўғли ҳибсда эканига қарамай, у Туркиянинг асосий мухолифат партияси — Жумҳурият хал партияси (СНР)нинг эҳтимолий навбатдан ташқари президентлик сайловларида иштирок этиш учун номзод кўрсатиш бўйича ўтказилган праймеризида деярли 15 миллион овоз тўплади ва ЖХПнинг ягона номзоди этиб белгиланди. Бу ҳақда партия раҳбари Ўзгур Ўзал маълум қилди.
Ўзгур Ўзал бугундан бошлаб барча йирик шаҳарларнинг бош майдонларида мухолифат тўпланишини ҳам эълон қилди.
Кремл музокаралар «осон кечмаслиги»ни айтмоқда
Кремл Украина билан тинчлик музокаралари «жуда осон кечмайди» деб ҳисобламоқда. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, урушни якунлаш музокаралари эндигина бошланган ва «жуда кўп мураккаб жиҳатлар» бор.
Бу баёнот Саудия Арабистонида Россия, Украина ва АҚШ вакиллари ўртасида ўтказиладиган музокаралар арафасида янгради. Ушбу учрашувлар Доналд Трамп ташаббуси билан ташкил этилмоқда.
Bloomberg хабарига кўра, Саудиядаги учрашувларда АҚШ, Россия ва Украина вакиллари энергетика объектларига зарбаларни 30 кунга тўхтатиш ва Қора денгиздаги ҳарбий ҳаракатларни чеклаш юзасидан техник келишувларни муҳокама қилмоқда.
Путин эса АҚШ ва Украинанинг 30 кунлик тўлиқ оташкесим таклифини рад этган, фақат энергетика объектларига ҳужумларни тўхтатишни маъқуллаган.
Песковга кўра, музокараларда асосий эътибор 2023 йилда тўхтаган Қора денгиз дон келишувини тиклаш масаласига қаратилади. Москва бу келишувдан Ғарбнинг санкцияларни бекор қилмаслиги сабаб чиққанини билдирган эди.
Вашингтонда Россиянинг талаблари ҳали жуда қаттиқ экани, шу жумладан Украинага қурол етказиб беришни тўхтатиш шарт қилингани қайд этилмоқда. Бироқ АҚШ ҳозирча Киевга ёрдамни чеклашга рози эмас.
Бу орада Ар-Риёдда Украина делегациясининг АҚШ билан музокаралари якунланди. Украина мудофаа вазири Рустем Умеровнинг сўзларига кўра, сермаҳсул мулоқот бўлиб ўтган. Томонлар энергетика дохил асосий масалаларни муҳокама қилишган. Шунингдек Украина делегацияси Ар-Риёдда Россия делегацияси билан учрашмаслиги ҳам маълум қилинмоқда. Энди бугун Ар-Риёдда Россия ва АҚШ музокаралари бўлиб ўтади.
Bloomberg манбаларига кўра, токи Украинада оташкесимга эришилмас экан, Путин ва Трампнинг учрашуви амалга ошмаслиги мумкин. Агар бунга эришилса, Пасха куни икки етакчи учрашуви учун эҳтимолий сана сифатида кўрилмоқда.
Трамп 500 минг муҳожирни мақомидан маҳрум қилмоқда
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Куба, Ҳаити, Никарагуа ва Венесуэладан келган 530 минг муҳожирнинг вақтинчалик ҳуқуқий мақомини 24 апрелдан бекор қилади. Бу Байден даврида жорий этилган «парол» дастурининг муддатидан аввал тўхтатилиши ҳисобланади.
Мазкур мақом муҳожирларга ҳаво орқали АҚШга кириб келиш ва ҳомийлар ёрдамида АҚШда муқим бўлиш ҳуқуқини берган эди. Трамп бу дастурни федерал қонунларга зид деб баҳолаб, бекор қилишга фармон берган.
Қарорга кўра, мақомдан маҳрум этилганлар тезкор депортация тартибига тушиши мумкин. Ушбу чора АҚШ-Мексика чегарасида ноқонуний киришларни чеклашга қаратилган.
Ҳозирда ушбу муҳожирларнинг қанчаси мамлакатда қолиш учун қонуний асосга эга экани аниқ эмас.
Россияда айрим мигрантлар патентсиз ишлай олади
