Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият «хавфли фаза»га ўтди

Ғазо ҳукумати Исроилнинг 23 кунлик қамали туфайли эксклав «хавфли фаза»га кирганини эълон қилди. Исроил ҳар куни 600 дан ортиқ юк машинаси ва 50 та ёнилғи автоцистернасини киритмасдан, ёрдамни чеклаяпти.

Расмий баёнотда бу ҳаракатлар «тизимли жиноятлар» сифатида баҳоланди. Новвойхоналар ёпиляпти, ун тугаяпти, касалхоналарда эса дори-дармон ҳам, ёқилғи ҳам қолмаяпти.

Қамал туфайли юзлаб шифокор ва жарроҳлар Ғазога киритилмаяпти. Бу эса минглаб беморларнинг ҳаётини хавф остига қўяди.

Январда тузилган оташкесим марта ойида бузилганди. Шундан бери 670 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, асосан аёллар, болалар ва қариялар.

Исроил томонидан Ғазода ўлдирилган журналистлар сони эса 208 нафарга етди. Бу ҳақда Ғазо ҳукумати қошидаги медиа-офис баёнотида маълум қилинди.

Баёнотга кўра, яқинда Исроил ҳарбийларининг навбатдаги қурбони фаластинлик журналист Ҳусам Шаббат бўлди.

Саудиядаги музокаралар қандай ўтди?

24 март куни Саудия Арабистонида АҚШ ва Россия расмийлари учрашиб, 12 соат давом этган музокаралар чоғида Украина бўйича янги келишув лойиҳасини муҳокама қилди. Reuters агентлигига кўра, музокараларда асосий эътибор Қора денгиздаги отишмаларни тўхтатишга қаратилган. Бу биринчи босқичдаги локал сулҳ бўлиб, кейинчалик кенг қамровли келишувга ўтиш учун пойдевор бўлиши мумкин.

Америкаликлар фикрича, Қора денгизда денгиз йўллари ва дон экспорт хавфсизлигини таъминлаш орқали умумий кескинликни пасайтириш мумкин.

Кремл музокараларга очиқ эканини билдирди. Эътиборли жиҳати — бу келишувлар Украина иштирокисиз ўтмоқда. АҚШ делегацияси Киев билан кейинроқ алоҳида учрашув ўтказишни режалаштирган.

АҚШ Миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Майк Уолтцнинг айтишича, музокараларда фақат Қора денгиз эмас, балки Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий «назорат чизиғи», ўзаро ишонч чоралари ва тинчликни сақлаш механизмлари ҳам муҳокама қилинмоқда.

Яна бир муҳим масала — Россияга олиб кетилган украиналик болалар тақдири. АҚШ уларни қайтаришни ишонч чораси сифатида кўрмоқда.