Россия президенти Владимир Путин имзолаган янги фармонга кўра, айрим чет эл фуқаролари патент олмасдан ишлаш ҳуқуқига эга бўлади. Бунинг учун улар бармоқ излари орқали идентификациядан ўтиши ва махсус тиббий кўрикдан ўтиб, гиёҳвандлик, хавфли касалликлар, жумладан, ОИТВ йўқлигини тасдиқлаши шарт.
Янги тартибга мувофиқ, Россия ИИВ органларида дактилоскопиядан ўтган ва шифокорлар хулосасини олган фуқаролар патент ёки иш рухсатномасисиз меҳнат фаолиятини амалга оширишлари мумкин бўлади.
Россияда бу вақтгача визасиз давлатлардан келган мигрантлар бир касб ва бир минтақа учун алоҳида патент олиши талаб қилинган. Янги фармон бундай талабни енгиллаштиради.
Аввалроқ мигрантларга Москва ва Санкт-Петербургда битта патент билан ишлаш имкони берилиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди.
Хитой космик жангларни синамоқда
АҚШ генерали Майкл Гетлейнга кўра, Хитой сунъий йўлдошлар ўртасида кечадиган жангга ўхшаш манёврларни амалга оширмоқда. Бу манёврлар АҚШнинг космик соҳадаги устунлигига жиддий таҳдид солмоқда.
Гетлейн маълум қилишича, 2024 йилда хитойлик Shiyan-24 ва Shijian-6 05A/B сунъий йўлдошлари бир-бирига яқинлашиб, ҳамоҳанг ҳаракат қилган. Бу АҚШ томонидан орбитадаги «космик жанглар» симуляцияси сифатида баҳоланди.
Мутaxассислар фикрича, бундай технологиялар душман сунъий йўлдошларини ишдан чиқариш, сигналларни бузиш ва ҳарбий алоқаларни тўсишда қўлланиши мумкин. Генерал Гетлейн Хитой ва Россия лазер билан кўр қилиш, сигналларни сўндириш ва сунъий йўлдошларни орбитадан ўғирлаш қобилиятига эга эканини билдирди.
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази таҳлилчилари бу ҳаракатларни қарши сунъий йўлдошли қуролларини синаш билан боғлиқ деб ҳисобламоқда. Бироқ бу синовлар тинч мақсадлар — техник хизмат ёки фотосуратга олиш учун ўтказилаётгани ҳам эҳтимолдан холи эмаслиги қўшимча қилинмоқда.
Тавсия этамиз
“Контрактга кирсанг ўқита олмаймиз дейишган” – oрзулар йўлида стереотипларни енгиб ўтган навоийлик қиз ҳикояси
Жамият | 20:50 / 25.03.2025
АЭСда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг нархи қанча бўлади?
Ўзбекистон | 18:04 / 25.03.2025
ЖЧ-2026 саралаши: Эронга қарши ўйин олдидан
Спорт | 15:16 / 25.03.2025
Киевга яна зарба берилди. Қурбонлар бор
Жаҳон | 13:57 / 23.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
«ПСЖ» эгалари яна бир клубни сотиб олмоқчи
Спорт | 01:40
-
The Atlantic Трамп жамоасининг Яманга ҳужумни муҳокама қилган чатига оид янги скриншотларни эълон қилди
Жаҳон | 00:46
-
Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас Ўзбекистонга келади
Жаҳон | 23:50 / 26.03.2025
-
Аляскада самолёт музлаган кўл устига қулади. Унинг ичида бўлган оила 12 соатдан кейин қутқарилди
Жаҳон | 23:36 / 26.03.2025
Мавзуга оид

13:05 / 26.03.2025
ҲАМАСга яна таҳдид қилган Исроил, Ар-Риёддаги музокаралар якуни ва еттинчи муддатига киришган Лукашенко — кун дайжести

14:07 / 25.03.2025
Хавфли фазага кираётган Ғазо, 4 областни талаб қилаётган Россия ва мигрантлар учун энг қора йил — кун дайжести

13:15 / 20.03.2025
Ғазодаги қирғиндан шокка тушган БМТ, таслим бўлмаётган ҳусийчилар ва ҳибсга олинган Истанбул мэри — кун дайжести

13:12 / 19.03.2025